24 октябрь куни Нурафшон шаҳрида “Сайлов қонунчилиги тарғиботида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва масъулияти” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Халқаро матбуот маркази Тошкент вилояти бўлими биносида ташкил этилган ушбу тадбирда туман, шаҳар газеталари бош муҳаррирлари, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этди.
Жорий йил 22 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар тобора яқинлашмоқда. “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар!” умумшиори остида ўтадиган муҳим сиёсий кампанияга тайёргарлик айни авжида.
Бу жараёнда аҳолининг ҳуқуқий маданияти, хусусан, сайлов қонунчилигидан ҳабардорлигини ошириш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори билан мамлакатимизда 20 октябрдан – 20 ноябрга қадар “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” ўтказилмоқда.
Сайловларда очиқлик ва ошкоралик принципларининг тўлақонли амалда бўлишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Шу сабабли тадбирда тегишли сайлов комиссиялари ўз фаолиятларида оммавий ахборот воситалари хизмати ва кўмагига катта умид ва ишонч билдириши таъкидланди.
Семинарда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девонининг етакчи мутахассиси М. Абидов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили М. Усмонов, Тошкент давлат юридик университети профессори Ҳ.Муҳаммедов ва бошқалар Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайловолди тарғиботи жараёнини тенглик ва ошкоралик тамойиллари асосида олиб бориш, бунда журналистларнинг масъулияти масалалари бўйича тушунчалар беришди.
Семинар якунида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишди.
Маълумот учун: Халқаро матбуот маркази Тошкент вилояти бўлими хабарига қараганда, сайловга доир материаллар “Тошкент” телеканали ва радиосида, “Тошкент ҳақиқати” ва “Ташкентская правда” газеталари, шунингдек, тармоқ нашрлари, шаҳар, туман ҳокимликлари муассислигидаги нашрлар, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Тошкент вилояти мухбирлик бўлими, маҳаллий интернет сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда мунтазам ёритиб борилмоқда.
Хусусан, айни кунгача босма нашрларда – 84 та, “Тошкент” телеканалида 12 та, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда 200 дан ортиқ материаллар эълон қилинган. Сайлов жараёнини янада кенг ёритиш бўйича ОАВ вакиллари ва блогерлар билан фаол иш олиб борилмоқда.
Яна бир муҳим маълумот: Тошкент вилояти оммавий ахборот воситалари ва марказий нашрларнинг ҳудудий мухбирлик бўлимларида фаолият юритаётган журналистларни вилоят сайлов комиссиясида аккредитациядан ўтказиш бошланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.10.2019
- Кўришлар: 5501
- Чоп этиш