Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори эълон қилинди

Нобель қўмитаси 10 октябрь, жума куни Тинчлик бўйича 2025 йилги Нобель мукофоти совриндорини эълон қилди. Бу йил мукофот Венесуэла мухолифати сиёсатчиси ва демократик етакчи Мария Корина Мачадога берилади.

“Норвегия Нобель қўмитаси Венесуэла халқининг демократик ҳуқуқларини илгари суриш йўлидаги тинимсиз меҳнати ҳамда диктатурадан демократияга адолатли ва тинч йўл билан ўтиш йўлидаги кураши учун Мария Корина Мачадога 2025 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофотини беришга қарор қилди”, дейилади қўмитанинг Ослодаги баёнотида.

Тинчлик мукофоти анъанавий тарзда шу ҳафта эълон қилинадиган Нобель мукофотларининг охиргиси ҳисобланади. У кўпинча ҳозирги глобал можаролар ва инсон ҳуқуқлари учун курашни акс эттиргани учун барча мукофотлар ичида энг сиёсийси ҳисобланади.

Ўтган йили Япониянинг Nihon Hidankyo ташкилоти атом бомбаси қурбонларини бирлаштирган “ядровий қуролсиз дунё учун узоқ йиллик кураши ҳамда Хиросима ва Нагасаки атом бомбаларининг инсонпарварлик оқибатларига гувоҳлик бергани учун” мазкур мукофотга сазовор бўлди.

Бу йилги ғолиб медаль, диплом ва тахминан 11 миллион швед крони (950 000 доллардан ортиқ) миқдоридаги пул мукофотига эга бўлади. Тақдирлаш маросими мукофот асосчиси Алфред Нобель вафот этган 10 декабрь куни Ослода бўлиб ўтади, деб хабар берди unian.net.

 

 «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech