Ҳар қандай мамлакат — бу фақат муайян ҳудуд ёки иқтисодиёт эмас, балки ўз орзу-умидларию хоҳиш-истакларига эга бўлган одамлардан иборат чинакам тирик организмдир. Шу боис давлатни бошқариш учун оқилона қарор ва стратегиялар билан бир қаторда айни мамлакат халқининг ҳаётий эҳтиёжларини чуқур англаш ҳам талаб этилади.
Одамларга ишонч керак
Ўз ҳамюртларининг ҳис-туйғуларини қалбдан ҳис қиладиган етакчи фақат қуруқ далиллару ҳисоб-китобларга таянган ҳолда бошқарадиган раҳбардан кўра кўпроқ муваффақиятларга эришади. Тарихнинг гувоҳлик беришича, барча замонда узоқни кўра биладиган маҳоратли раҳнамо бўлиш билан бирга одамларни фаровон турмуш сари етаклашга қодир, фидойи шахсларгина буюк ҳукмдор бўлиб етишган.
Дарҳақиқат, ўз халқининг ғаму ташвишларини нафақат чуқур англай оладиган, балки унга чинакам ғамхўрлик кўрсатадиган раҳбар катта ишонч қозона олади, қўллаб-қувватловга эга бўлади. Ана шу ишонч, ана шу қўллаб-қувватлаш турли инқирозлар кетма-кет юз бераётган бугунги дунёда мамлакатни барқарор ривожланиш сари етаклаш учун раҳбарга куч-қувват ато этади. Бунинг учун эса расмий мажбуриятлар билан чин инсоний, маънавий қадриятлар ўртасидаги муштаракликни таъминлаш ниҳоятда муҳимдир.
Тўғри, ҳозирги замонда мамлакат бошқарувида асосий ролни ҳуқуқий тизим ўйнайди ва сиёсатчилар ўша тизим доирасида ҳаракат қилишади. Аммо қонун — бу восита, холос. Чинакам етакчи эса нафақат қонун доирасида иш кўради, балки ўз қалби буюрган ҳамда жамиятнинг ахлоқ қоидалари тақозо этаётган талабларга ҳам бўйсунади.
Тарихда шундай мисоллар ҳам борки, айрим мураккаб даврларда сиёсий етакчилар учун одамларнинг дардини тушуниш ва ҳис этиш алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Шунда улар мавжуд далил ва рақамларга таяниш баробарида фуқароларнинг кайфиятини ҳам ҳисобга олганлар.
Буюк депрессия даврида кўпгина америкаликлар келажакка ишончини йўқотган эди ва ўшанда АҚШ Президенти Франклин Рузвельт «Камин ёнидаги суҳбатлар» орқали халқ билан самимий мулоқотни йўлга қўяди. Айнан шу номдаги радиоэшиттириш воситасида мамлакат раҳбари — олий давлат арбоби оддий фуқаролар билан тўғридан-тўғри суҳбатлашади. Рузвелт мавжуд қийинчиликлар ҳақида содда шаклда маълумот бериб, уларнинг ечимини таклиф этади. Одамлар эса ана шундай қийин шароитда раҳбар уларнинг муаммоларини тушуниб, қўллаб-қувватлаётганини ҳис қилади.
Ёки Иккинчи жаҳон уруши йилларида Буюк Британия инқироз ёқасига келиб қолади. Шундай шароитда Уинстон Черчилл одамлар билан очиқчасига, сидқидилдан гаплаша олиш қобилияти туфайли миллат ишончига сазовор бўлади. У мавжуд муаммоларни яширмайди, балки некбинлик ва келажакка ишонч орқали миллионлаб одамларни руҳлантиради. Унинг сўзлари ва хатти-ҳаракатлари раҳбариятга ишончни мустаҳкамлайди. Халқ кўрилаётган чоралар умумий фаровонлик учун зарур эканини тушуниб етади ва раҳбарни қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, Нелсон Мандела ҳам юқори даражадаги интеллект ва ҳис-туйғуга эга бўлган етакчи эди. Бир неча йилни қамоқда ўтказиб ҳам у аламзада бўлмади, балки мамлакатга раҳбарлик қила бошлагач, ҳайратли даражада донишмандлик ва бағрикенгликни намойиш этди. Раҳбар шуни тушуниб етдики, тенглик ва адолатга асосланган янги жамият қуриш учун одамларни аввалги айблари учун жавобгарликка тортиш эмас, балки ўзаро ишонч ва ҳамкорлик учун асос яратиш лозим экан. У одамларга, жумладан, собиқ душманларига ҳам хайрихоҳлик кўрсатди, бу эса Жанубий Африкани қонли тўқнашувлардан сақлаб қолди.
