Халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 август куни Тошкент шаҳрида қуриб битказилган Олимпия шаҳарчаси, Юқори Чирчиқ туманидаги Миллий футбол маркази фаолияти ҳамда янги туризм инфратузилмаси объектлари билан танишди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳаларда кенг кўламли изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасини ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши, тадбиркорлик субъектлари сони каррасига ортаётгани, саноатдаги юқорилаш, камбағаллик даражасининг пасайиши каби муҳим йўналишларда кўрмоқдамиз.

Мустақиллик халқимизга ана шундай эркинлик ва рўшнолик олиб келганини бугун кўп ёдга олмоқдамиз. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами шукуҳи кезиб юрибди. Байрам олдидан турли ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа иншоотлар қуриб битказилмоқда. Бу халқимизга хос қадрият – тўйга тўёна.

Пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчасида ҳам ана шундай байрамона руҳ ҳукмрон. Давлатимиз раҳбари ушбу мажмуага ташриф буюрди

Унинг қурилишига 2022 йил 9 ноябрда тамал тоши қўйилган эди. Ўшанда давлатимиз раҳбари Олимпия шаҳарчаси халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзига айланиши, меъморий жиҳатдан мукаммал, энергия тежамкор ва энг илғор инновацион ечимларни мужассам қилган замонавий мажмуа бўлишини таъкидлаганди.

Шундай ҳам бўлди – қисқа вақт ичида 100 гектардан зиёд майдонда муҳташам мажмуа қад ростлади. Қарийб 290 миллион долларлик ушбу ноёб лойиҳа “CAMC Engineering” компанияси томонидан халқаро талабларга мувофиқ амалга оширилди. 

Шаҳарчада 5 та асосий спорт мажмуаси жойлашган.

Хусусан, Велодром мураккаб муҳандислик ечимлари асосида, ўзига хос дизайнда қурилган. Унинг ёғоч қопламаси сифати, траекторияси ва бурилиш бурчаклари Халқаро Олимпия қўмитаси талабларига жавоб беради. Жумладан, йўлак энг мустаҳкам дарахтлардан ясалган, қаватма-қават ётқизилган. Бу сифат мунтазам сақланиши учун велодромда йил давомида бир хил ҳарорат таъминланади. Ҳатто велоспортчиларга ҳаво қаршилигигача инобатга олинган.

Трекка ёруғлик бир хил ва тенг даражада тушади. Бу спортчиларга қулайлик бўлиши билан бирга, томоша ва телевизион трансляция меъёрларига ҳам мос. Ўриндиқлар 2 минг 200 кишига мўлжалланган. Халқаро Олимпия қўмитасининг янги талаби бўйича томоша жойларига ҳимоя тўсиғи ўрнатилган.

Шунингдек, мажмуа кўп функцияли бўлиб, бу ерда стол тенниси, қиличбозлик бўйича мусобақа ва машғулотлар ўтказиш ҳам мумкин. Бундай даражадаги велодром Ўзбекистонда биринчиси.

Мутасаддиларга ҳудудларда шароит яратиб, велоспортни ривожлантириш бўйича дастур тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Президентимиз стол тенниси ҳаммабоп, арзон ва қулай спорт эканини таъкидлаб, ҳар бир мактаб ва маҳаллада уни оммалаштириш, анжомларини ишлаб чиқариш юзасидан кўрсатмалар берди.

Шаҳарча марказида 12 минг ўринли стадион жойлашган. Халқаро турнирлар пайтида бу ерда тантанали маросимлар ташкил этилади. Асосийси, яшил майдон ва 9 қаторли югуриш йўлагида енгил атлетиканинг 48 та йўналиши бўйича мусобақалар ўтказилади. Жумладан, жаҳон чемпионати, Бриллиант лигаси, параатлетика баҳслари, кўзи ожизлар ўртасида IBSA ўйинларини ташкил этиш мумкин. Бошқа пайтларда стадиондан маҳаллий ўқув-йиғинлар, амалий машғулотлар орқали дуал таълимда фойдаланилади.

Стадиондаги тўрт қаватли бинода терма жамоалар мутахассислари ва спорт федерациялари фаолият юритади.

