Мамлакатимиз йирик халқаро анжуман арафасида турибди. Жорий йил 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги Йиллик 6-семинари бўлиб ўтади.
Халқаро анжуманнинг асосий ташкилотчилари ҳақида сўз борганда, авваламбор, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ҳақида мухтасар тўхталиш лозим. ИҲТ 1969 йил 25 сентябрда Марокаш пойтахти Роботда ўтказилган ислом давлатлари раҳбарларининг биринчи йиғилишида ташкил этилган.
Дунёдаги энг йирик халқаро ислом ташкилоти дастлаб Ислом конференцияси ташкилоти (ИКТ) деб юритилган. Ислом ҳамкорлик ташкилоти деган ҳозирги номини 2011 йилда олган. ИҲТ қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган.
ИҲТда инглиз, араб ва француз тиллари расмий иш тили ҳисобланади. ИҲТнинг асосий мақсад ва вазифалари аъзо давлатлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик ришталарини уйғунлаштириш; ислом оламида юзага келган муаммоларни ҳал этиш; давлатлар ички қонунларига ҳурмат билан ёндашиш; инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; аъзо давлатларнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланишига кўмаклашиш; ислом дини ҳақида турли ноҳақ ва ножўя маълумотларни бартараф қилиш; турли соҳаларда мамлакатлардаги институтлар билан илмий изланишларни ташкил қилишдан иборат.
Бугунги кунда ИҲТга икки миллиардга яқин аҳолига эга 57 давлат аъзодир. Бу кенг миқёсдаги ҳамкорлик муқаддас ислом қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мусулмон халқлари ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, ташкилотга аъзо мамлакатлар халқларининг ривожланиши ва фаровонлигига кўмаклашишдек эзгу мақсадларга эришиш йўлида муҳим ўрин тутиб келмоқда.
ИҲТда БМТ, Россия, Босния ва Герцеговина, Марказий Африка Республикаси кузатувчи мақомига эга. Ўзбекистон 1995 йил октябрь ойида мазкур ташкилотга кузатувчи, 1996 йил 2 октябрдан бошлаб тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинган.
Ўзбекистон 2015 йил 14 декабрда ИҲТнинг янги Низомига қўшилганини таъкидлаш лозим. ИҲТ Низоми 2016 йил апрелида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган.
Ўзбекистон томони ИҲТни муқаддас динимизни тинчлик ва тараққиёт омили сифатида эътироф этадиган ислом дунёси мамлакатларининг нуфузли ва самарадор форуми сифатида эътироф этади. Шу боис мазкур Ташкилотнинг мустаҳкамланиши ва ўзаро муносабатларимиз изчил равнақ топишидан манфаатдормиз.
ИҲТ саммитлари ва ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиллик сессияларида мамлакатимиз расмий делегациялари мунтазам қатнашиб келмоқда. Айниқса, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ИҲТ билан ҳамкорлиги фаоллашди ва ўзаро муносабатларнинг янги босқичига кўтарилди.
Бунда 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси алоҳида аҳамият касб этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу сессиянинг очилиш маросимидаги нутқида Ўзбекистон ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қиладиган даврдаги (2016 йил октябрь ойидан – 2017 йил июль ойигача) устувор вазифаларга эътибор қаратди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» мавзуси 43-сессия кун тартибининг асосий ғояси этиб белгилангани чуқур рамзий маънога эга. Бу ғоя «Бешикдан қабргача илм изла» деган машҳур ҳадисга ҳамоҳангдир. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томони илгари сурган ташаббуслар бевосита илм-фан ва маърифат ривожи билан узвий боғлиқ экани бежиз эмас.
Ўзбекистон Президенти, шунингдек, 2017 йил 10 сентябрда Астана шаҳрида (Қозоғистон) бўлиб ўтган ИҲТнинг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқида ҳам илм-фан, маънавият ва маърифатни ривожлантириш билан боғлиқ амалий таклифларни кун тартибига қўйди. Айни пайтда мамлакатимиз раҳбари ИҲТ юксак минбарларидан туриб эълон қилган эзгу ташаббуслар ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.10.2019
- Кўришлар: 5911
- Чоп этиш