Куни кеча БМТнинг инсон ҳуқуқларига бағишланган тадбирларида иштирок этаётган парламент вакиллари билан онлайн форматда учрашув бўлиб ўтди.
Парламентлараро иттифоқ (ПИ) ташаббуси билан ташкил этилган учрашувда Мексика, Саудия Арабистони, Грузия, Покистон, Ўзбекистон парламентлари вакиллари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар иштирок этди.
Тадбирда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича делегацияларида иштирок этиш тажрибаси ва механизмлари, БМТнинг Универсал даврий ҳисоботи (УДҲ)га тайёргарлик кўришнинг самарали стратегияларига оид масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тавсия ва мажбуриятларни амалга оширишда парламентларнинг роли кўриб чиқилди.
Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Гулнора Маруфова мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, жумладан, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, юртимизда гендер тенгликка эришиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди. Жумладан, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар доирасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига фаол интеграциялашуви кузатилаётгани барча Ўзбекистон аҳолиси учун қулай турмуш шароитини яратишга қаратилган демократик ислоҳотларни амалга оширишда муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидлади.
Интерактив мунозарада инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташаббуслар билан боғлиқ стратегиялар ва тажрибалар фаол муҳокама қилинди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган ушбу ташаббусларда парламент аъзоларининг фаол иштирок этиши муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунлари бўйича иштирокчилар инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва халқаро ҳуқуқ тизимини қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТ органлари ва бошқа халқаро шериклар билан келгусида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 25.06.2024
- Кўришлар: 1440
- Чоп этиш