БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 23 сентябрь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.
БМТ Махсус маърузачиси дастлаб Самарқанд вилоят суди раҳбарияти, судьялари ва ходимлари билан мулоқотда бўлди. Мўътабар меҳмон суд биноси, бу ерда судьялар ва суднинг барча иштирокчилари учун яратилган шароитлар билан танишди.
Диего Гарсия-Саян суд тизимига татбиқ этилган «E-sud» миллий тизими ва «E-хат» тизими фаолиятини кўздан кечирди. Туманлардаги судлар учун ҳам шундай шинам бинолар қурилгани ва қулай шароитлар бунёд этилгани билан қизиқди.
Аҳоли вакиллари суд биносига келмасдан, яъни узоқдан туриб судларнинг замонавий ахборот тизимидан фойдаланиши учун имконият мавжудлиги масаласига эътибор қаратилди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг инсон ҳуқуқлари бўйича ходими Стефано Сэнси судлардаги компьютерлаштирилган ахборот тизими базасида суд ҳукмлари неча йилгача сақланишини сўради.
Учрашув давомида меҳмонлар ўз саволларига жавоблар олишди.
Сўнгра БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилояти бўйича Халқ қабулхонаси раҳбари Ш.Узоқов билан учрашди.
Мулоқотда, шунингдек, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриев ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳимов иштирок этди.
Бу ерда меҳмон Халқ қабулхонаси фаолияти билан янада чуқурроқ танишди. Унга, айниқса, оналар ва болалар хонасидаги шарт-шароитлар мақбул бўлди.
“Халқ қабулхоналари ғоят ноёб механизм экан, – деди Д.Гарсия-Саян. – Кишилар ўз муаммоларига ечим излаб пойтахтга оввора бўлиб қатнашининг ҳожати йўқ. Бинобарин, уларнинг ўз уйларига яқин манзилларда давлат муассасаларига мурожаат қилиш учун энг осон ва енгил имкониятлар муҳайё этилган. Бу, ўз навбатида, халқ билан давлат ўртасида самимий мулоқот, дўстона муносабат ўрнатилишига хизмат қилади. Афсуски, бундай ҳаётий ва демократик муассасалар Лотин Америкаси мамлакатларида ҳали мавжуд эмас. Ўзбекистон халқини ушбу улкан ютуқ билан қутлайман”.
БМТ Махсус маърузачиси Самарқанд тарихига, бу ердаги ҳуқуқий таълим тизимига қизиқиш билдирди. Меҳмонга Самарқанд, умуман, Ўзбекистон заминида яшаб ўтган машҳур фақиҳлар, хусусан, Бурҳониддин Марғинонийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Меҳмон ўз ватани билан Ўзбекистоннинг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш истиқболлари юзасидан ҳам фикрлар билдирди. “Перу билан Самарқанд олий таълим муассасалари ўртасида алоқа ўрнатиш ва туризм соҳасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш зарур”, деди у.
Жаноб Д.Гарсия-Саян юртимизга келгусида сайёҳ сифатида ҳам келиш истагини билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.09.2019
- Кўришлар: 5802
- Чоп этиш