Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қоидаларини амалга оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
ЎзХДП фракциясининг қонунчилик ташаббуси бўлган мазкур лойиҳа билан «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунга, Меҳнат кодексига қўшимча ва ўзгартириш киритиш кўзда тутилган.
Янгиланган Конституциянинг 37-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга эканлиги белгиланган. 28-моддада эса «Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас» деган қоида бор.
Бироқ, бугунги кунда фуқароларни уларнинг яқин қариндошларида судланганлик, шу жумладан тугалланган судланганлик ҳолати мавжудлиги сабабли ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этиш ҳоллари ҳамон мавжуд.
Мазкур қонуннинг мақсади Янгиланган Конституция нормаларининг амалиётда ишлашига эришиш, фуқароларни ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишни тақиқлаш, шунингдек, фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва уларнинг меҳнат муносабатларида қўшимча кафолатлар яратишдан иборатдир.
Қизғин муҳокама ва фикр-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди.
М. Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 10.06.2024
- Кўришлар: 1666
- Чоп этиш