Жорий йилнинг 16 апрель куни Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Миллий комиссия аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Т.Нарбаева олиб борган мажлисда 2024 йил давомида мазкур соҳада амалга оширилган ишлар, кўрилган чоралар, сақланиб қолаётган масалалар ҳамда 2025 йилга режалаштирилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Миллий маърузачи томонидан одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари соҳасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар, соҳадаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклифларга юзасидан Президентга ахборот киритилгани таъкидланди.
Қайд этилганидек, одам савдосига қарши курашиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, соҳага доир қонунчилик асосларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида 2024 йилда жами 30 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Халқаро меҳнат ташкилотининг 5 та конвенцияси ратификация қилинди.
Иқтисодиёт тармоқларида муносиб меҳнат тамойилларини, халқаро меҳнат, ишлаб чиқариш ва техник стандартларни кенг жорий этиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Таъкидланганидек, одам савдосига оид жиноятларни аниқлаш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш борасида сезиларли ўзгаришлар кузатилди.
Одам савдосига оид жиноятлардан жабрланган шахсларга тиббий-психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, уй-жой муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Шу билан бирга, ҳудудларда одам савдосига қарши курашиш, муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш борасидаги муаммоли масалалар муҳокама қилинди.
Мажлисда одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича Ички ишлар вазирлиги, муносиб меҳнат масалалари бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги раҳбарлари, ҳудудий комиссиялар вакилларининг ахборотлари эшитилди.
Миллий комиссия томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган 2025 йилда одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотда билдирилган таклифларни амалиётга татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар режаси (“йўл харитаси”) лойиҳаси кўриб чиқилди.
Шунингдек, Одам савдосига қарши курашиш кичик комиссияси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Одам савдосига қарши курашиш концепцияси лойиҳаси ҳамда уни амалга ошириш бўйича Чора-тадбирлар режаси кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Кун тартиби доирасида муҳокама қилинган масалалар юзасидан Миллий комиссиянинг тегишли қарори қабул қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 17.04.2025
- Кўришлар: 221
- Чоп этиш