Тиббиётдаги коррупцион омиллар қандай бартараф этилмоқда? (+видео)

Тиббиёт соҳасидаги коррупцион омилларнинг олдини олиш инсон саломатлигига дахлдор бўлган муҳим масаладир. Шу боис ҳам мамлакатимизда соҳани рақамлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги “Ҳукумат соати”да депутатлар “Соғлиқни сақлаш соҳасида коррупцион омилларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилди. Депутатларнинг бу борадаги саволларига соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров жавоб берди. 

Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳолини сифатли, хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш мақсадида тиббиёт ходимлари ва фармацевтика компаниялари ўртасидаги яширин келишувларнинг олдини олиш, давлат ва хусусий дорихоналарда “Электрон рецепт” тизимини жорий этиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Вазирлик билан биргаликда “UZINFOCOM” томонидан тизимдаги жараёнларни автоматлаштириш ва ундаги ахборот тизимларининг ягона комплексини жорий этиш мақсадида Ягона тиббиёт ахборот тизими (DMED) ишлаб чиқилган. Ушбу тизимда “Электрон рецепт” модули ишлаб чиқилган бўлиб, бу модуль дори воситаларининг дозалари ва шаклларини ҳисобга олган ҳолда рецептларни электрон шаклда бериш, уларнинг маркировкасини назорат қилган ҳолда сотиш, ҳисобот юритиш жараёнини автоматлаштириш ҳамда беморлар учун мобил илова орқали рецептлар ҳаракатини кузатиб туриш имконини яратади. 

“Ҳукумат соати”да соғлиқни сақлаш соҳасида ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш, бошқарув жараёнидаги ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш, кадрларни ишга қабул қилиш билан боғлиқ коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан маълумотлар берилди. 

Ягона тиббиёт ахборот тизимининг аҳоли учун “DMED”, шифокорлар учун эса “DMED Pro” мобил иловалари ҳам яратилди. DMED ахборот тизими 2 минг 571 та бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларидан 2 минг 475 тасига ўрнатилди. Ҳозирда зарур жиҳозларни харид қилиш ва ўрнатиш, тиббиёт ходимларини тизимда ишлашга ўқитиш ва маълумотларни ахборот тизимига киритиш ишлари жадал олиб борилмоқда. 

Халқ вакиллари муҳокамалар давомида аҳоли томондан кўтарилган қатор савол ва муаммоларни ўртага ташлади. Жумладан, қуйи бўғиндаги тиббиёт муассасаларига ходимларни ишга қабул қилишда ҳамон коррупцион ҳолатлар мавжудлиги айтилди. 

Бу каби иллатларнинг олдини олиш ва шаффофликни таъминлаш бўйича қандай чоралар кўрилаётгани, соҳадаги бўш иш ўринлари ҳақида қаердан маълумот олиш мумкинлиги билан қизиқди. 

Вазирнинг таъкидлашича, argos.uz портали ва вазирликнинг расмий веб саҳифаси орқали бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар жойлаб борилади. 

“Ҳукумат соати”да халқ вакиллари давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва бериладиган дори воситалари ҳажми тўғрисидаги маълумотларни шаффоф тарзда етказиш ҳамда бу борадаги коррупцион омилларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан ҳам қизиқди ва тегишли жавоблар олди. 

Шунингдек, соҳа истиқболига қаратилган бир қатор таклифлар берилиб, самарали парламент назоратини ўрнатиш лозимлиги таъкидланди.

Муҳтарама Комилова, Нишон Абдувоитов, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech