Халқаро Омбудсман институти томонидан Африка Омбудсманлари Тадқиқот маркази билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш: Омбудсман институтларининг ўрни” мавзусида онлайн шаклда мулоқот ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Омбудсмани Феруза Эшматова ҳам иштирок этди.
Тадбирда 50 дан ортиқ давлатларнинг Омбудсманлари, жумладан, Халқаро Омбудсман институтига аъзо мамлакатлар Омбудсманлари ва Африкадаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакиллари ҳамда халқаро экспертлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Мазкур халқаро учрашув Омбудсман институтининг роли ва аҳамиятини тарғиб қилиш ҳамда соҳа мутахассисларининг фикр ва ғояларни муҳокама қилиш учун махсус платформа вазифасини бажарди.
Омбудсманлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, ҳуқуқлари бузилаётган шахсларнинг мурожаатлари ижобий якунланиши учун барча чораларни кўриш, мазкур институтнинг нуфузини ошириш устида мунтазам ишлаш бўйича фикрлар билдирди.
Онлайн видеоучрашув якунларига кўра, иштирокчилар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Халқаро Омбудсман институти аъзоси ҳисобланади.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 27.03.2024
- Кўришлар: 1842
- Чоп этиш