Маълумки, болалар ўз ҳуқуқи билан туғиладилар, биз – катталар уларга таълим беришимиз, соғлигини сақлашимиз, оилада яшашини таъминлашимиз шарт. Шу боис ҳар бир давлатда келажак эгаларининг ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш устувор вазифа саналади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам айни масала доимий эътиборда. Айни йўналишда ҳукуматимиз ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида кўплаб самарали лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Хусусан, БМТ Халқаро болалар жамғармаси – UNICEF юртимизда болалар ҳаётини яхшилаш, энг кам таъминланган қатламга алоҳида эътибор қаратиш бўйича иш олиб боради.
Аввал хабар берганимиздек, UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига Реҳина Кастижио янги раҳбар этиб тайинланди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири Кастижио хоним билан суҳбатлашди.
– Ассалому алайкум, Кастижио хоним! Ўзбекистонда иш бошлаганингиздан мамнунмиз ва сизга омад, соғлик тилаймиз!
Келишингиздан олдин бизнинг мамлакат ҳақида қандай тасаввурга эга эдингиз ва келганингиздан кейин бу таассурот ўзгардими?
– Ростини айтсам, мамлакатингиз тўғрисидаги тасаввурим қадимий Ипак йўли, ажойиб шаҳарлар – Самарқанд ва Бухоро, Қизилқум чўлидан тортиб, гўзал Фарғона водийсигача чўзилган ранг-баранг манзаралардан иборат эди. Ўзбекистон ҳақида муайян маълумот ва статистикадан ҳам хабардорман, чунки UNICEFдаги фаолиятим доирасида Европа ва Марказий Осиё минтақасида анча вақт ишлаганман.
Мен учун кутилмаган жиҳат эса ўзбек халқининг чексиз меҳмондўстлиги. Шу пайтгача саккиз давлатда ишладим. Барчасида илиқ кутиб олишган, бироқ Ўзбекистондаги меҳмоннавозликнинг ўхшаши йўқ. Назаримда, бу фазилат фақат сизларга хос. Одамлар сизни қучоқ очиб кутиб олишади ва агар бунга очиқ кўнгил билан жавоб берсангиз, эътибор икки карра ошади! Мен айнан шундай муносабатга интиламан.
Тошкентнинг кенг, мусаффо кўчалари, гўзаллиги мени ўзига жалб қилди. Дунёнинг кўп жойлари хатарли ва мен ушбу хавфсиз шаҳарда яшаётганимдан бахтиёрман. Сочим қоралиги, испан аждодларимдан мерос – буғдой ранглигим сабаб, мени кўпинча ўзбек, деб ўйлашади. Шу боисданми, бу юртда ўзимни уйимдагидек ҳис қиламан!
– Ўзбекистонда болалар ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?
– Таъкидлашим жоиз, Бола ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция Ўзбекистон томонидан мустақилликнинг илк йилларидаёқ ратификация қилинган БМТ конвенцияларидан бири. Ҳукумат барча болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мажбуриятини олган ва бу вазифа бажарилаётганига гувоҳмиз. UNICEF республикада соғлиқни сақлаш, таълим, болалар ҳимояси ва ижтимоий муҳофазаси соҳаларида амалга оширилган мисли кўрилмаган ислоҳотларни юксак баҳолайди. Бу заминда миллионлаб ўғил-қизлар, айниқса энг заиф қатлам манфаати йўлида аниқ натижаларга эришилган.
Ҳукуматнинг болалар учун янада яхши келажак яратиш борасидаги қатъияти ва минтақадаги етакчилиги, ислоҳотларнинг жадал суръати менда жуда илиқ таассурот қолдирди. Болалар омбудсмани тўғрисидаги қонун кучга киргани, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилгани, сўнгги йилларда қонунчиликка оиладаги зўравонликка қарши самарали чоралар киритилаётгани фикримга яққол мисол.
– UNICEF болалар манфаати йўлида қайси соҳаларда Ўзбекистон ҳукуматига кўмак беряпти? Бу борадаги ютуқлар, келажак режалари билан ўртоқлашсангиз.
– Бу йил Ўзбекистонда UNICEF ваколатхонаси очилганига 30 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида миллий ҳамкорлар, БМТ агентликлари ва ривожланиш ташкилотлари, шунингдек ҳамжамият ва ёшлар билан бирга тегишли давлат дастурларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашяпмиз. Энг илғор халқаро тажриба билан ўртоқлашамиз, сиёсат борасида далилларга асосланган тавсиялар бериб борамиз. Ресурслар жалб қиламиз ва болалар ҳаётига ижобий ўзгариш киритадиган дастурларни илгари сурамиз.
Сўнгги икки йил ичида UNICEF 15 миллиондан ортиқ одамни, яъни аҳолининг 42 фоизини соғлиқни сақлаш билан боғлиқ энг муҳим хизматлар билан қамраб олди. 2021 йилдан бери Ўзбекистондаги болалар соғлиғини сақлашга қаратилган дастурлар учун 25 миллион доллар сармоя киритди.
1990-2022 йиллар оралиғида ҳукумат билан бирга олиб борилган саъй-ҳаракат натижасида мамлакатда болалар ўлими 75 фоиз камайди.
