Самарқандда “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусига бағишланган Осиё хотин-қизлар форуми давом этмоқда.
Унда халқаро ташкилотлар вакиллари, Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукуматлари раҳбарлари, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари раҳбарлари, маҳаллий давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида БMT Бош котиби ўринбосари, “БМТ-Аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус мазкур анжуманни ўтказиш ташаббускори бўлган Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган тадбир юксак савияда ташкил этилганини таъкидлади.
– Биз бугун жуда мураккаб бир даврда яшаяпмиз, – деди Сима Сами Бахус. – Дунёда содир бўлаётган турли хил инқирозлар, иқлим ўзгаришларидан биринчи навбатда аёллар ва болалар азият чекмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозир шу каби таъсирлар ва камбағаллик 158 миллион нафар хотин-қиз ҳаётини издан чиқарган. Иқлим ўзгаришлари ва ҳар хил қарама-қаршиликлар ўз навбатида гендер тенглик масаласига таъсир кўрсатмоқда. Айни пайтда дунёда ҳар учинчи аёл уйда, жамоат жойларида, ишхонасида ёки медиа майдонда тазйиқ ва зўравонликка учрамоқда. Айрим давлат ва жамиятларда ҳамон қарорлар қабул қилишда хотин-қизлар иштироки жуда кам кузатилади. Ишлаётган аёллар ҳам эркакларга нисбатан 20 фоиз кам маош олади. Шунингдек, уларнинг иш шароити, ижтимоий муҳофазаси, меҳнат қилиш ҳуқуқларининг кафолатлари ҳам талабга жавоб бермайди. Бу, айниқса, дунё миқёсида норасмий иқтисодиётда банд бўлган 60 фоиз аёллар ҳаётига бевосита салбий таъсир кўрсатмоқда. Ваҳоланки, уйда ва жамиятда ҳақ тўланмайдиган ишларнинг 75 фоизи аёллар зиммасига тушади. Биз келгуси йилда аёллар ва эркаклар учун тенг шароитларни назарда тутувчи Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг ўттиз йиллигини нишонлаймиз. Шунингдек, БМТ Аёллар ҳолати бўйича комиссиянинг (CСW) 69-сессиясини ўтказамиз ва унда асосий эътибор гендер тенгликка эришишни тезлаштириш ва камбағалликни бартараф этиш орқали хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилади.
Самарқанд форуми ана шу муҳим тадбирларга ҳозирлик кўриш ва унда муҳокама этиладиган йўналишларни белгилаб олишда тарихий аҳамият касб этмоқда.
– Осиё хотин-қизлар форумининг юртимизда ўтказилиши бежиз эмас, – дейди Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихонов. – Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббуси замирида юртимизда кейинги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, амалий ишлар мужассам. Буни халқаро форумда иштирок этаётган нуфузли ташкилотлар раҳбарлари, хорижий давлатлар вакиллари эътироф этмоқда. Бугун давлат бошқарувини оласизми ёки жамият ҳаётининг бошқа соҳалари бўладими, барчасида аёлларимиз фаол иштирок этмоқда. Шу билан бирга энг қуйи бўғиндан, оила ва маҳалладан бошлаб хотин-қизларнинг ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллаларда дастлаб “Темир дафтар”, сўнгра “Аёллар дафтари”нинг жорий этилиши, маҳалла фуқаролар йиғинида хотин-қизлар фаолининг фаолият олиб бориши бунга ёрқин далил бўла олади. Яна бир мисол, Президентимизнинг шу йил 9 февралда қабул қилинган фармони билан тасдиқланган Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурда ҳудудда 120 минг иш ўрни яратиш белгиланган. Ана шу иш ўринларининг қирқ фоизи аёллар учун ташкил этилиши кўзда тутилгани ҳам хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали уларнинг оила ва жамиятда ўз муносиб ўрнини топишига имконият яратади.
– Аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш борасида бугун мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди “Адолат” социал-демократик партияси марказий кенгаши раиси Робахон Маҳмудова. – Бунинг натижасида парламент ва маҳаллий Кенгашларда депутат аёллар сони кўпайди. Раҳбарлик лавозимларидаги хотин-қизлар сафи ҳам бугун анча кенгайиб қолди. Бизнинг партиямиз мисолида айтадиган бўлсам, 800 минг нафардан ортиқ аъзоимизнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. “Адолат”чи аёл 100 аёлга ҳимоячи” деб номланган лойиҳамиз асосида партиямизнинг фаол аёллари, депутатлар ўз ҳудудларида яшаётган ёки ижтимоий оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам бериб келмоқда. Шунингдек, партиямиз дастур ва мақсадларида ҳам хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш устувор йўналишлардан ҳисобланади. Осиё хотин-қизлар форумида хорижий давлатлардаги сиёсатчи аёллар, парламентлар вакиллари билан бу борада фикр ва ўзаро тажриба алмашяпмиз.
Форум панел сессияларда ўз ишини давом эттирмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 14.05.2024
- Кўришлар: 1404
- Чоп этиш