Автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмагани сабабли 2023 йилда жами 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган.
Содир этилган 9 минг 839 йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 9 минг 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 минг 282 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Энг ачинарлиси, 2023 йилда болалар билан боғлиқ 1 минг 794 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1 минг 568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган.
Жорий йилнинг 5 ойи давомида эса 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳати олган.
Бу Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилди.
Мазкур масала юзасидан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари ҳамда Бош прокуратура ва Ҳисоб палатаси масъул раҳбар ходимларининг ахборотлари эшитилди.
Қўмита томонидан мазкур соҳада қонунчиликка риоя қилиниши ҳолати, аҳоли билан мулоқотлар, уларнинг мурожаатлари, тегишли қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили асосида ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, кейинги йилларда мамлакатимизда автомобиль йўллари инфратузилмаси комплекс такомиллаштирилиб, йўлларда ҳаракатни бошқариш тизими рақамлаштирилмоқда.
Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлаш, йўллар носозлиги оқибатида содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида 2023 йилда республика бўйича қарийб 8 мингта объектда умумий қиймати 13,5 триллион сўмлик қурилиш ишлари олиб борилган.
Бу каби кенг кўламдаги чоралар натижасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш самарадорлиги ортмоқда. Жорий йилнинг 5 ойи давомида мамлакатимиздаги умумий йўл-транспорт ҳодисалари сони 7,2 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар 8,7 фоизга камайишига эришилган.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, уларнинг 57 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ҳамда 43 фоизи ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида содир этилгани маълум бўлди. Ҳодисаларнинг 53,7 фоизи пиёда ва велосипедчилар билан боғлиқ ҳолатлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Шу билан бирга, қайд этилган йўналишда муайян камчиликлар, ўз ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ҳам мавжуд.
Бундан ташқари, умумий ўрта таълим мактабларининг 9 минг 548 таси транспорт қатнови кўп ҳудудларда жойлашган ва аксарият мактаблар олдида пиёдалар учун йўлаклар мавжуд эмас, тегишли светофорлар ўрнатилмаган.
2024 йил 1 январь ҳолатига республикадаги жами 209,3 минг км автомобиль йўлларининг 56,1 минг км қисми ёки 27 фоизи таъмирталаб ҳолатда.
2023 йил ва 2024 йилнинг 5 ой давомида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг масъул ходимлари томонидан йўл инфратузилмаси билан боғлиқ қарийб 11 минг камчилик аниқланган бўлиб, уларни бартараф этиш юзасидан автомобиль йўллари эгаларига жами 5,5 минг ёзма кўрсатма ва тақдимнома киритилган.
Жорий йилнинг 5 ойида эса мамлакат бўйича содир бўлган умумий йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ҳар 100 минг аҳолига 7,2 тани ташкил этган бир пайтда ушбу салбий кўрсаткич Тошкент шаҳрида 12,8, Тошкент вилоятида 12,2, Наманган вилоятида 9,1 тага ва Фарғона вилоятида 8,4 тага етган.
Ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоғи Самарқанд, Тошкент (80 тадан), Фарғона (69 та), Қашқадарё ва Сурхондарё (53 тадан) вилоятларида ҳамон юқорилигича қолмоқда.
Мажлисда автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш зарурлиги таъкидланди. Юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклифлар акс этган қўмита қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 26.06.2024
- Кўришлар: 1558
- Чоп этиш