Иқтисодиётнинг барча соҳаларига фаол ва кенг миқёсда жорий этилаётган Сунъий интеллект (СИ) меҳнат бозори, рақамли инфратузилма, таъминот занжири каби турли жабҳада инқилоб қилиб, глобал иқтисодиётни тубдан ўзгартиришга киришди. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотига кўра, дунё бўйлаб бандликнинг қарийб 40 фоизи СИ таъсирида, айрим тармоқлар эса автоматлаштиришга кўпроқ мойил.
“Казинформ” ёзишича, 2300 йилга бориб сунъий интеллект инсон ақл-заковати даражасига етиши ва бир йилда жаҳон иқтисодиётига 4,4 триллион доллар қўшиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Ҳозиргача Бразилия, Хитой, АҚШ, Сингапур, Жанубий Корея, шунингдек Европа Иттифоқидан жами 60 давлат айни йўналишда ўз стратегиясини ишлаб чиққан. Бу ҳужжатлар умумий кўрсатмадан тортиб, ЕИ ҳудудида бўлганидек, фойдаланишни тартибга солувчи батафсил қонунларгача қамраб олган.
Табиийки, бу борада халқаро даражадаги саъй-ҳаракатлар ҳам жадал ривожланмоқда. 2020 йил сунъий интеллект бўйича Канада, Япония, АҚШ сингари 29 давлатни бирлаштирган Глобал ҳамкорлик йўлга қўйилди. Мутахассислар таъкидлашича, махсус қоидалар ҳали ишлаб чиқилаётган бўлса-да, ташкилотлар ҳуқуқий ва молиявий хавфдан қутулиш учун ҳозирдан ҳаракат бошлаши муҳим.
ХВЖ томонидан тақдим этилган индексга кўра, 2023 йил сунъий интеллектни жорий этишга тайёр давлатлар орасида Сингапур, Дания ва АҚШ етакчилик қилган. Сингапур сунъий интеллектни ривожлантириш ва давлат хизматчилари учун муайян воситалар яратишга фаол сармоя киритиб, фуқароларга зарур технологияни қисқа фурсатда ўзлаштиришга ёрдам бермоқда.
Тайёрлик меъёри асосида тўрт асосий омил баҳоланади: рақамли инфратузилма, инсон капитали, технологик инновация ва қонунчилик базаси. 174 давлат орасида Жанубий Судан, Афғонистон, Сомали каби Африканинг қатор давлатлари жараёнга энг кам тайёргарлик кўргани айтилган.
ЎзА
- Қўшилди: 08.11.2024
- Кўришлар: 903
- Чоп этиш