Енгил атлетика ва пара спорт турлари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда жуда самарали. Олимпия ва Осиё ўйинларида улар бўйича дастур ҳам кенг. Лекин юртимизда бу имкониятлар тўла ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Шу боис енгил атлетиканинг барча йўналишларини ривожлантириш бўйича топшириқ берилди. Унга кўра, вилоятлардаги стадионлар реконструкция қилиниб, енгил атлетика учун шароитлар яхшиланади, хориждан мураббийлар олиб келинади, спортчилар маҳоратини ошириш мақсад қилиб қўйилади.

Улкан сув спорти саройи ҳам замонавий ва қулай. Унда 25х50 метрли сузиш ва 25х20 метрли сувга сакраш ҳавзалари, машғулотлар учун бассейн ва тренажёр заллари бор. Барча шароитлар ва ўлчамлар халқаро олимпия стандарти талабларига жавоб беради.

Яқинда "World Aquatics" федерацияси делегацияси мажмуани кўрикдан ўтказди ва буни тасдиқлади. Яъни, бу ерда сузиш, сувга сакраш, синхрон сузиш, сув полоси бўйича қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия дастуридаги нуфузли мусобақаларни ташкил этиш имконияти бор. Уларни 2 мингдан зиёд мухлислар томоша қилиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари сув спорт турларини ривожлантириш, халқаро турнирларда натижаларни яхшилаш бўйича ўз фикрларини билдирди.

Жамоавий ва яккакураш спорт турлари мажмуалари ҳам халқаро талаблар даражасида бунёд этилган. Уларнинг ҳар бири уч қаватли, 2 минг ўринли. Жумладан, биринчисида волейбол, баскетбол ва гандбол бўйича машғулот ҳамда халқаро мусобақаларни ўтказиш мумкин. Яккакурашлар мажмуаси дзюдо, бокс, таэквондо каби спорт турларини ривожлантиришга асос бўлади.

Президентимиз шу ерда спортчилар билан суҳбатлашди.

– Халқаро мусобақаларда байроғимизни баланд кўтариб, мамлакатимиз ривожини намоён этяпсизлар. Сизнинг ҳар бир ютуғингиз халқимиз учун катта ғурур, ёшларимизга куч, далда. Бу ҳаракатларни давом эттириб, болаларни ортингиздан эргаштириб, спортимизни янада юксалтиришингизни тилаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Олимпия шаҳарчасида футбол, волейбол, теннис, чим устида хоккей, енгил атлетика кабилар бўйича 15 та очиқ майдон ҳам барпо этилди.

Бундан ташқари, 400 ўринли паралимпия ётоқхонаси, спорт тиббиёти илмий-амалий маркази қурилиши якуний босқичда.

Шаҳарчадаги барча иншоотлар энергия тежамкор бўлади. Автотураргоҳлар устида қуёш панеллари ўрнатилади.

Олимпия шаҳарчаси – мамлакатимиз спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 18 ноябрда Олимпия шаҳарчаси қурилиши билан танишув чоғида айтган эди.

– Бу ерда машғулотлар билан бирга спорт таълими, илми, тиббиёти мужассам бўлиши зарур. Яъни, бу жой мамлакатимиз спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази бўлади, – деган эди давлатимиз раҳбари.

Шунга мувофиқ, шаҳарчада Спорт вазирлиги, Антидопинг агентлиги, Давлат спорт академияси, Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти, Спорт турларини ривожлантириш маркази ҳам жойлаштирилган.

Бу галги ташриф чоғида Олимпия шаҳарчаси инфратузилмасидан самарали фойдаланиш режалари, спорт ташкилотларининг жойлашуви ва фаолияти бўйича ахборот берилди.

Аввало, шаҳарчада халқаро даражадаги мусобақалар ўтказилади. Иншоотлар ундан кейин ҳам бўшаб қолмайди. Мамлакатимиз терма жамоаларининг ўқув-машғулотлари ташкил этилади. Федерациялар спорт мактаблари билан боғланади.

Ҳудудда ва мажмуаларда юртдошларимиз ҳам спорт билан шуғулланиши мумкин бўлади.

Президентимиз шу ерда соҳа мутасаддилари ва спорт федерациялари раҳбарлари билан мулоқотда бўлди.

– Аввало, спортчиларимиз ва федерацияларни мана шундай маскан билан табриклайман. Бу билан ёш авлод саломатлигига, бўлажак ютуқларга катта пойдевор қурдик. Лекин бу ишнинг энг осони. Қийини – спорт турларини оммалаштириш, профессионал спортчиларни тайёрлаш. Биз спортни ҳам саломатлик, ҳам натижадорлик нуқтаи назаридан ривожлантириб борамиз. Худо хоҳласа, бундай Олимпия шаҳарчалари вилоятларда ҳам қурилади. Асосий мақсад – ёшларимизнинг соғлом ва баркамоллиги,  деди давлат раҳбари.

Маълумки, 2024 йилда Парижда ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида юртимиз спортчилари муваффақиятли иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида ҳар икки йўналишда 13-ўринни эгаллаган эди. Энди олимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, келгусидаги мусобақаларда натижаларни ошириш мақсад қилинган.

Мамлакатимиз Президентининг шу йил 8 июлдаги қарори билан Ўзбекистон спортчиларини 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрлаш дастури қабул қилинди.

Бу йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида Миллий олимпия қўмитасининг 14 та ҳудудий бўлими ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Олимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус вакили этиб белгиланди. Ҳар бир ҳудудга Спорт вазирлиги ва Олимпия қўмитасидан масъуллар бириктирилди.

Иқтидорли спортчиларни энг қуйи бўғиндан бошлаб саралаш ва профессионал этиб тайёрлаш учун уч босқичли “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаси йўлга қўйилди. Унинг финал босқичи ҳар йили Олимпия шаҳарчасида “Президент Олимпиадаси” сифатида ўтказилади. Ғолиб ва совриндор спортчилар Олимпия марказларига жалб этилиб, профессионал тайёрланади.

Республика олимпия ва паралимпия марказининг фаолияти миллий терма жамоалар захирасини яратишга қаратилади. Ўқув-машғулотлар ўтказиб бориш учун Олимпия шаҳарчаси иншоотлари марказга беғараз асосда бириктирилади.

Шунингдек, атлетлар захирасини кенгайтириш мақсадида хусусий спорт клублари фаолияти такомиллаштирилиб, расмий мусобақалардаги иштироки таъминланади. Юқори натижа кўрсатган спортчилар миллий терма жамоаларга қабул қилиниши мумкин бўлади.

Президентимиз спорт турларини оммалаштириш масаласига алоҳида урғу берди.

– Мардлик, курашчанлик халқимизнинг қонида бор. Одамларимиз спортни яхши кўради. Буни қўллаб-қувватлаб, маҳаллаларда спортни янада оммалаштириш керак. Бунинг учун жойларда шароит бор. Яна қураяпмиз. Натижа ҳам оммавийликдан келиб чиқади,  деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга соҳани рақамлаштириш, спорт федерациялари фаолиятини кучайтириш, натижадор спорт турларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида барпо этилган Миллий футбол марказини бориб кўрди.

Давлатимиз раҳбари икки йил олдин бу ерга ташриф буюриб, мавжуд стадионга туташ ҳудудда замонавий мажмуа бунёд этиш зарурлигини айтган эди. Кўп ўтмай, 2023 йил 3 ноябрда “Футбол-таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос келадиган футбол инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори имзоланди.

Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган мазкур марказ бунда жуда муҳим бўғин. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 6 та терма жамоамизнинг ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш имконияти бор. Бунинг учун стадионлар, ўқув бинолари, спорт заллари, меҳмонхона барпо этилган. Пляж футболи майдони, футзал манежи, бассейн ва реабилитация бўлими қўшимча қулайликлар яратган.

Мажмуада профессионал футболчи ва мутахассисларни тайёрлаш учун тўртта тузилма ташкил этилди. Булар – Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази, Футбол терма жамоалари тайёргарлик маркази, Республика футбол академияси, Спорт тиббиёти ва реабилитация марказидир.

Президентимиз уларда яратилган шароитлар билан танишди.

Футбол тиббиёти ва реабилитацияси бўлимига хорижий ускуналар олиб келинган, энг илғор услублар ўзлаштирилган. Бу футболчиларга қисқа вақт ичида жисмонан тикланиш имкониятини беради.

