Шарқда илм-фаннинг илк “йўл харитаси”ни тузган аллома

Тарих саҳнасида баъзи шахслар шундай чуқур из қолдирадики, уларнинг номига қўшиб айтиладиган унвонларнинг ўзи бутун бир даврнинг илмий-маънавий юксалишидан дарак беради.

Жаҳон илм-фани Аристотелни “Биринчи муаллим” деб тан олган бўлса, орадан минг йилдан зиёд вақт ўтиб, Турон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккир Абу Наср Форобийнинг “Иккинчи муаллим” деган шарафли номга сазовор бўлишида катта рамзий маъно мужассам. Бу шунчаки юксак эҳтиром ифодаси эмас, балки бутун бир тамаддуннинг ақлий етакчилигини эътироф этиш белгисидир. Кўпчилик бу унвонни Форобийнинг қадимги юнон донишмандлари, хусусан, Аристотел асарларини шарҳлаб, тарғиб қилгани учун берилган деб ҳисоблайди. Бироқ бу фикр улкан айсбергнинг фақат сув устидаги қисми, холос. “Иккинчи муаллим” унвони замирида бунданда чуқурроқ ва салмоқлироқ сабаблар ётади.

Форобийнинг буюк хизмати шундаки, у фақатгина юнон илмий меросини ўзлаштириб, уни шарқ оламига танитган таржимон ёки шарҳловчи бўлиб қолмади. У, энг аввало, антик давр билимларининг пойдевори устида мутлақо янги, янада мукаммал ва тизимлашган илм-фан биносини бунёд этган буюк “меъмор” эди. Фалсафа фанлари доктори Музаффар Хайруллаев таъкидлаганидек, Форобий ўз даврида маълум бўлган деярли барча билим соҳаларини қамраб олган 160 дан ортиқ рисола яратди. Унинг даҳоси, биринчи навбатда, мавжуд билимларни тартибга солишга, уларнинг ҳар бирининг ўрнини, вазифасини ва ўзаро алоқасини аниқлашга қаратилганида намоён бўлади. Унинг “Илмларнинг келиб чиқиши ҳақида” ва “Илмларнинг таснифи ҳақида” каби асарлари бунинг яққол далилидир. Ушбу рисолаларда олим ўша даврнинг 30 га яқин фан соҳасини муайян тартибда жойлаштириб, уларнинг таърифи ва тафсилотини берган. Бу, ўз моҳиятига кўра, Шарқ олами учун илм-фаннинг илк “йўл харитаси”, ўзига хос “университет дастури” эди.

Форобий таклиф қилган таснифот ўз даври учун инқилобий аҳамиятга эга эди. У фанларни бешта йирик гуруҳга ажратади: 1) Тил ҳақидаги илм (грамматика, поэтика ва бошқалар); 2) Мантиқ (тушунча, муҳокама, хулоса); 3) Математика (арифметика, геометрия, оптика, мусиқа, механика ва ҳоказо); 4) Табиий ва илоҳий илмлар (физика ва метафизика); 5) Сиёсат илми, ҳуқуқшунослик ва калом (теология). Эътиборли жиҳати шундаки, диний-назарий билим бўлмиш калом илми мутафаккир томонидан таснифнинг охирига, фуқаролик фанлари қаторига жойлаштирилган. Ҳолбуки, мутакаллимлар каломни борлиқни билишнинг универсал методи деб ҳисобларди. Форобий эса бу билан ақлий ва табиий билимларнинг ўрни муҳимроқ эканига ишора қилган. Унинг учун ҳар бир фан борлиқнинг муайян бир жиҳатини ўрганиши, яъни объектив ҳақиқатни акс эттириши керак эди.

Айнан мана шу тизимли ёндашув Форобийни “Иккинчи муаллим” деган номга ҳақли ворис қилди. Аристотель антик дунё билимларини тизимга солган бўлса, Форобий ўрта асрлар илм-фанининг пароканда ва турли манбалардан кириб келаётган оқимларини ягона, мантиқий изчилликка эга дарёга бирлаштирди. Араб олими Ибн Қифтийнинг ёзишича, Форобий мантиқ илмини ўрганишни осонлаштирган, унинг “қийин жойларини ойдинлаштирган, кўпчиликка номаълум бўлган яширин сирларини очган”. Унинг асарлари бутун Шарқ учун асрлар давомида илм-фан дарслиги вазифасини ўтади. Ундан кейинги буюк алломалар – Ибн Сино, Беруний, Ибн Рўшд каби даҳолар айнан Форобий яратган мустаҳкам илмий пойдевор устида ўз кашфиётларини амалга оширдилар. Ибн Синонинг машҳур “Тиб қонунлари” асарининг ёзилишига ҳам Форобийнинг “Инсон танасининг аъзолари ҳақидаги” рисоласи бевосита туртки бўлгани ҳақидаги фикрлар бежиз эмас.

Шундай қилиб, “Иккинчи муаллим” унвони – бу Аристотель ғояларини такрорлаган шогирдга эмас, балки унинг миссиясини янги тарихий даврда давом эттирган, илм-фанни парокандаликдан сақлаб, уни янги, юксак босқичга олиб чиққан буюк тафаккур соҳибига берилган баҳодир. Форобий Аристотелдан кейинги фалсафа уфқида порлаган энг ёрқин юлдуз бўлди ва унинг зиёси бутун Шарқ маърифат осмонини ёритиб турди. Бу унвон – аждодимизнинг нафақат билимларни ўзлаштиргани, балки билимларнинг ўзини бошқара олгани, уни тизимга солиб, келажак авлодлар учун мукаммал таълимот ярата олганининг эътирофидир.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech