ИИВ уй қамоғидаги шахсларни электрон браслет орқали назорат қилиш кўзда тутилган қарор лойиҳасини эълон қилди. Ушбу амалиёт 2024 йилда босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган.
“Уй қамоғи эҳтиёт чораси ва озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахсларни масофавий назорат қилиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар марказида илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси асосида электрон браслет яратган.
Суднинг уй қамоғи эҳтиёт чорасини қўллаш ва озодликни чеклаш жазосини тайинлаш тўғрисидаги ҳукми (ажрими) нусхаси электрон шаклда ижро учун юборилишини йўлга қўйиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги E-jamoat havfsizligi ягона автоматлаштирилган ахборот тизими “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ахборот тизимига интеграция қилинишини таъминлайди.
Уй қамоғи эҳтиёт чораси ва озодликни чеклаш жазоси қўлланган шахсларнинг эҳтиёт чораси ва жазони ижро этиш жойида бўлишини реал вақт режимида масофавий назорат қилиш амалиёти 2024 йилда босқичма-босқич қуйидаги тартибда:
- 1 майдан бошлаб Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида;
- 1 июндан бошлаб Тошкент шаҳар, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида;
- 1 августдан бошлаб Жиззах, Навоий ва Бухоро вилоятларида;
- 1 октябрдан бошлаб Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида;
- 1 декабрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида амалиётга тўлиқ жорий этилади.
Kun.uz
- Қўшилди: 02.04.2024
- Кўришлар: 2119
- Чоп этиш