Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ўрганиб чиқади.
Натижаларнинг холислигини таъминлаш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган экспертлар гуруҳи шакллантирилди. Улар томонидан агентликнинг баҳолаш натижалари мустақил ва холис кўриб чиқилди ва хулосалар тақдим қилинди.
2023 йил натижалари бўйича 95 давлат ташкилотининг, жумладан, 36 давлат ташкилоти илк маротаба, қолган 59 таси эса такроран баҳолашдан ўтказилди.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланди. 42 ташкилот фаолияти самарадорлиги «яхши» – (81-100 балл), 38 ташкилот «қониқарли» –(55-80 балл) ва 15 ташкилот «қониқарсиз» – (55 баллдан паст) тоифаларга ажратилди.
Таҳлил натижалари давлат ташкилотлари фаолиятидаги коррупцияга қарши курашиш йўналишида бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.
Коррупцияга қарши курашиш тизимини йўлга қўйиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмагани, жумладан фаолиятида коррупциявий хавф-хатарлар аниқланмагани, ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш ва харидлар жараёнида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва аниқлаш билан боғлиқ чоралар амалга оширилмагани, коррупция ҳақида хабар бериш бўйича алоқа каналларининг йўлга қўйилмагани, ушбу йўналишдаги ҳужжатлар ижро этилмагани, коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этишга етарлича эътибор қаратилмагани ташкилотлар фаолияти қониқарсиз баҳоланишига сабаб бўлди.
Масалан, Сурхондарё ва Андижон вилояти ҳокимликларининг коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги кетма-кет икки йил давомида «қониқарсиз» баҳоланди. Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан эса коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси штат бирлиги ходим билан жамланмаган.
Баҳолаш натижаларига кўра, «қониқарли»деб топилган давлат ташкилотлари фаолиятида коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар амалга оширилган бўлсада, айрим масалаларга эътиборсизлик билан қаралган.
Жумладан, коррупциявий хавф-хатарлар тўғри баҳоланмагани натижасида коррупцияга қарши курашиш дастурлари манзилли ишлаб чиқилмаган ва ижроси тўғри ташкил этилмаган. Ходимларни коррупцияга қарши ўқитиш ва уларда муросасиз муносабатни шакллантиришда етарли ишлар амалга оширилмагани, белгиланган тадбирлар ижросини назорат қилиш соҳасида камчиликлар мавжудлиги кузатилди.
Баҳолаш натижаларига кўра «яхши» деб топилган 42 давлат ташкилоти фаолиятида коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар тизимли равишда амалга оширилган.
Жумладан, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, натижаларига асосан манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, улар самарали амалга ошириб келинган. Шунингдек, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, мониторинг ва назорат тадбирларини амалга ошириш, турли танловлар жараёнида коррупция омилини истисно қилиш, ходимлар ва аҳолини коррупцияга қарши муросасиз руҳда тарбиялашга оид тизимли чоралар кўрилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Марказий банк, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятида биринчи раҳбарлар томонидан ходимлар ва кенг жамоатчилик билан коррупцияга қарши курашишда тизимли мулоқот йўлга қўйилган. Рейтинг баҳолаш тизими коррупцияга қарши курашиш соҳасида белгиланган вазифаларни самарали мониторинг қилиш билан бирга, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини кучайтириш ҳамда ташкилот раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш имконини берди.
Баҳолаш якунлари бўйича “яхши” деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади. «Қониқарли» деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритилади.
«Қониқарсиз» деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади ва ижросини таъминлаш юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишларида эшитиб борилади.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 29.03.2024
- Кўришлар: 2084
- Чоп этиш