Интеллектуал мулкни ишончли тарзда ҳуқуқий ҳимоя қилиш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал фаолияти натижасида яратилган мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш зарур.
Интеллектуал мулкнинг таъсирчан ҳуқуқий механизмлар билан ҳимоя қилинишини таъминлаш ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун қонунчиликни такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш заруриятини ҳам юзага келтирмоқда.
Шу мақсадда “Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.
Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонун билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Ҳусусан, қонунчиликка интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун ҳуқуқ эгасининг талабига кўра ҳуқуқбузар томонидан товон тўлаш тартиб-таомили жорий этилишини назарда тутувчи меъёр киритилмоқда.
Жумладан, патент эгаси ўзининг мутлақ ҳуқуқини бузган ҳолда саноат мулки объектидан фойдаланаётган шахсдан зарарларнинг қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилиши мумкин.
Бунда, товон зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусиятидан ва патент эгасининг мутлақ ҳуқуқини бузган ҳолда саноат мулки объектидан фойдаланаётган шахснинг айби даражасидан келиб чиқиб, иш муомаласи одатлари ҳисобга олинган ҳолда тўланади. Товон миқдори тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки суд томонидан белгиланади.
Қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси сифатини оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, интеллектуал мулкнинг ҳимоя қилинишини кучайтириш ва рақамли муҳитда ижодий фаолиятга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмлари тизимини шакллантиришга замин яратилади.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 21.06.2024
- Кўришлар: 1513
- Чоп этиш