Сунъий интеллект бўйича АҚШ етакчилик қилмоқда, Хитой иккинчи ўринда

АҚШ 100 баллдан 77,97 балл, Хитой 58,01 балл, Буюк Британия 36,60 балл тўплади.

Сунъий интеллект бўйича АҚШ етакчилик қилмоқда, Хитой иккинчи, Буюк Британия учинчи ўринда. Ушбу баҳо Хитой илмий ва технологик ахборот институти ва Пекин университети томонидан тайёрланган Глобал сунъий интеллект инновациялар индекси ҳисоботида берилган.

Ҳисобот Шанхайда бўлиб ўтган сунъий интеллект бўйича Бутунжаҳон конференциясида тақдим этилди. Унинг муаллифлари 46 мамлакатни бешта мезон асосида ўрганган: асосий ёрдам, ресурслар ва ривожланиш муҳити, илмий ва технологик тадқиқотлар ва ишланмалар, саноат ва инновацияларни қўллаш, халқаро ҳамкорлик ва алмашинув. Мамлакатлар 39 та кўрсаткич бўйича таҳлил қилинди, уларнинг ҳар бири уч босқичли тизим ёрдамида баҳоланди.

Ҳисоботга кўра, АҚШ ва Хитой сунъий интеллект соҳасида катта фарқ билан етакчилик қилмоқда. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу мамлакатлар сунъий интеллект чиплари, юқори малакали мутахассислар, етакчи илмий журналлардаги мақолалар ва йирик сунъий интеллект моделларини ишлаб чиқарувчи компанияларнинг аксарият қисмини ташкил қилади.

АҚШ 100 баллдан 77,97 балл, Хитой 58,01 балл, Буюк Британия 36,60 балл тўплади. Кучли ўнликка, шунингдек, Япония (33,77), Корея Республикаси (33,48), Германия (32,22), Сингапур (31,57), Франция (30,98), Канада (29,79) ва Ҳиндистон (29,41) кирди. Россия 17,49 балл билан 30-ўринни эгаллади.

Бу йил 26-28 июль кунлари Шанхайда сунъий интеллект бўйича Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтади. У 2018 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинмоқда. Ушбу платформа Шанхайда сунъий интеллект соҳасидаги йирик саноат раҳбарларини бирлаштиради. Унда йирик компаниялар раҳбарлари, ҳукумат вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этади. Улар алоқа ўрнатади ва сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантириш ва қўллашни муҳокама қилади, деб хабар беради tass.ru.

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech