Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 15 апрель куни Андижон вилоятига келди.
Ҳудуддаги ўзгаришлар “ҳаво дарвозаси”даноқ кўзга ташланади. Мамлакатимизда транспорт тизимини ривожлантириш борасидаги ишлар доирасида Андижон халқаро аэропорти ҳам модернизaция қилинмоқда.
Ташриф чоғида давлатимиз раҳбарига шу ҳақда ахборот берилди.
Бу аэропорт 1978 йилда қурилган бўлиб, ҳозирги талабларга мос келмай қолган эди. Учиш-қўниш йўлагининг юк кўтариш қобилияти пастлиги, замонавий ёритиш тизимининг йўқлиги сабабли қатновларни қабул қилиш имкониятлари чекланганди.
Бугунги кунда реконструкция ишларининг биринчи босқичи битказилди. Узунлиги 3 минг 300 метр, кенглиги 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаги ва самолётлар тўхташ жойи қурилди. Дренаж тизими янгиланиб, ер ости суви қочирилди. Шунингдек, бу ерда иккинчи юриш йўлаги қурилиши давом эттирилиб, IKAО CАТ-II тоифасидаги радар, метеорология ва ёритиш ускуналарини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Натижада Boeing, Airbus русумидаги йирик самолётларни ноқулай об-ҳаво шароити ва тунги вақтларда ҳам қабул қилиш мумкин бўлади. Бу кунлик парвозлар сонини 10 баробаргача ошириш имконини беради.
Энди, иккинчи босқичда йўловчи терминалини янгидан қуриш кўзда тутилган. Бу орқали йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига аввалги 300 тадан 1000 тага, парвозлар сони йилига 584 тадан 3 минг 700 тага ортади. Бу Андижон шаҳри ва Фарғона водийсига қатновлар сонини кўпайтиришга хизмат қилади.
Фаолиятини қайта бошлаган мазкур аэропортда ҳозирда Тошкент – Андижон – Тошкент йўналиши бўйича парвозлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз бу ерда самарали бошқарувни йўлга қўйиш, хизматларни арзон қилиб, маҳаллий ва халқаро парвозларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Умуман, мамлакатимизда аэропортларни модернизация қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йилларда Самарқанд, Термиз, Урганч, Шаҳрисабз, Мўйноқ, Қўқон ва Зомин аэропортлари янгиланди. Яна бир қатор вилоятларда модернизация жараёнлари давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг февраль ойида Андижонга ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, вилоятда олиб борилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўтган йили вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2023 йилга нисбатан сезиларли даражада ўсди. Аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 26,4 миллион сўмни ташкил қилди.
Президент ташрифининг иккинчи манзили “WBM Romitex” кластерининг Андижон шаҳрида қурилган янги корхонаси бўлди.
“WBM Fabrics” номли ушбу корхона қайта ишлаш занжирининг навбатдаги босқичи. Умумий қиймати 50 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси доирасида замонавий саноат иншооти қурилиб, Италия ва Германиядан юқори технологик ускуналар келтириб ўрнатилди. Матони бўяш ва гул солиш йўлга қўйилди. Корхона йилига 24 минг тонна шундай харидоргир маҳсулот тайёрлаш қувватига эга. Лойиҳа доирасида 600 та доимий иш ўрни яратилди.
Яна бир эътиборли томони, мажмуада Италиядан келтирилган замонавий сув тозалаш иншооти барпо этилган. Унда бўёқ цехидан чиққан техник сув тозаланиб, қайта фойдаланишга йўналтирилади. Бу тежамкорлик ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди, мутахассислар билан мулоқот қилди. Ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш, энергия тежамкорлик орқали таннархни камайтириш, ишчиларнинг касбий малакасини ошириш масалалари тўғрисида сўз юритилди.
Қайд этиш жоиз, корхона фаолияти ташқи бозорга ихтисослашган, йиллик экспорт ҳажми 55 миллион долларни ташкил этади.
