Саудия Арабистонининг инглиз тилидаги етакчи газетаси — "Arab News"да Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Ариповнинг Саудия Арабистонининг "Gulf Research Center" тадқиқот маркази директори Абдулазиз Сагер билан ҳаммуаллифликдаги "Марказий Осиё ва КАДҲК: тарихий алоқалардан стратегик шериклик сари" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.
Мақолада Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (КАДҲК) мамлакатлари ўртасидаги жадал ривожланаётган муносабатлар атрофлича таҳлил қилиниб, икки минтақа ўртасидаги стратегик шериклик истиқболлари белгилаб берилган.
"2023 йил 19 июлда Жиддада бўлиб ўтган Марказий Осиё ва КАДҲК давлатлари раҳбарларининг биринчи тарихий саммити бу жараёндаги бурилиш нуқтаси бўлиб, ушбу саммит узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик учун пойдевор яратди," — дея таъкидлайди муаллифлар.
Ушбу мулоқотнинг иккинчи саммити 2025 йил май ойида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилмоқда. Саммит ўтказилиши учун Самарқанднинг танлангани "шаҳарнинг сивилизатсиялар чорраҳаси сифатидаги тарихий аҳамиятини кўрсатади ва минтақалар ўртасидаги анъанавий алоқаларнинг қайта тикланишини англатади".
Мақолада таъкидланишича, Марказий Осиё ва КАДҲК мамлакатларининг иқтисодий имкониятлари, сиёсий мулоқотнинг чуқурлашуви, маданий-тарихий алоқаларга бўлган ўзаро қизиқиш ва қулай геостратегик жойлашув билан уйғунлашиб, ушбу ҳамкорлик форматининг стратегик аҳамиятини янада оширмоқда.
Муаллифларнинг қайд этишича, сўнгги йилларда КАДҲК мамлакатларининг Марказий Осиёга киритаётган инвеститсиялари умумий ҳажми барқарор ўсиш суръатини кўрсатиб, 2022 йилдан бошлаб қарийб уч баробарга ошган.
Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, туризм соҳасида сезиларли ютуқларга эришилди: Марказий Осиё КАДҲК давлатлари сайёҳлари учун жозибадор маконга айланмоқда. Масалан, 2023 йилда Ўзбекистонга КАДҲК минтақасидан 8,3 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2024 йилда келиб 12 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган (2023-йилга нисбатан 44,5 фоизга ўсиш). Энг катта ўсиш Саудия Арабистони (71%) ва БАА (51%) дан кузатилди.
Муаллифлар кўп томонлама келишувлар орқали савдони кенгайтириш, транспорт лойиҳаларини (шу жумладан Трансафғон йўлагини) амалга ошириш, инфратузилма ва юқори технологияларга инвеститсияларни жалб қилиш, агросаноат мажмуасини ривожлантириш, шунингдек, рақамли трансформатсия каби ҳамкорликнинг салоҳияти ҳали тўлиқ очилмаган истиқболли йўналишларига ҳам алоҳида эътибор қаратадилар.
Етакчи таҳлил марказлари раҳбарларининг фикрига кўра, илмий-интеллектуал ҳамкорликни мустаҳкамлаш яна бир муҳим йўналиш ҳисобланади. Муаллифларнинг таъкидлашича, икки минтақанинг илмий-тадқиқот институтлари ва таҳлил марказлари ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашда алоҳида аҳамият касб этиши лозим.
Шу муносабат билан яқинда Тошкентда (Ўзбекистон) "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш: тарихий алоқалардан кенг қамровли ҳамкорлик сари" мавзусида Марказий Осиё мамлакатлари ва КАДҲК таҳлил марказларининг биринчи форумини ўтказиш режалаштирилмоқда. Унда икки минтақанинг етакчи "ақл марказлари" иштирок этиш истагини билдирган.
Биринчи минтақалараро форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Саудиянинг етакчи тадқиқот маркази "Гулф Ресеарч Cентер" томонидан ташкил этилмоқда.
"Умуман олганда, Марказий Осиё ва КАДҲК давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик реал стратегик истиқболларни очади. Бирлаштирувчи омил сифатида нафақат маданий-тарихий яқинлик, балки иқтисодиётларнинг бир-бирини тўлдирувчи хусусиятини ҳам қайд этишимиз мумкин," – дея хулоса қилади Элдор Арипов ва Абдулазиз Сагер.
ЎзА
- Қўшилди: 28.04.2025
- Кўришлар: 116
- Чоп этиш