“Халқаро минбар” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони – ирландиялик давлат ва сиёсат арбоби Саймон Харрис. У 1986 йил 17 октябрда туғилган.
2016 йилдан бошлаб ҳукуматда вазир, 2020 йил июнь ойидан буён қўшимча ва олий таълим, тадқиқот, инновация ва фан вазири, 2022-2023 йиллари адлия вазири лавозимида ишлаган. 2024 йил март ойидан Ирландия Республикаси либерал-консерватив сиёсий партияси – “Фине Гэл” раҳбари ва Бош вазири.
Ирландия, Арманистон, Словения, Испания ва Норвегия томонидан Фаластиннинг тан олиниши икки давлат модели концепциясига янги ҳаёт бахш этди.
Ирландия Бош вазири Саймон Харриснинг фикрича, фақат шу вариант Исроил ва Фаластин ўртасида барқарор тинчликка умид беради.
“Хўш, нима учун Фаластинни тан олиш керак?” деган саволга Харрис шундай жавоб берган:
– Бошқалар муросани бузишга ҳаракат қилаётган бир пайтда биз муаммо ечими йўлида умид, орзу ва жадалликни сақлаб қолишимиз керак. Ирландия Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликка эришиш йўли икки давлат моделидан ўтади, деб ҳисоблайди. Акс ҳола тинчликка эришиш қийин. Мамлакатимиз айнан шу ғоя сиёсий жараённинг муҳим қисмига айланишини истайди. Бундай ёндашув дастлаб ҳукуматимиз дастурида жамланган мақсадлар рўйхатига ҳам киритилган эди. Биз абадий кута олмаймиз: Осло келишувидан кейин кўп вақт ўтди. Икки давлат ечимининг аҳамияти ҳақида гапиришимиз керак, чунки фақат шу йўл Исроил ва Фаластин халқи ҳамда бутун минтақа муносиб бўлган барқарорликни, тинчликни кафолатлайди. Биз европалик ҳамкасбларимиз билан фаол ҳамкорлик қилиб, Норвегия ва Испания билан келишиб иш олиб бордик. Келгуси ҳафталарда бошқа Европа давлатлари ҳам Фаластинни тан олишини кутаман.
Нетаньяху ҳукумати икки давлат ечимини амалга ошириш тарафдори, деб ўйламайман. Бу мавзуда турли хилфикрларни эшитганмиз. Ўтган йиллар давомида бир қарорга келиш зарурлиги ҳақида кенг консенсус мавжуд эди. Афсуски, сўнгги ойларда, Ғазода тасаввур қилиб бўлмайдиган гуманитар фалокат рўй бераётган бир пайтда ягона умидни сўндиришга уриниш ҳолатини тез-тез кўряпмиз. Шунинг учун Фаластинда ҳам, Исроилда ҳам мўътадил овозларни қўллаб-қувватлаш жуда муҳим.Зеро, ҳозир Ирландия ва бошқа давлатлар Фаластинни тан олиш орқали нимани кўзлаётгани ҳақида жуда кўп нохолис риторика мавжуд.
Биз террордан нафратланамиз. Бундай ташкилотлар Фаластин келажаги учун ҳеч нарса бермайди. Ирландлар террор ташкилоти, асосан, айрим одамларни шахс сифатида ўз измига бўйсундириши нимани англатишини яхши билади. ХАМАС Фаластин эмас ва биз орасидаги фарқни тушунамиз. Исроилни, ушбу давлатнинг тинчлиги, хавфсизлиги, яшаш ҳуқуқини тўлиқ тан оламиз. Бу ҳақда тўғридан-тўғри гапириш мутлақо нормал ҳолат. Бинобарин, Фаластин ҳам тинч, хавфсиз яшаши зарурлигини тан олиш тўғри бўларди. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган нафрат, қасос, ўлим, изтироб ва қўрқув даврини тўхтатишга ҳаракат қилишимиз керак. Мақсадга икки давлат тан олинган сиёсий тинчлик жараёни орқали етиш мумкин.
Мен бирор давлатнинг муайян масала бўйича фикр билдириш ҳуқуқини тан оламан. Ирландия нуқтаи назарида халқаро суд тузилмалари, хусусан Халқаро суд ва Халқаро жиноий суд мустақиллигини ҳурмат қилиш жуда муҳим. Бундай тузилмалар хизматини тан оламиз. Яқин кунлар, ҳафталар ёки ойларда қабул қилинадиган суд қарорлари мустақиллиги борасида эса ҳозирча ҳеч қандай изоҳ беришни хоҳламайман.
Энг муҳими, ҳаммамиз халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқи томонида бўлишимиз лозим. Ирландиянинг нуқтаи назари шундай. Афсуски, бизнинг қарашимиз кўпинча, тасодифанми ё атайлабми, нотўғри талқин қилинади.
Гап Исроил ёки Фаластинни эмас, халқаро ҳуқуқ, инсон ҳуқуқи ва тинчликни ёқлашда. Ҳозир Ғазода содир бўлаётган воқеаларни эса тасаввур қилиб бўлмайди.
Ҳуқуқий даражада, Ирландиядаги Фаластин миссияси охир-оқибат элчихона мақомини олиш учун ариза топшириши, Рамаллоҳдаги бизнинг миссиямиз ҳам шундай қилиши мумкин. Бу шунчаки позиция эмас, балки сиёсий ва маънавий етакчиликни қўллаб-қувватлаш. Қолаверса, айни шундай имкониятни кўриб чиқаётган Европа Иттифоқи мамлакатларига бу ишни амалга ошириш мумкинлиги тўғрисидаги сигналдир.
Эслатиб ўтамиз, 1988 йил мустақиллигини эълон қилган Фаластин Яқин Шарқдаги қисман тан олинган давлат. Ўтган давр мобайнида 148 мамлакат Фаластинни алоҳида давлат сифатида тан олган.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА
- Қўшилди: 15.07.2024
- Кўришлар: 1171
- Чоп этиш