Андижон вилоятида тўқимачилик саноати жадал ривожланмоқда. Ҳудудда етиштирилган пахтани замонавий кластер тизимида чуқур қайта ишлаш кенгайиб бораётир. Вилоятнинг республика тўқимачилик саноатидаги улуши 16,5 фоиз. 2024 йилда Андижонда 20 триллион сўмлик тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 488 миллион долларлик экспорт қилинган. Бу вилоят умумий экспортининг 42 фоизини ташкил этади.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 2024 йил давомида инвестиция лойиҳалари доирасида уч юз саксонта лойиҳа амалга оширилди. Бунда тўқимачилик, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари салмоқли ўрин эгаллади. Мазкур лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига ўттиз икки мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида 2025 йилда эришилиши режалаштирилган асосий мақсадларга оид тақдимот билан танишди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида инвестиция лойиҳалари самарасида ҳамда тижорат банклари иштирокида 77 минг нафар фуқаро иш билан таъминланган.
Умуман, 2025 йилда 5 миллиард 700 миллион долларлик 166 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бу орқали 31 мингта иш ўрни очилади. 31 турдаги янги маҳсулот олиш йўлга қўйилиб, 1,5 миллиард долларлик экспорт имконияти яратилади. Корхоналарни барқарор энергия билан таъминлаш учун 65 мегаватт янги қувватлар барпо этилади.
Бу ишларни давом эттириб, йил якунига қадар умумий 305 минг нафар аҳолини даромадли иш билан таъминлаш мақсад қилинган.
Тақдимотда иқтисодиётни диверсификация қилиш, саноатни ривожлантириш, янги технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йилда иқтисодий ўсиш суръати 5,5 фоизга етиши кутилмоқда.
Президент мутасаддиларга лойиҳаларни ўз вақтида бажариб, аҳолини даромадли иш билан таъминлаш, ишсизларни касбга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбари Андижон вилоятининг ҳудудий саноат ярмаркасини бориб кўрди.
Бу ерда 110 та корхонанинг 500 га яқин маҳсулоти намойишга қўйилган. Жумладан, автомобилсозлик, машинасозлик, тўқимачилик, электр техникаси, рақамли технологиялар, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, гулчилик, асаларичилик, балиқчилик ва бошқа тармоқлардаги самарали лойиҳалар тақдим этилган.
Давлатимиз раҳбари вилоятда ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги маҳсулотлар ва илғор ишланмалар билан танишди, уларнинг ташаббускорлари билан суҳбатлашди. Яхши тажрибаларни қўллаб-қувватлаб, юртимиз миқёсида оммалаштириш зарурлигини таъкидлади.
Шу мақсадда ярмаркага Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкентдан масъуллар ва тадбиркорлар таклиф этилган. Улар маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқариш, кооперация ва савдо-сотиқ масалаларида фикр алмашмоқда.
Бугунги кунда Андижон вилоятида 11 мингдан зиёд саноат корхонаси бор. Уларнинг республика саноатидаги улуши 10 фоиздан юқори.
Хусусан, ҳудудда 47 та саноат зонаси ташкил этилган. Уларда 2,3 триллион сўмлик 1000 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, 18 минг киши иш билан таъминланган. Мазкур зоналарда 2024 йилда 1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қарийб 31 миллион долларлик экспорт қилинган.
Ҳозирда қиймати 1 миллиард долларлик 288 та инвестиция лойиҳаси амалга ошириш жараёнида.
Жумладан, бу йил 119 та лойиҳа ишга туширилиб, 4 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. Саноат маҳсулотлари экспорти 47 миллион долларга етказилади.
Ўтган йилги ташрифдан сўнг, Олтинкўл туманидан 16 гектар ер ажратилиб, мебелларни кластер усулида ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил этилган эди. Бу ерда 100 дан ортиқ устахона, 236 та шоурум ва савдо нуқталари жойлашган.
