Ватан остонадан, ўзи туғилиб ўсган гўшадан бошланади. Ҳар бир инсоннинг Ватанга бўлган муҳаббати она сути, она алласи ва ота-она меҳри билан унинг вужудига сингиб боради. Ўз ота-онаси, авлод-аждодлари, уларнинг анъаналари, урф-одатлари, касб-корини севмайдиган фарзанд ўзгаларни ҳам севмайди. Шунингдек, миллати, халқи, адабиёти, санъати, дини ва маданиятидан ғурурланиб, ўзи ўсган юрт табиатидан илҳомланиб, унинг муқаддас тупроғи қадрини англаб етмайди. Бу эса манқуртликдан ўзга нарса эмас. Зеро, ҳеч бир инсон Ватандан ташқарида бахт-саодат топа олмайди.
Конституциямизнинг 64-моддасида Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчи эканлиги қатъий таъкидланган. Шу сабабли ҳам оилада фарзанд тарбиясида ватанпарварлик, ҳарбий ватанпарварлик ҳиссини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Ёш авлодни ҳуқуқий жиҳатдан етук ва баркамол қилиб тарбиялаш, она Ватанга бўлган муҳаббатни шакллантириш аввало, оиладан бошланиши ҳаммамизга аён.
Оила ҳам бир кичик мамлакат ҳисобланади. Ўзбекистон Конституциясининг 76-моддасида ҳам оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги белгилаб қўйилган. Мамлакатнинг равнақ топиши унинг бошчиси ва халқига боғлиқ бўлгандек, оилада ҳам шу талаб сақланиб қолган. Оилада ёш авлодни ота-она намунаси, оила анъаналари, шажараси, касб-кори, ахлоқий-маънавий қадриятлари асосида тарбиялаш, улар онгида оилага садоқат, ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳурмат ҳиссини шакллантириш воситасида уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш кутилган натижа беради. Ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғусини шакллантириш ҳар бир ота-онанинг, тарбиячи-мураббийларнинг, жамоатчиликнинг Ватан олдидаги бурчларидир. Бу бурчни ҳалол, пок фидойилик ва жасорат билан бажарган инсонгина ҳақиқий ватанпарвардир.
Фидокорликни намоён этиш учун маънавий муҳит, маънавий фаолият, маънавий ўзликни англаш тизимини яратиш ва шу асосда ёшларда ватанпарварлик, фидойилик хусусиятларини шакллантириш ҳар бир фуқаронинг, ота-она ва жамоатчиликнинг асосий вазифасидир.
Конституциянинг 78-моддасида эса давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилишининг мустаҳкамлаб қўйилгани бугунги кунда келажагимиз ворислари бўлган ёшларда ватанпарварлик руҳини ривожлантириш, Ватанга бўлган муҳаббат ва унинг эртанги кунига ишонч руҳида тарбиялашда мустаҳкам асос бўлади.
Зеро, бугунги тинч ҳаётимизнинг қадрига этиш, келажак авлодни муносиб равишда тарбиялаш, уйимизни, оиламизни асраш, фарзандларимизга тўғри турмуш тарзини яратиб беришда оила институтининг ўрни беқиёс ҳамда уни рўёбга чиқариш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.
А.Толипов,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги
университети доценти.
ЎзА
- Қўшилди: 13.11.2024
- Кўришлар: 827
- Чоп этиш