2024 йил 11-22 март кунлари АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиясининг (CСW) 68-сессияси бўлиб ўтади ва ушбу тадбирнинг асосий эътибори гендер тенгликка эришишни тезлаштириш ва камбағалликни бартараф этиш орқали хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилади.
Сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликка эришиш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш борасида кўплаб ижобий натижаларга эришганлигини инобатга олган ҳолда БМТнинг Аёллар ташкилоти Марказий Осиё ва Озарбайжон учун маслаҳатлашувларни айнан Ўзбекистонда ўтказиш бўйича таклифни илгари сурди.
Мазкур маслаҳатлашувлар жорий йилнинг 12 февраль куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати БМТ Аёллар ташкилоти билан ҳамкорликда “Гендер тенгликка эришишни тезлаштириш ва камбағалликни бартараф этиш, институтлар ва гендерга оид молиялаштиришни мустаҳкамлаш орқали барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” мавзусида ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон давлатларининг Парламент аъзолари, фуқаролик жамияти, ёшлар ташкилотлари ва илмий доиралар вакиллари, гендер экспертлар, БМТнинг ўндан ортиқ дастурлари, жамғармалари ва агентликлари, ҳамда гендер тенглиги ва аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш тарафдори бўлган хусусий сектор вакиллари иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Нарбаева тадбир иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.
— Бугунги кунда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатлари хотин-қизларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, зўравонлик ва камситишнинг олдини олиш, шунингдек, қарорлар қабул қилиш жараёнларида иштирокини таъминлаш борасида улкан ютуқларга эришди.
Мамлакатларимизда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар натижасида зарур тажриба ва амалиёт тўпланди, хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётда тўлиқ ва тенг ҳуқуқли иштирок этиши учун қулай шароитлар яратилмоқда.
Биз давлатларнинг барча жабҳаларида аёллар ва эркаклар учун тенг шароитларни назарда тутувчи Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси мақсадларига эришиш сари босқичма-босқич бормоқдамиз.
Шу мақсадда Ўзбекистон хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш тарафдори — дея таъкидлади Т. Нарбаева.
Шунингдек, маслаҳатлашувларда минтақавий органлар – БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, Марказий Осиё мамлакатлари аёллар мулоқоти ва бошқалар иштирок этди.
Маслаҳатлашувлар давомида институтлар ва гендерга оид молиялаштиришни мустаҳкамлаш аспектларини инобатга олган ҳолда камбағаллик муаммоларини ҳал қилишда тармоқлараро ҳамкорликни мужассамлаштириш ҳамда гендер тенгликни ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришни таъминлаш учун молиялаштиришдаги узилишларни бартараф этиш: гендер тенглик сиёсати ва бюджетларига таъсир кўрсатиш учун салоҳият ва маконини кенгайтириш каби мавзуларда муҳокамалар ташкил этилди.
Шунингдек, ҳақ тўланмайдиган парвариш ва уй ишларининг номутаносиб юки билан курашиш: хизмат кўрсатиш фаолиятига ўтиш ҳамда ижтимоий ҳимоя хизматлари ва тизимлари мавзуларига эътибор қаратилди.
Мазкур маслаҳатлашувларни ўтказишнинг асосий мақсади Марказий Осиёда гендер тенгликка эришиш борасида минтақанинг салоҳияти ва имкониятларини баҳолаш, камбағалликни бартараф этишда, ижтимоий ҳимоя ва ишчи кучи фаолияти борасида устувор ривожланиш стратегияларини белгилашдан иборатдир.
Маслаҳатлашувлар якуни бўйича Марказий Осиё минтақаси (Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон) ва Озарбайжоннинг CСWнинг 68-сессиясига ҳисса қўшадиган ва ундаги иштироки учун асос бўладиган кенг қамровли мурожаатлар, илғор тажриба ва аниқ тавсиялар тўпламини ўз ичига олган ҳужжат қабул қилинади.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 13.02.2024
- Кўришлар: 2258
- Чоп этиш