Андижон мамлакатимизда аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд. Ўзбекистоннинг 10 фоиз аҳолиси 1 фоиз ерида яшайди. Шу боис давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йилда янги шаҳар қурилиши бошланган эди. Бу галги ташрифда Президент лойиҳанинг илк натижаларини кўрди.
Ушбу шаҳар Андижон туманидаги адирликда, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаган 4 минг гектар майдонда барпо этилмоқда. Қурилиш саккиз босқичда режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 1 минг 770 та хонадонли 63 та уй фойдаланишга топширилган. Шунингдек, 1 минг 680 ўринли мактаб, 420 ўринли болалар боғчаси, 250 қатновга мўлжалланган поликлиника қурилган. Енгил саноат корхонаси, ипотека маркази ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари ҳудуд бўйлаб юриб, янги мажмуаларни кўздан кечирди.
Тайёр хонадонларнинг кўпчилигига оилалар кўчиб келиб, яшамоқда. Ўйин майдончаларидаги болакайларнинг шодликлари кўнгилларга қувонч, ҳаловат бағишлайди. Бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилиб, бу йил мингдан зиёд хонадонли яна 40 та кўп қаватли уй барпо этилади.
Иншоотлар йўл, электр энергияси, табиий газ, сув, иссиқлик каби зарур тармоқлар билан таъминланган. Ичимлик суви етказиб бериш учун сиғими тўрт минг метр куб бўлган сув сақлаш ва узатиш иншооти ишга туширилди.
19 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” боғи барпо этилиб, ўн минг тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари, бута ва гуллар экилди. Амфитеатр, дам олиш жойлари, декоратив йўлаклар, кафелар, болалар ўйингоҳи, ёритиш тизимларига эга бўлган боғ Янги Андижоннинг кўрки бўлади.
Бу ердаги “Ватанпарвар боғи” катта рамзий маънога эга. Боғдаги “Ватанга қасамёд” монументи, музей, концерт ва томоша майдонлари меҳмонларда катта таассуротлар қолдиради.
Лойиҳа кўлами кенг. Ҳудуднинг 1 минг 439 гектарида 2 мингта кўп қаватли турар жой қад ростлайди. Шунингдек, кўплаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, 1 минг 820 гектарда яшил ҳудудлар ташкил этилади. Қурилишлар битгач, бу ерда 410 минг нафардан зиёд аҳоли яшаши мумкин бўлади.
Шу ерда янги қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари тақдимот қилинди. Унга кўра, Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи таъмирланади. Янги Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали ўрнатилади. Президент бунда Бобурнинг сиймосини ҳаққоний акс эттириш, атрофини бобурийлар мероси бўйича тематик паркка айлантириш юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Давлатимиз раҳбари янги боғда ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмаларини томоша қилди. Андижонда ҳар йили рассомлар фестивалини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Андижондаги “Янги Ўзбекистон” боғидаги халқ сайлида иштирок этди.
Андижонлик ёшлар билан мулоқотда уларга юксак ишонч билдирилди.
– Давлатимизнинг энг устувор мақсадларидан бири – ёшлар сиёсати. Таълим-тарбия, маҳалла, бандлик, спорт тизимларида қилаётган ишларимиз фарзандларимизнинг манфаатлари учун. Бизнинг ёшларимиз қобилиятли, истеъдодли. Бу истеъдод қачон юзага чиқади? Меҳнат бўлса. Билим олиб, интилган одам ҳеч қачон камбағал бўлмайди, ишини топади. Сиз ҳам ўқиб, изланиб, замонавий касб-ҳунарларни эгалланг. Бахтли бўлиш учун бугун замин яратишингиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз Андижонда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари билан ҳам учрашди. Мамлакатимиздаги тинчлик-тотувлик, миллатлараро аҳиллик энг қадрли неъмат экани таъкидланди.
Боғдаги амфитеатрда концерт дастури намойиш этилди. Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлаб, вилоят аҳлига юксак ҳурматини билдирди.