Ироданинг букилмаслиги бўйича шахсий намуна ҳам халқни илҳомлантиришга ёрдам беради. Масалан, Маҳатма Ганди одамларни мажбурламаслик маслагида қатъий турган ва шу орқали миллионлаб ҳиндларни илҳомлантира олган. Унинг адолат тамойилларига содиқлиги шуни кўрсатдики, чинакам куч-қудрат — руҳият барқарорлиги ва қадриятларга садоқат, ўз халқига ишонч ва фидойиликда экан.
Буюк тарихий шахслар ўз ички овозига эргашишдан қўрқмаганлар, ҳатто бу мавжуд талаб ва меъёрларга мос келмасада. Улар раҳбарликни нафақат қонунларга, балки ўзларининг ички эътиқодига, танлаган йўлининг тўғрилигига бўлган ишончига таяниб олиб боришган. Уларнинг халқ дардини чуқур ҳис қилиши жамиятда туб ўзгаришларга олиб келган. Давлат раҳбарининг халқ билан самимий мулоқоти турли инқирозларни енгишда ҳам ёрдам берган. Қачонки, одамлар қийинчиликларга рўбарў келар экан, улар нафақат тўғри қарорларни кутади, балки қўллаб-қувватлашларини, эртанги кунга ишонч бахш этишларини хоҳлашади. Ва бундай ҳолатда фуқароларга хотиржамлик, фаровонлик олиб келишга тайёр бўлган йўлбошчи миллионлаб одамлар учун умид ва куч-қудрат рамзига айланади.
Кўз ўнгимиздаги ўзгаришлар
Биз мамлакатни жамият билан самимий ва ўзаро ишончга асосланган муносабат ўрната оладиган, халқнинг ҳурматига сазовор инсон бошқариши нақадар муҳимлиги ҳақида гапирар эканмиз, бундан роппа-роса саккиз йил аввал Ўзбекистоннинг бош вакиллик ва қонун чиқарувчи органи — Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Шавкат Мирзиёевга президентлик ваколатлари юклатилганини эсга оламиз. Шу билан халқнинг орзу-умидларини акс эттирган, уни яратувчанликка ундаган ислоҳотларга старт берилди.
Шу ўтган қисқа даврда нима ўзгарди? Жуда кўп нарса. Чинакамига улуғвор ўзгаришлар рўй берди. Лекин баъзилар ўшанда «башорат» қилганидек, сценарий бунчалик ижобий бўлмаслиги ҳам мумкин эди.
Айрим «экспертлар» мулоҳазасига кўра, Ўзбекистонда ҳокимият ўзгарса, у гўёки Ливия йўлидан кетиши ҳам мумкин экан. Мазкур мамлакат 2011 йилда сиёсий беқарорликка дуч келди ва бу давлатни парчалаб юборган узоқ муддатли фуқаролар урушига айланиб кетди.
2000 йилларнинг бошида Аргентинада президентлар алмашгани инқирозга олиб келди, у камроқ қон тўкилиши билан бўлсада, худди шундай узоқ муддатли оқибатларга сабаб бўлди. Жанубий Америкадаги бу мамлакатда беқарор сиёсий вазият юзага келиб, иқтисодиётга катта зарар келтирди. Сармоядорлар бу давлатга ишончни йўқотди, капитал четга оқиб кета бошлади, миллий валюта қадрсизланди, ички бозор саросималикка юз тутди. Тасодифий ҳокимият алмашинуви сабабли юз берган иқтисодий инқироз иш ўринлари қисқаришига, турмуш даражаси пасайишига, камбағаллик ортишига ва охир-оқибатда оммавий тартибсизликлар ҳамда қурбонлар берилишига олиб келди.
Шунга ўхшаш вазиятларда кўпгина мамлакатларда сиёсий беқарорлик уларнинг халқаро майдондаги нуфузига салбий таъсир кўрсатади. Инқироз туфайли давлатнинг халқаро ишларда иштирок этиш, музокаралар олиб бориш ва ўз манфаатларини глобал майдонда ҳимоя қилиш қобилияти пасаяди. Агар мамлакат ўз ички муаммоларига ўралашиб қолса, унинг халқаро ташкилотлардаги таъсири ҳам тушиб кетади, ҳамкорларини йўқотади, ташқи сиёсатдаги позициялари ҳам кучсизланади. Кўпинча турли кучлар ўз таъсирини ошириш мақсадида бундай мамлакатларнинг ички ишларига аралашишга уринади. Баъзан шу каби ҳолатлар мамлакатнинг халқаро ҳамжамиятдан четланиши ёки бошқа давлатларга қарам бўлиб қолишига олиб келган. Ўз навбатида, инқироз ҳам чуқурлашган.
Ўзбекистонда эса, аксинча, кейинги йиллар мислсиз ислоҳотлар даври бўлди. Бунда анча йиллар давом этган ва одамларни қийнаб келган муаммолар босқичма-босқич ҳал қилина бошланди. Валютани алмаштириш, пластик картадан нақд пулни ечиб олиш ёки пойтахтдан сотиб олинган хонадонда рўйхатга туриш каби ишлар қанчалик қийин бўлганини ҳозир кўпчилик эсламайди ҳам. Бир қарашда арзимасдек туюлган бундай ҳолатлар одамларнинг эркинлигини чекларди, устига-устак коррупцияга йўл очар эди.
Амалга оширилган ўзгаришлар кўп ўтмай натижасини бера бошлади. Амалдорлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари томонидан оддий фуқароларга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Давлат ва жамият ўртасидаги қутблашувга барҳам берилди. Халқ билан мулоқот бўйича йўлга қўйилган тизим туфайли аҳоли эҳтиёжларига катта эътибор қаратилди. Узоқ йиллар атрофини ҳам зоҳиран, ҳам моҳиятан иҳоталаб келган давлат идоралари халққа очилди. Одамлар дарду ташвишлари, ўзларини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан тегишли идораларга бемалол арз қила бошлади. Уларнинг бартараф этилишини талаб қилиб, бу эзгу ишларда фаол қатнашиши оддий ҳолга айланиб бормоқда. Шу орқали инсонларнинг давлатга ҳамда келажакка ишончи янада мустаҳкамланмоқда.
Мамлакатимиз тўғри йўлдан бораётганини Халқаро валюта фондининг маълумотлари ҳам тасдиқлайди. Унга кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 100 миллиард доллардан ошган. Жаҳон банки башоратларига кўра, бу йил мамлакатимизда ЯИМнинг ўсиши 5,3 фоизни ташкил этади. Бу эса кўпгина давлатларникига нисбатан анча юқори.
Барқарорлик ва иқтисодий ўсиш, ўз навбатида, ижтимоий соҳани ривожлантириш, ёшлар тарбияси бўйича ишларни кучайтириш имконини беради. Бугунги кунга келиб спорт ҳам ўзбекистонликлар фахрланиши учун алоҳида сабабга айланди. Олимпиадаларда эришилган медаллар шодаси туфайли мамлакатимиз номи юқори сатрларни банд этди. Яқинда Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон вакиллари 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритди. Паралимпиячиларимиз эса ундан ҳам кўп — 26 та медаль билан қайтди, уларнинг 10 таси олтин.
— 2024 йилнинг ёзги Олимпия ўйинлари халқаро ҳамжамият кўз ўнгида Ўзбекистоннинг ниҳоятда улкан спорт салоҳиятини намойиш этди, Лос-Анжелесда бўладиган кейинги ўйинларда унинг давомини кўришга ошиқяпмиз, — деб ёзди Франциянинг оммавий ахборот воситалари мухбирлари.
Хитойда инглиз тилида чиқадиган «Global Times» газетаси шарҳловчиси бизнинг спорт делегациямиз муваффақиятининг сирини очиб берди:
— Ўзбекистонда спорт инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор берилади. Бу мамлакат йирик халқаро мусобақалар, жумладан, бокс, таэквондо, эркин кураш, қиличбозлик ва бошқа спорт турлари бўйича жаҳон ва Осиё чемпионатларини ўтказиш жойига айланди. Мамлакатда 200 дан ортиқ спорт иншоотлари қурилган ва яна 150 та иншоот реконструкция қилинган. Бундан ташқари, Ўзбекистон 2025 йилда ўсмирлар ўртасида Осиё ўйинларини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.
Умуман, бугун юртимизни бутун дунёда яхши билишади. Халқаро тадбирларда хорижлик ҳамкасбларимиз билан мулоқотда бўлсак, улар мамлакатимиздаги ислоҳотлар ҳақида катта ҳаяжон билан муносабат билдиришади. Бундан бир неча йил олдин Ватанимиздан кетган ёки бир неча йил хорижда бўлиб қайтган одамлар ҳам Ўзбекистонни танимай қолишмоқда. Юртимизга мунтазам келиб турувчи одамлар эса ўзгаришлар динамикасини кузатиши ҳақида фикр билдиради.
— Менинг Ўзбекистонга ташрифим Сиз бевосита ўз фаолиятингизни бошлаган 2017 йилда амалга оширилган эди, — деб ёзганди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш давлатимиз раҳбарига. — Мана шу ўтган вақт мобайнида кузатувларим натижасида шунга иқрор бўлдимки, Сиз бошлаган ислоҳотлар Ўзбекистон халқининг асосий ҳуқуқларини, фуқароларнинг фаровонлиги ва порлоқ келажагини таъминлашга қаратилган.
Минтақани ҳаракатга келтирган янгиланиш жараёни
Ахборот бир зумда тарқаладиган бугунги глобаллашув даврида бирор мамлакат ҳаётига оид ҳар қандай муҳим қарор ўша мамлакат ҳудудидагина қолиб кетмасдан, бутун дунёга ошкор бўлади. Сиёсатшуносларнинг таъкидлашларича, савдо-иқтисодий алоқалар билан ўзаро боғланган қўшни давлатлар яқин ҳамкори ҳаётидаги муҳим воқеаларга муайян муносабат билдиришлари табиий заруратга айланган.
Шу нуқтайи назардан олиб қарайдиган бўлсак, янги Ўзбекистонни барпо этишни мақсад қилган бизнинг мамлакатдаги янгиланиш жараёни бутун Марказий Осиё минтақасини ҳаракатга келтирди.
«Биз энди 37 миллионлик катта халқмиз. Ўзбекистон ҳозирги кунда аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири ҳисобланади», деди Президент мустақилликнинг 33 йиллигига бағишланган тантанали маросимда.
Аҳолиси бўйича минтақада энг йирик мамлакат нафақат ўзида туб ўзгаришларни амалга оширмоқда, балки бутун минтақада янгиланишларга туртки берувчи интеграция жараёнларини фаол йўлга қўйди.
Президентлигининг дастлабки кунлариданоқ Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда Марказий Осиёни устувор, дея эътироф этди. Шундан сўнг бошланган астойдил ва изчил ҳаракатлар муқаддам виза ҳамда савдо чекловлари исканжасида қолган, на транспорт, на гуманитар алоқаларга эга бўлган, гўёки узоқ вақтдан буён мудраб ётган минтақани уйқудан уйғотди.
Баъзан шундай туюладики, Евроосиёнинг қоқ юрагида жойлашган бепоён минтақа мамлакатларининг сиёсатчиларию халқлари мутлақо янгича фикрлай бошлади. Бунга расмий Тошкент ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё етакчиларининг Маслаҳат учрашувлари натижалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётгани туфайли минтақа мамлакатлари — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон — асрлар давомида савдо-сотиқ, маданий-гуманитар алоқалар воситасида биргаликда ривожланиб келганликлари ёдга солингани сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас. Амбициялар, тарғибот ва сохта ваъдалар тарихий далилларга соя солган, глобализация ва иқтисодий инқирозлар эса рақобатни келтириб чиқарган эди.
Энди кўзимиз очилди. Бугун «бешлик» мамлакатлари ғолиблар бўлмайдиган ўйинда мусобақалашгандан кўра ҳамкорлик, бирдамлик орқали кўпроқ нарсага эришишига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Бундай ёндашувдан, айниқса, қуда-анда, дўсту биродар тутинган халқларимиз манфаатдор бўлмоқда. Ўн йиллаб бир-бирининг дийдоридан айрилган, азалий борди-келдилардан мосуво бўлган қардошларнинг юрак тубидаги истакларини эса қоғозда битилган тақиқлардан инсонийликни устун қўйган улкан қалб соҳибигина илғаб ололди.
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари раҳбарлигида ўзбек халқи янги Ўзбекистонни барпо этиш сари буюк йўлга қадам қўйди, — дея таъкидлайди ХХР Раиси Си Сзинпин. — Турли соҳалардаги ислоҳотлар ва тараққиёт суръати жадал тус олди. Мамлакат мутлақо янги қиёфага эга бўлди, муносиб ҳаёт шароити яратилмоқда, республиканинг халқаро майдондаги мавқеи тобора мустаҳкамланмоқда.
