Варшавада Ўзбекистон ва ЕХҲТ ДИИҲБ ўртасида музокаралар бўлиб ўтди

Варшава шаҳрида Ўзбекистон ва ЕХҲТ ДИИҲБ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонаси дипломатлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) юқори мартабали ходимлари билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва ЕХҲТ ДИИҲБ ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

 ДИИҲБ вакилларига Ўзбекистон томонининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги таъминлаш, жамиятни демократлаштириш ва бошқа соҳалардаги масалаларни биргаликда муҳокама қилиш ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа позицияларни кўриб чиқишга тайёрлиги ва бундан манфаатдорлиги таъкидланди.

Суҳбатдошлар Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан, фуқаролик жамиятини шакллантириш, гендер тенгликка эришиш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотларнинг самарали натижалари билан танишдилар.

ДИИҲБ ходимлари Ўзбекистон томонининг ҳамкорликка тайёрлиги ва очиқлигини ҳамда республиканинг халқаро ташкилотлар доирасидаги сиёсий фаоллигини юқори баҳолади. Ушбу фаолият мамлакат имижи учун муҳимлиги таъкидланди.

Бюро вакилларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳасида салмоқли муваффақиятларга эришди, шунингдек, бу борада Ўзбекистон ҳукумати билан конструктив мулоқот давом этмоқда.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech