Маълумки, жорий йилнинг 26 июль куни Марказий сайлов комиссияси мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови жорий йилнинг 27 октябрида “Менинг танловим – обод Ватан!” шиори остида ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Сайловлар биринчи марта мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказилади. Янги шартлар ва имкониятлар остида ўтказиладиган бу йилги сайловларда нодавлат нотижорат ташкилотлари Ўзбекистонда замонавий фуқаролик жамиятини шакллантириш, демократияни қарор топтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнайди.
Шундай экан, бу йилги сайловлар жараёнида нафақат сиёсий партиялар ва масъул давлат органларининг вакиллари, балки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳам бевосита фаол иштирок этишлари, жамоатчилик назорати ҳуқуқидан самарали фойдаланишлари учун етарли норматив-ҳуқуқий асослар мавжуд.
Сайлов кодексида халқаро норма ва стандартларга мос равишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоат бирлашмаларининг сайловлардаги иштироки аниқ белгилаб берилган.
Жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларига жамоат бирлашмалари ва ташкилотларининг вакиллари таклиф этилади. Жамоат бирлашмалари ўз аъзоларининг хоҳиш-иродаларини эркин билдириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси йиғилишларида иштирок этишини сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги сифатида эътироф этиш мумкин.
Шу билан бирга, участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан кўрсатилишини давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишдаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигига мисол сифатида айтиш мумкин.
Мазкур кодексга асосан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин. Бугун мамлакатимизда демократик институт сифатида шаклланган маҳалла институти вакиллари муддатидан олдин овоз бериш, овоз бериш куни сайлов участкасининг очилиш ва сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш жараёнларини кузатиб бориши мумкинлиги миллий демократик институтнинг ўрнини янада оширади.
Шунингдек, ННТлар сайловолди ташвиқот ишларида, овоз бериш, сайлов натижаларини ҳисоблашда бевосита иштирок этиш ҳуқуқи орқали сайлов жараёнининг ҳар бир босқичида самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконияти яратилади. Шу сабабли мамлакатимизда сайлов жараёнларини ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларини амалга оширишда ННТлар энг муҳим ўрин эгаллайди.
ННТлар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга ошириб, сайлов участкасида ушбу кодекснинг талаблари бузилишига йўл қўйилган, деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, тегишли сайлов комиссиясига маълум қилиш лозим ҳисобланади.
Шунингдек, кодексга кўра, Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибига давлат органлари қатори фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам жалб этилиши мумкин.
Юқоридагиларнинг барчаси нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан сайлов жараёнлари устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ва сайловларда фаол иштирок этиши орқали мамлакатимизда давлат бошқарувида очиқлик ва ошкораликни янада мустаҳкамланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтиш керакки, аввалги сайловларда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, ННТлар бирмунча фаол иштирок этди.
Шунингдек, Ногиронлар ассоциацияси томонидан ўтган йили “Депутатлар мактаби” ташкил этилди. Республикамиз бўйлаб 30 нафар имконияти чекланган фуқаролар сайловларда ўз номзодини илгари суриш учун махсус йўналишларда 3 ой давомида ўқитилди.
Бу йилги сайловларда ҳам Ногиронлар ассоциацияси ва Ногиронлар жамияти сайлов участкасида имконияти чекланганларга етарли шароитлар яратилганлиги юзасидан жамоатчилик мониторингини амалга оширмоқда.
Булар бежиз эмас. Сабаби, 2021 йили Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилди. Ушбу Конвенцияда сиёсий ва ижтимоий ҳаётда имконияти чекланган фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари қўйилган. Қолаверса, миллий сайлов тизимимизга инклюзивлик мезони киритилган, шулардан келиб чиқиб, юртимиздаги сиёсий жараёнларда барча учун тенг шароит яратишга катта эътибор қаратилмоқда ва бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаол иштирок этяпти.
27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига аъзо ННТлардан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 21 нафар номзод, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши, вилоятлар Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлигига 73 нафар ва Туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига 132 нафар номзод илгари сурилган. Шундан 93 нафари аёл, 133 нафари эркак, жами 226 та номзод мазкур сайловда ўз номзодларини қўйган.
Номзодларнинг 48 нафари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясига, 50 нафари Ўзбекистон Халқ демократик партиясига, 41 нафари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига, 45 нафари Ўзбекистон “Экологик” партиясига ва 42 нафари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясига тўғри келади.
Алоҳида қайд этмоқчиманки, бу йилги мазмунан янги ва технологик сайловлар очиқ, шаффоф ва юқори савияда ўтиши учун ЎзННТМА ва унинг икки мингдан ортиқ аъзо нодавлат нотижорат ташкилотлари фаол иштирок этади.
Камолиддин Эшонхўжаев,
ЎзННТМА Кенгаши раиси.
- Қўшилди: 24.10.2024
- Кўришлар: 815
- Чоп этиш