Биргаликда фаровонлик сари
Охирги саккиз йилдаги ислоҳотлар, жаҳон миқёсидаги мураккаб вазиятга қарамасдан, келажакка ишонч билан боқишга асос беради. Масалан, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги фаол босқичга чиққан интеграция жараёнлари Ўзбекистонга минтақадаги мавқеини мустаҳкамлаш имконини берибгина қолмай, уни глобал даражада муҳим иштирокчига айлантиради. Биргаликдаги лойиҳалар ва ташаббуслар стратегик иқтисодий ўсиш учун шароитлар яратади, фуқаролар фаровонлигини юксалтиради, барқарорликни мустаҳкамлайди.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, барчамизнинг фидокорона меҳнатимиз билан халқларимизнинг барқарор тараққий этган, тинчлик ва ҳамжиҳатлик руҳи ҳукм сурадиган янги Марказий Осиё ҳақидаги орзуси реал ҳақиқатга айланмоқда. Минтақамиз иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаол марказлардан бири сифатида жадал ривожланмоқда. Бугунги ноёб тарихий имкониятлар асосида Марказий Осиёда ҳар томонлама соғлом сиёсий муҳит, келгуси авлодлар учун эркин ва хавфсиз келажак яратишимиз зарур.
Сир эмаски, Ўзбекистоннинг келажаги яқин қўшнилар билан чамбарчас. Айни дамда қўшниларимизнинг истиқболи маълум маънода мамлакатимизга боғлиқ. Демак, минтақада интеграциялашувни кучайтиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракат Марказий Осиё мамлакатларига биргаликда фаровонликка эришиш имкониятларини оширади.
— Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсати Германия учун катта аҳамиятга эга воқелик бўлди, — дейди «Германия — Ўзбекистон форуми» президенти Детлеф Принс. — Айни пайтда бу ислоҳотлар шунчалик муваффақиятли амалга оширилмоқдаки, Ўзбекистон яқин келажакда дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан бирига айланишини прогноз қилиш мумкин.
Жаҳон миқёсида иқтисодий инқирозлардан тортиб глобал трансформацияларгача бўлган хатарлар ҳукм сурган бугунги даврда халқ билан ҳамнафаслик ўта муҳим аҳамият касб этади. Халқ манфаати йўлида чин қалбдан амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат иқтисодиётни юксалтиришга, балки инсонларни буюк ишларга сафарбар этишга, ишонч ва бирдамлик муҳитини яратишга қодир. Ўз навбатида, бу фаровон келажак учун барқарор асос яратувчи безавол қудрат манбаи ҳамдир.
Қисқача айтганда, мамлакатимизнинг кейинги саккиз йиллик тараққиёт йўлини худди кино тасмасидек кўз олдидан ўтказиш, ислоҳотларнинг суратию сийратини англаш, юксалиш пиллапояларини теран идрок этиш киши қалбини нурли туйғуларга тўлдиради, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлайди, эл-юрт тақдири ва истиқболига дахлдорлигини кучайтиради.
Бу янгиланишларнинг барчаси фавқулодда ҳассос шахс, буюк Йўлбошчининг қатъий сиёсий иродаси, улкан бунёдкорлик қудрати, халқимизга ва бутун башариятга битмас-туганмас меҳр-муҳаббати туфайли, шунингдек, унинг ортидан эргашган, унга камарбаста бўлаётган улуғ халқ қудрати билан ҳаётга кўчайотгани юракни тўлқинлантириб юборади, жўшқин илҳом бахш этади.
…Тонгларни уйғотар эзгу хушхабар,
Одамлар кўнглига жойлар сўзини.
Жонин нисор этган ул зот мўътабар,
Бахшида айламиш элга ўзини.
Бугун илму ирфон боғи кўрк очган,
Тан олади ҳатто бу жаҳон аҳли.
Халқнинг хизматига югурган, шошган,
Ул элпарвар инсон шарафга ҳақли.
Ташаббус, ғоялар дилда жамулжам,
Боболар руҳини шод этгай ҳар кун.
Бунчалар бетакрор куч-ғайрат, чидам,
Борлиғин бағишлаб ишлайди бутун.
Халқнинг қудрати ҳам унга зўр таянч,
Бунёдкор шаштига йўқдир ҳеч қиёс.
Унинг заковати бебаҳо бир ганж,
Бу кўҳна оламда буюклиги рост.
Ниятим шул менинг, орзу, аҳдим бут,
Мудом яшна юртим, мудом кўркли бўл.
Элдошим, сен унинг қўлларидан тут,
Токи муқаддас ва шарафли бу йўл!
Токи хотиржамлик неъмат аталса,
Токи қадрласа уни дун, башар.
Тиллардан умрбод тинчлик таралса,
Бу Ватан яна минг, миллион йил яшар.
Ўткир РАҲМАТ.
- Қўшилди: 12.09.2024
- Кўришлар: 1016
- Чоп этиш