Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 11-моддасига мувофиқ сайлов комиссиялари тизимига қуйидагилар киради:
- Марказий сайлов комиссияси;
- Ҳудудий сайлов комиссиялари;
- Туман ва шаҳар сайлов комиссиялари;
- халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари;
- участка сайлов комиссиялари.
Халқимизнинг иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор нормалар ўз аксини топган, жумладан, эндиликда:
1) вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари ўрнига ҳудудий сайлов комиссиялари тузилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини тузиш тартибидан воз кечилди ҳамда уларнинг вазифалари ҳудудий сайлов комиссияларига юклатилди, яъни округ сайлов комиссиялари фақатгина халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича тузилади;
2) сайлов комиссияларининг профессионал тарзда иш олиб боришини таъминлаш мақсадида ҳудудий сайлов комиссияларининг уч нафаргача бўлган аъзоси доимий фаолият юритади;
3) ҳудудий сайлов комиссиялари Марказий сайлов комиссияси томонидан, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари эса ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан тузилади (илгари улар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тузилар эди).
Шунингдек, округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари ҳам ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан тузилади.
Сайлов кодексига 2021 йилда киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари сайловини ўтказиш бўйича ҳам округ сайлов комиссияларини тузиш амалиёти бекор қилинган ва уларнинг вазифаларини бажариш тегишли туман, шаҳар сайлов комиссиялари зиммасига юклатилган эди.
4) Сайлов округларини тузишга оид қоидалар такомиллаштирилди. Сайлов кодексида маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун тузиладиган сайлов округлари сонининг энг юқори миқдори белгиланган бўлиб, округлар сонининг аниқ миқдори кўрсатилмаган эди.
Бугунги кунда Сайлов кодексида маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун сайлов округлари тегишли депутатлик ўринларига тенг миқдорда тузилиши, депутатлик ўринлари сони эса аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда аниқ белгилаб қўйилди, сайловчилар рўйхатининг долзарблиги ва аниқлигини доимий равишда таъминлаш мақсадида сайлов округлари ва участкалари ҳар 5 йилда бир марта тузилиши белгиланди.
Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади. Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш сайлов комиссияси томонидан коллегиал тарзда амалга оширилади. Сайлов комиссиялари ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга оширади.
Шу сабабли, сайлов комиссиясининг мажлисларида сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ҳозир бўлиши мумкин.
Сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат органларига ҳамда жамоат бирлашмаларининг органларига, корхоналарга, муассасаларга, ташкилотларга, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, улар қўйилган масалани кўпи билан 3 кунлик муддатда кўриб чиқиши ва сайлов комиссиясига жавоб қайтариши шарт.
М.Турдалиева, А.Аҳмедов ЎзА
- Қўшилди: 24.09.2024
- Кўришлар: 1007
- Чоп этиш