Муносабат
Кейинги йилларда Самарқанд нафақат геосиёсий, балки экологик мулоқотлар марказига ҳам айланмоқда. Шаҳарнинг тарихий-символик юзи, транспорт инфратузилмаси ва нуфузли тадбирларга мезбонлик тажрибаси уни глобал тадбирлар учун муҳим жойга айлантирмоқда.
Хусусан, 4-5 апрель кунлари Самарқанд шаҳри яна бир муҳим глобал тадбир – Иқлим ўзгаришига бағишланган халқаро Самарқанд форумига мезбонлик қилмоқда. Ушбу форум нафақат экологик муаммоларни муҳокама қилиш, балки уларга жавобан аниқ ечимлар, сиёсий ва иқтисодий стратегияларни белгилашга қаратилган халқаро платформа сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Сабаби, бугунги кунда иқлим ўзгариши инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бирига айланган. Шу боис, бу форум нафақат долзарб, балки стратегик аҳамиятга ҳам эга. Айтиш мумкинки, Самарқанд форуми Марказий Осиёдаги экологик муаммолар, иқлим ўзгариши оқибатлари ва уларга қарши курашиш бўйича минтақавий ва глобал мулоқотларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Марказий Осиё жаҳондаги сув танқислиги муаммоларига дуч келган ва экологияси заифлашган минтақалардан бири саналади. Орол фожиаси, қурғоқчилик, ҳаво ифлосланиши, чўлланиш булар кўз ўнгимизда содир бўлаётган воқеликлардир. Форум орқали бу муаммолар ҳақида фақат гапирибгина қолмасдан, уларга жаҳон жамоатчилигининг эътиборини қаратиш ва амалий молиявий ва технологик ёрдам жалб қилиш мумкин бўлади.
Боиси, форумда дунё миқёсидаги экологлар, сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, ОАВ ва фаоллар иштирок этади. Форум доирасида юқорида таъкидланганидек, минтақада иқлим ўзгаришининг таъсирлари, сув ресурслари ва Орол денгизи муаммоси, “яшил энергетика” ва углерод нейтраллиги, қишлоқ хўжалигида мослашув стратегиялари ҳамда транспорт ва шаҳарсозликда экологик ёндашувлар каби масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Шу боис, форумнинг Ўзбекистондаги экологик муаммоларни ҳал қилишдаги ўрни юқори. Чунки, форум доирасидаги мулоқотлар якунида соҳада қабул қилинаётган давлат стратегиялари учун халқаро грантлар олиш имконияти кенгаяди. Сабаби, форумда иштирок этаётган халқаро ташкилотлар жумладан, БМТ, Европа Иттифоқи, БРИКС, Жаҳон банки, GCF (Green Climate Fund) кабилар экологик лойиҳаларни молиялаштирувчи асосий манбалар ҳисобланади.
Қолаверса, форум академик доиралар, талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун ҳам янги имкониятлар эшиги очилишига хизмат қилади. Хусусан, Erasmus+, Horizon Europe каби дастурлар орқали талабалар ва олимлар учун қўшимча имкониятлар яратилади. Бу эса, иқлим фанини ривожлантириш, инновация ва стартаплар учун катта имконият демакдир.
Хулоса қилиб айтганда, Самарқанд иқлим форуми бу нафақат экология масалаларини муҳокама қилиш майдони, балки Ўзбекистоннинг халқаро сиёсатдаги экосиёсий позициясини кўрсатувчи муҳим қадамдир. Ушбу тадбир орқали мамлакатимиз глобал иқлим сиёсатининг фаол иштирокчисига айланиши ҳамда янги лойиҳалар, маблағлар ва шерикларга эга бўлади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА
- Қўшилди: 04.04.2025
- Кўришлар: 449
- Чоп этиш