Маълумки, UNICEF ҳаётни сақлайдиган вакциналарни глобал миқёсда энг йирик етказиб берувчи ҳисобланади. Миллий эмлаш дастурини қўллаб-қувватлаш мақсадида республикага ҳар йили 28 миллион вакцина етказиб берилади. Вакцинани харид қилиш ва сифатли сақлашни таъминлайдиган совуқлик занжири яхшиланиши натижасида 2022 йил 4 миллион нафар беш ёшгача бола ва миллионга яқин бир ёшгача бўлган гўдак эмланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда 700 минг янги туғилган чақалоққа перинатал ёрдам кўрсатиш яхшиланди. Шу тариқа минглаб болакайлар ҳаёти сақлаб қолинди.
– Кастижио хоним, UNICEF фаолиятида муҳим ўрин эгаллайдиган таълим ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги ҳамкорлик мавзусига ҳам тўхталсангиз.
Мамлакатда маҳаллий таълим гуруҳини мувофиқлаштирувчи агентлик вазифасини бажарадиган UNICEF 2023-2026 йиллар учун соҳани ислоҳ қилишга қаратилган йўл харитасини ишлаб чиқишга ёрдам берди. Бу жараёнда инфратузилмани янгилаш, ўқув дастурларини ислоҳ қилиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, таълим тизимини бошқариш бўйича устувор йўналишларни аниқлаш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда ривожланиш бўйича ташкилотлар билан ишлаймиз.
Ҳамкорлигимиз самараси ўлароқ, Ўзбекистон мактабгача таълим билан қамраб олишда дунё миқёсида энг жадал ўсиш суръатини намоён этди. Ҳозир мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ)га болаларни қамраб олиш даражаси 70 фоиздан ошди. Айни жараён мослашувчан ва инновацион муқобил эрта болалик таълимини жорий этиш, ўқув юртларида тегишли кадрларни тайёрлаш ва ишлаётган ходимлар малакасини оширишни кўзда тутади. Эндиликда барча вилоятларда МТТ педагогларини тайёрлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилган.
Шу кунларда ногирон болалар сифатли таълим олиш имконини берувчи инклюзив таълимни моделлаштириш ва рақамли таълимни қўллаб-қувватлашда ҳам ҳукумат билан бирга иш олиб боряпмиз. Масалан, “Giga” ташаббуси барча 10 132 давлат мактабининг аниқ жойлашуви, интернетга уланиш ҳолатини аниқлаш имконини берди. Бу лойиҳа очиқ манбада зарур маълумотни йиғиш ва визуализация қилишнинг илк намунасидир. Ҳозир мактабларнинг аксарияти юқори тезликдаги интернетга уланган.
Яқинда UNICEF ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги сунъий интеллектга асосланган “Eduten” рақамли математика платформасидан фойдаланиш натижасини тақдим этди. Бу синов лойиҳаси математика бўйича кўникмани ўртача 16,9 фоиз яхшилади, таълим самарадорлигини сезиларли даражада оширди. Тизимдан фойдаланган ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси ушбу платформадан фойдаланмаган тенгдошларига нисбатан юқори эканлиги кузатилди.
Айни пайт Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан болаларни ҳимоя қилиш хизматини мувофиқлаштириш, профессионал ижтимоий иш тизимини йўлга қўйиш, психологик-ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, хавф гуруҳидаги болалар учун хизматни такомиллаштириш бўйича яқин ҳамкорлик қиляпмиз.
UNICEF болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини янада яхшилаш учун Ўзбекистон ҳукуматига техник ёрдам кўрсатади. Келажакдаги устувор вазифаларимиздан бири болаларни зўравонликнинг ҳар қандай шаклидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишда ҳукуматни қўллаб-қувватлашдир. Болаларни ҳимоя қилиш дастуримиз зўравонликни аниқлаш ва бундай салбий ҳолатга жавоб бериш, зўравонликдан жабрланганларга мувофиқлаштирилган кўп тармоқли ёрдам хизматини кўрсатиш учун ижтимоий ишчи, психолог, адлия тизими ходими каби мутахассислар салоҳиятини оширишга қаратилган.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича тўлиқ рақамлаштирилган бошқарув ахборот тизими ишлаб чиқилгани яна бир муҳим, умумий ютуғимиз. Бунинг учун UNICEF Ижтимоий ҳимоя ягона реестрини синовдан ўтказиш ва миллий даражада жорий этишни қўллаб-қувватлади. Натижада Ўзбекистон ҳукумати кам таъминланган оилаларни аниқлайдиган ва қўллаб-қувватлайдиган асосий воситага эга бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, UNICEF ваколатхонаси раҳбари, болалар масалалари бўйича эксперт ва мутахассис сифатида Ўзбекистонда эртанги кун эгалари манфаатини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолайман.
Мен ҳеч бир болани эътибордан четда қолдирмаслик учун ҳукумат, ҳамкор ташкилотлар ва ўзбек халқи билан ҳамжиҳат ишлашга доим тайёрман. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ота-она қарамоғидан маҳрум, ногирон, сифатли таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва бошқа муҳим хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлмаган чекка ҳудудлардаги ўғил-қизлар, шунингдек мамлакатнинг асосий бойлиги – ёшлар билан ишлашни истайман.
Ҳеч бир мамлакатда бирор ташкилот болалар ҳаётини мустақил яхшилай олмайди. Табийки, мен ҳам UNICEF жамоаси билан бирга болалар фаровонлиги йўлида барқарор натижаларни таъминлаш учун ҳамкорликни давом эттириш ва янада кучайтиришга ҳисса қўшиш ниятидаман.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова суҳбатлашди.
- Қўшилди: 21.06.2024
- Кўришлар: 1531
- Чоп этиш