– Инсон қадрини улуғлаш, халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, шу асосда одамларни ҳаётдан рози қилиш – Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадидир. Бугун Ватанимизнинг барча вилоятлари, қишлоқ ва овулларида ана шу улуғ мақсад қандай амалий натижалар бераётганини кўриб, албатта, барчамиз чексиз қувонамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бунинг амалий тасдиғини гўзал ва бетакрор Андижон заминида ҳам яққол кўриш мумкин. Вилоятда саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, боғу роғлар барпо этиш, кўча ва маҳаллаларни обод қилиш, аҳоли учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитлари яратиш бўйича кўп ишлар қилинмоқда.
– Андижон заминида Янги Ўзбекистон ғояси, Янги Ўзбекистон нафаси ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонга кириб бормоқда, халқимизни баланд-баланд марраларга ундамоқда. Бу – ислоҳотларимизнинг биз кутган, бутун халқимиз кутган энг катта, энг муҳим натижаси, – деди Президент.
Андижон юртимизнинг тарихий шаҳарларидан бири, водий гавҳаридир. Бугунги кунда вилоятда барча соҳа ва тармоқлар жадал ривожланмоқда. Айни пайтда бу ерда жуда катта салоҳият мавжуд. Ана шундай имкониятларни ишга солиш, ҳудудни янада тараққий эттириш мақсадида Янги Андижон шаҳри қурилмоқда. Қисқа вақт ичида бу ерда сўлим “Янги Ўзбекистон” боғи ҳам барпо этилди.
Давлатимиз раҳбари бу ишларга ҳисса қўшган барча инсонларга ташаккур айтди.
Андижон Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган диёр экани билан ҳам машҳур. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев Янги Андижон шаҳарчасига Бобур шаҳри деб ном бериш ташаббусни илгари сурди. Буни андижонликлар хурсандчилик билан қўллаб-қувватлади.
Бобур Мирзо темурийлар тамаддунининг муносиб давомчиси, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт ҳомийси бўлган буюк шахсдир. У бетакрор илмий ва ижодий мероси билан миллатимиз, халқимизни бутун дунёга тараннум этган. Унинг шарафига алоҳида шаҳар бунёд этилса арзийди. Бу Бобур Мирзонинг дилида қолган армонларини рўёбга чиқариш йўлида яна бир тарихий воқеа бўлиб қолиши таъкидланди.
Шаҳарда ихтисослашган боғча ва мактаб, университет, музей, кутубхона ва IT паркдан иборат йирик таълим кластери барпо этилади. Олийгоҳ таркибида энг юқори талабларга жавоб берадиган спорт мажмуаси ҳам қурилади.
Бобур шаҳри миллий қадриятларимизни мужассам этадиган маънавий масканга, ёшлар учун илҳом ва ибрат, парвоз майдонига, юртимизнинг яна бир туризм ва маданият марказига, замонавий технологиялар қўлланган “ақлли шаҳар”га айлантирилади.
Бу шаҳар, худди буюк шоир ва мутафаккир Навоий номи қўйилган азим шаҳар каби, шонли тарихимиз ва келажагимиз ўртасида маънавий кўприк бўлади, янги тарихимиздан муносиб ўрин олади. Ҳудуддаги боғнинг энг баланд нуқтасида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг янги, муҳташам ҳайкали ўрнатилади.
Бу мақсадларни амалга ошириш учун дастур қабул қилиниб, 250 миллион доллар йўналтирилади.
– Барчамиз биламизки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур дунёнинг қаерида, қайси ўлкасида бўлмасин, бир умр Ватан соғинчи билан яшаган. Бугун буюк аждодимизнинг армонлари ушалди, ул зот ўз юртига руҳан қайтиб келди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз. Мана шундай улуғ, тарихий кун барчамизга муборак бўлсин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари 15 апрель – Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларини ҳам самимий табриклади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Икром АВВАЛБОЕВ,
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 16.04.2025
- Кўришлар: 240
- Чоп этиш