3 апрель куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида пойтахт жамоатчилиги билан кўришиб турганидан мамнунлигини таъкидлаб, бугунги кундаги долзарб масалаларга тўхталди. Дунёдаги, жумладан, ҳамкор давлатлардаги вазиятнинг иқтисодиётимизга, аҳоли даромадларига салбий таъсирини камайтириш энг муҳим вазифалардан экани таъкидланди.
– Ҳар қандай бино ташқи таъсирларга бардош бериши учун унинг пойдевори мустаҳкам бўлиши шарт. Мамлакатимиз пойдевори бу – маҳалла. Маҳаллани иқтисодий замини мустаҳкам бўлса, одамларни даромади кўпайиб, яхши яшашга уйи, боласини ўқитишга шароити бўлса, эртанги куни учун хотиржам бўлса, шунда барқарорлик, тараққиёт бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу нуқтаи назардан, мутасаддилар фаолиятидаги сусткашликлар, туманларда ишга солинмаётган имкониятлар кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Тошкент шаҳрида лойиҳа қилиш истагидаги инвестор ва тадбиркорлар кўп. Лекин бунинг учун ер кам. Фойдаланилмаётган жойларни давлат рўйхатидан ўтказиш, 979 та ер участкасини аукционга чиқариш, қишлоқ хўжалигидан саноат ва аҳоли пункти тоифасига ўтган 175 гектарлик ерни бериш орқали уларга шароит яратиш мумкин.
Янгиҳаёт туманида 764 гектар ерда “Янги авлод” махсус саноат зонаси ташкил этилмоқда. Хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар у ерда 2,5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклиф билдирган. Бу ҳудудда янада кўпроқ лойиҳаларни жойлаштириб, ўн минглаб иш ўрни очиш имконияти бор.
Иқтисодий фаол аҳолидан 80 минги ишга муҳтож. Шу билан бирга, пойтахтдаги корхона ва ташкилотларда 98 минг бўш иш ўрни мавжуд.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш ишларини ҳам янги ёндашув асосида қайта кўриб чиқиш зарур.
Тошкент шаҳри аҳолиси турмушини янада яхшилаш учун бу каби қилинадиган ишлар жуда кўп. Шу боис сессияда ташкилий масала кўрилди. Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажариб келаётган Шавкат Умурзоқов номзодини пойтахт ҳокими лавозимига тавсия этди.
Ш.Умурзоқов 1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Кўп йиллар прокуратура тизимида ишлаган. 2018-2023 йилларда “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси бўлган. У ўтган йил мартдан буён Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажариб келмоқда. Маҳаллий кенгаш депутатлари ҳам бир йил давомида унинг ишига баҳо бериш учун етарли имкониятга эга бўлди.
Халқ депутатлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, номзод ҳақида фикрларини билдирди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳри ҳокими этиб тасдиқланди.
Президент Тошкентда натижа қилиш учун имконият ҳам, ресурс ҳам, шароит ҳам етарли экани, бунинг учун шаҳар ва туман ҳокимлари, иқтисодий комплекс вакиллари уйғониб, катта марралар олиб, қаттиқ ишлаши кераклигини таъкидлади.
Йиғилишда шаҳарни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш имкониятлари Юнусобод тумани мисолида таҳлил қилинди.
Сўнгги етти йилда туманга 1 миллиард 700 миллион доллар хорижий инвестиция киритилиб, корхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари 3,5 мингтага, иш ўринлари 20 мингтага кўпайди. 6 минг хонадонли янги уй-жойлар қурилди, 8 мингта янги ўқувчи ўрни ташкил қилинди, 3 та олийгоҳ очилди.
Юнусобод ҳудуди бўйича Тошкент шаҳрида биринчи, аҳоли сони бўйича эса иккинчи ўринда туради. Туманда 64 та маҳалла бўлиб, 376 минг аҳоли истиқомат қилади.
Ҳудуд солиқ тушумлари ҳажми бўйича етакчи. Лекин аҳоли жон бошига ҳисоблаганда юқори эмас. Туманнинг пойтахт саноатидаги улуши энг охирги ўринда.
Шулардан келиб чиқиб, аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишга солинмаган имкониятлар кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, Юнусобод туманидаги 9 та банк филиали йирик мижозлари билан 64 та маҳалла ўртасида “кўприк” бўлади. Улардаги оилалар даромади кўпайса, банк мижози бўлган тадбиркорнинг маҳсулотига талаб ошади. Бундан тадбиркор ҳам, банк ҳам фойда кўради.
Энди банкларга одамлар даромадини кўпайтириш, туман иқтисодиётини барқарор ўстириш бўйича янги масъулият белгиланади. Иш ўрни яратган мижозларга кредит фоизи тушириб борилади. Ҳоким ёрдамчилари эса ишсизларни тадбиркорлар талаби асосида ўқитади.
Мутасаддиларга бу борада “Юнусобод тажрибаси”ни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Юнусобод пойтахтнинг энг қулай қисмида жойлашгани учун “ўсиш нуқтаси” бизнес эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб бераяпти. Янги инвестициялар оқимига шароит яратиш мақсадида эскирган қиёфадаги ёки давлат идоралари жойлашган бинолар ўрнида замонавий савдо, хизмат ва овқатланиш лойиҳаларини амалга ошириш мумкин. Натижада 7 мингта юқори даромадли иш ўрни очилади.
Ер ўта чекланган шароитда бор инфратузилмани вертикал ўстириш орқали саноат ва савдони ривожлантириш зарур. Хусусан, деҳқон бозорларини қават-қават усулда кенгайтириш учун шароит бор. Шунингдек, кичик саноат зонасидаги
бино-иншоотларни 3-4 қават қилиб, қайта қуриш ҳисобига қўшимча 200 минг квадрат метр ҳосил бўлади.
Ижтимоий соҳада хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш орқали ҳам мингта иш ўрни яратса бўлади. Масалан, 7-сонли шаҳар шифохонаси учун янги бино қурилса, бўшайдиган ерда кореялик инвесторлар 420 ўринли кўп тармоқли клиника қуриш ташаббусини билдирган.
Умуман, ўрганишлар асосида Юнусободда 600 миллион доллар инвестиция, 35 мингта юқори даромадли иш ўрни имкониятлари аниқланган.
Ҳукуматга барча туманларни шу тарзда ўрганиб, Тошкент шаҳрида 250 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш, 2 миллиард доллар сармоя жалб этиш чораларини кўриш топширилди.
Саноат, инфратузилма, тадбиркорлик ва коммунал соҳаларда илғор хорижий тажрибани жорий этиш вазифаси қўйилди.
Маҳаллалардаги ободлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маҳалла раислари ва нуронийлар миллий қадриятларимизни тиклаб, кўча бўйлари ва ҳовлиларда гулу райҳонлар экиш, дарахт ўстириш, ишкомлар қилиш, озодалик ишларига бош-қош бўлиши зарурлиги айтилди.
Давлатимиз раҳбари бу борадаги фаолликни рағбатлантириш мақсадида танлов ўтказиб, йил якуни билан энг намунали маҳаллага электромобиль совға қилиш таклифини билдирди. Бу таклиф олқишлар билан қўллаб-қувватланди.
Йиғилиш сўнгида Президент халқ депутатлари, маҳалла раислари, зиёлилар ва ёшлар билан мулоқот қилди.
ЎзА
- Қўшилди: 03.04.2024
- Кўришлар: 2678
- Чоп этиш