Футбол академиясида ёш истеъдодлар сараланиб, тарбияланади. Буни халқаро даражада ташкил этиш учун марказга Аргентина, Венгрия ва Хорватия каби давлатлардан мутахассислар жалб қилинган. Улар малакали мураббий, ҳакам, таҳлилчи, селекционер ва футбол менежерларини тайёрлашда иштирок этмоқда. Мажмуада “VAR маркази” ҳам ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари шу ерда спорт фахрийлари ва ёш футболчилар билан суҳбатлашди. Ўзбекистонда футбол энг оммавий спорт экани, уни ривожлантириш изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Кейинги йилларда футбол тизими тубдан яхшиланди. Болалар футболи, тўгараклардан тортиб академиялар, жамоалар, чемпионатгача эътибор кучайди. Натижалар бирин-кетин бўй кўрсатмоқда. Уларнинг энг муҳими – Ватанимиз тарихида биринчи марта миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиққани бўлди.

Яна бир шонли ютуқ апрелда Cаудия Арабистонида бўлиб ўтган Осиё кубогида қўлга киритилди. 17 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоамиз унда биринчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатига йўлланма олган эди.

Президентимиз ушбу қаҳрамон футболчиларимиз билан учрашиб, уларга меҳр-эътиборини изҳор қилди.

– Биз ҳамма соҳада дунёда муносиб ўрин эгаллашга интилаяпмиз. Спортчиларимиз буни тезроқ етказа олади. Сизлар иродали ғалабангиз билан халқимиз меҳнат қилса, ҳаракат қилса, ҳамма нарсага қодир эканини яна бир бор исботладингиз. Бутун дунё сизнинг тимсолингизда азму шижоатли, ғурури баланд, ҳеч қачон интилишдан қайтмайдиган янги Ўзбекистон авлодини кўрди. Энди футболни ҳозиргидан ҳам икки-уч карра кўпроқ қўллаб-қувватлаймиз. Сиздек ёшлар халқимизнинг ишончи, Президентнинг қувончисизлар, – деди Шавкат Мирзиёев.

Спортчилар бу шароитлар учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, халқимиз ишончини оқлашга ваъда беришди.

Мамлакатимизнинг туризм салоҳияти йилдан-йилга ошиб боряпти. Барча ҳудудларда сайёҳлар кўпайиб, замонавий меҳмонхоналар ва туризм масканлари барпо этилмоқда.

Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғига ёндош қурилган замонавий меҳмонхоналар мажмуаси шу ишларнинг мантиқий давомидир.

Президент Шавкат Мирзиёев жойлардаги бунёдкорлик билан танишуви чоғида мазкур иншоотларни ҳам кўздан кечирди.

Бир пайтлар қаровсиз ётган манзиллар бугун обод масканга айланган. 8 гектардан зиёд майдонда 12 та замонавий меҳмонхона, 375 ўринли “Янги Тошкент” конференция зали, 310 ўринли ресторан, соғломлаштириш маркази ҳамда очиқ спорт майдони барпо этилган.

Меҳмонхоналарга Қорақалпоғистон ва вилоятлар номи берилган. Улар 3 юлдузли бўлиб, 5 қаватдан иборат, 62 та хона ва 124 ўринга эга. Мажмуа ягона концепция асосида фаолият юритади ва унинг бошқаруви халқаро тажрибага эга “Leo Hospitality Solutions”, “Radisson Individuals”, “Trademark Collection by Wyndham” каби нуфузли компанияларга топширилади.

Хусусий банклар шу каби мажмуалар бошқарувига шерик бўлиб кириш таклифини билдирди. Давлатимиз раҳбари хизмат соҳалари кенгайиши, жойларда замонавий масканлар кўпайиши аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшишини таъкидлади. 

Меҳмонхоналар ресторан, анжуманлар зали ва дам олиш масканлари билан уйғун қурилгани хизмат қамровини оширади. Бу ерда юқори даражадаги тадбирлар ҳамда йирик халқаро анжуманлар ўтказилиши ҳам мумкин.

Мажмуада 540 та янги иш ўрни яратилиб, йилига ўртача 55 минг туристга хизмат кўрсатилиши кўзда тутилган. Бу ер маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун яна бир локация, Тошкент воҳасида туризм ривожи учун қўшимча туртки бўлади. Мажмуа қурилиши ортидан ён-атрофдаги маҳаллаларнинг инфратузилмаси ҳам яхшиланиб, аҳоли фаровонлиги таъминланди.

Давлатимиз раҳбари мажмуада хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини ошириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этиш масалаларига эътибор қаратди. Бундай кўп тармоқли хизматларни бошқа ҳудудларда ҳам кенг йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Абдулазиз РУСТАМОВ,

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech