Самарқандда БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенсияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси иш бошлади

 

2023 йилнинг 13–17 ноябрь кунлари “Силк Road Samarkand” конгресс марказида БМТ Конвенцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси бўлиб ўтмоқда.

Тадбирда 196 мамлакат ва Европа Иттифоқидан 500 га яқин делегатлар, фуқаролик жамияти ва илмий доиралар вакиллари иштирок этмоқда. Улар Конвенциянинг стратегик мақсадларига эришиш йўлидаги тараққиётни кўриб чиқадилар. UNCCD имзоланганидан бери биринчи марта унинг энг муҳим йиғилишларидан бири Марказий Осиёда ўтказилмоқда.

CRIC-21 иштирокчилари БМТнинг 2018–2030 йилларга мўлжалланган стратегиясига мувофиқ ер деградациясининг олдини олиш бўйича глобал мақсадларга эришиш бўйича тараққиётни кўриб чиқиш ва тавсиялар бериш имкониятига эга бўлади.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик сўзи ўқиб эшиттирилди.

“Олий форум кун тартибидан замонамизнинг иқлим муаммоларига биргаликда қарши туриш ва чўлланишга қарши курашда кенг халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга оид ҳаётий муҳим масалалар ўрин олган. Таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси иқлим ўзгаришининг салбий таъсири ва улар келтириб чиқарадиган ижтимоий, экологик муаммоларнинг оғир оқибатларини тўлиқ ҳис қилмоқда.

Бугун биз бир авлоднинг кўз ўнгида йўқ бўлиб бораётган Орол денгизи глобал ҳалокатининг оғир оқибатларига қарши курашяпмиз. Бу таҳдидларнинг барчаси ва бошқа кўплаб омиллар нафақат минтақамизда, балки бутун дунёда аҳоли фаровонлиги ва саломатлигига бевосита таъсир кўрсатмоқда, бу эса Барқарор ривожланишнинг асосий мақсадларига эришиш йўлида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тақозо этмоқда.

Ўзбекистоннинг жорий сессия якунларига кўра қум ва чанг бўронлари бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш ташаббуси халқаро экспертлар ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланишига ишонаман.

Ишончим комилки, мазкур кўп томонлама ҳужжат ана шундай жиддий экологик муаммолардан эрта огоҳлантириш ва самарали курашишга қаратилган умумий саъй-ҳаракатларимизга муҳим ҳисса бўлиб, илмий алмашинувни кенгайтиради, янги техник кўмак дастурлари ва мақсадли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Тадбирнинг 1-куни доирасида, 13 ноябрь куни биринчи ялпи мажлис бошланди, унда CRIC-21 раиси, UNCCD ижрочи котиби Иброҳим Тиау, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоэва ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов нутқ сўзлади.

“Дунё бўйлаб биз кузатаётган қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари ва жазирама тўлқинлар бир-бири билан боғлиқ бўлган иқлим ва табиат инқирозларининг аломатларидир. 2015 йилдан бери тахминан 4 миллион квадрат км соғлом ва унумдор ерлар - тахминан Ўрта Осиё ҳажмига тенг майдон йўқолган. 2030 йилга бориб ердан фойдаланиш бўйича глобал мақсадларга эришиш учун ернинг кейинги деградациясини зудлик билан тўхтатишимиз ва камида 1 миллиард гектар майдонни тиклашимиз керак”, — деди БМТнинг чўлланишга қарши кураш бўйича конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиау.

Ушбу йиғилиш жуда муҳим вақтда бўлиб ўтмоқда, чунки UNCCD томонидан тақдим этилган сўнгги маълумотлар шуни кўрсатадики, дунёдаги соғлом ва унумдор ерларнинг йиллик йўқотилиши тахминан 100 миллион гектарни ташкил қилади. Мавжуд тенденциялар давом этса, 2030 йилга бориб дунёда ер деградациясининг нейтраллигига эришиш учун 1,5 миллиард гектар майдонни тиклаш керак бўлади. Бироқ, қўшимча таназзулни тўхтатиш ва мавжуд мажбуриятларнинг бажарилишини тезлаштириш белгиланган мақсадлардан ошиб кетиши мумкин.

“Дунё уч томонлама глобал инқироз билан курашаётган бир пайтда ерга бўлган муносабатларимизни қайта кўриб чиқиш долзарб масаладир. Ерларимизни соғлом сақлаш иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизда устувор вазифа бўлиши керак.

CRIC-21 кўргазмасининг Ўзбекистонда ўтказилиши бежиз эмас, чунки у ер деградациясининг барча салбий оқибатларини — қурғоқчилик, қум ва чанг бўронларидан тортиб қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги ва биологик хилма-хилликни йўқотишгача бошдан кечираётган энг заиф мамлакатлардан бири мисолидир.

Асрлар давомида ўзбеклар анъанавий равишда деҳқончилик билан шуғулланиб келган, шу боис ер тарихда энг муҳим тирикчилик манбаи ҳисобланган. Бинобарин, бу муҳим тирикчилик манбаини жиддий таҳдид остида кўриш хавотир уйғотади ва аниқ чора-тадбирлар кўриш зарурлигидан далолат беради.

Иқлим ўзгариши ва инсон фаолияти туфайли кўплаб муаммоларга дуч келсак-да, биз уларни ер ва умуман табиат билан муносабатларимизни чинакам қайта кўриб чиқиш имконияти сифатида кўрамиз. Атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришлари кун тартиби Ўзбекистон ҳукуматининг энг муҳим стратегик устувор йўналишларидан бири эканлигини мамнуният билан маълум қилмоқчиман. Биз ер деградациясининг нейтраллигига эришишга интиламиз ва бу борада дастлабки натижаларни кўряпмиз”, — деди Азиз Абдуҳакимов.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Осиё минтақаси ва МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб 1995 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган эди.

 

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech