Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Хитой ўртасида яхши қўшничилик ва дўстлик муносабатлари жадал ривожланиб бормоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги яқин, самимий ва биродарлик ришталари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий, шу билан бирга, ҳудудлараро ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Маълумки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 29 март куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони Партия қўмитаси котиби Ма Синжуй ва 2024 йилнинг 28 март куни Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз бошчилигидаги делегацияларни қабул қилган эди. Учрашувларда Ўзбекистоннинг Хитой билан савдосининг қарийб 10 фоизи ШУАР ҳиссасига тўғри келиши, ушбу ҳудуд етакчи компаниялари билан ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳалари портфели 3,5 млрд. долларни ташкил этиши маълум қилинди. Шавкат Мирзиёев ШУАР билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Шинжон мевалари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан узум, қовун, нок, пахта, буғдой, ипак, ёнғоқ ва бошқа сабзавот-мевалари билан машҳур. Шинжонда Хитойнинг 90 фоиз ва дунёнинг 20 фоиз пахта ҳосили етиштирилади. Пахтанинг 80 фоиздан ортиғи машиналар томонидан йиғиб олинади. 2022 йилда Шинжонда пахта экин майдони қарийб 2,5 миллион гектарни ташкил этди, минтақада 6,3 мингдан ортиқ пахта йиғим-терим ускуналари мавжуд. 2022 йилда Шинжонда 5,39 миллион тоннадан ортиқ пахта йиғиб олинди (мамлакатдаги умумий пахта ишлаб чиқаришнинг 90,2 фоизи).
Минтақанинг энг йирик ташқи савдо шериклари Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон бўлиб, Тожикистон, Афғонистон, Россия, Жанубий Корея, Япония, Вьетнам, Индонезия ва Таиланднинг улуши ўсиб бормоқда. Шинжон электромеханик маҳсулотлар, батареялар, қуёш панеллари, электр транспорт воситалари, матолар, кийим-кечак ва пойабзалларни ва асосан хом ашё (пахта, жун, табиий газ, ёғоч), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини (шу жумладан гўшт, сут ва балиқ маҳсулотлари, янги ва қуритилган мевалар, қовун, ёнғоқ, дон ва дуккаклилар) экспорт қилади. Минтақанинг Марказий Осиёнинг бешта давлати билан савдо ҳажми 75,1 фоизга ўсиб, 119,66 миллиард юанга етди.
«Юз марта эшитгандан кўра бир марта кўрган яхши» деган гап бор. Хитой Халқ Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар учун Шинжон-Уйғур автоном районига Пресс-тур ташкил қилди. Сафаримиз 14 июль куни минтақа маъмурий маркази Урумчи шаҳридан бошланди.
Урумчи аэропортида йўловчилар учун яратилган имкониятлар эътиборимизни тортди. Аэропорт замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, инсон омили деярли кўзга ташланмайди. Аэропорт ҳудудининг тозалиги билан дунёнинг бошқа шаҳарларидаги аэропортлардан ажралиб туради. Аэропортдан Урумчи шаҳрининг маркази томон борар эканмиз, кўзимиз жадаллик билан олиб борилаётган қурилишларга тушди. Ободончиликка катта эътибор қаратилмоқда.
Шинжон нафақат меъморий ёдгорликлари ва қадимий шаҳарлари, балки ўзига хос маданияти билан ҳам ажралиб туради. Уйғурлар асрлар давомида ўз маданиятини ўзгаришсиз сақлашга муваффақ бўлди. Бугунги кунда Шинжон Хитойнинг энг муҳим сайёҳлик марказларидан биридир. Ноёб меъморий ёдгорликларни кўриш учун бу ерга бутун дунёдан сайёҳлар келади. Бундан ташқари, Шинжондаги энг қизиқарли саёҳатлардан бири Такламакан чўли орқали карвон йўллари бўйлаб саёҳат ҳисобланади, бу сизга бир мунча вақт ўрта асрлар Шарқ атмосферасига шўнғиш имконини беради. Замонавий Шинжон бутун дунёдан келган сайёҳлар учун Хитойнинг энг машҳур дам олиш масканларидан биридир. Одамлар бу ерга нафақат ушбу минтақанинг ажойиб маданияти билан танишиш, балки Буюк Ипак йўлидаги шаҳарлар бўйлаб унутилмас саёҳат қилиш учун ҳам келади.
Шаҳар марказида қад ростлаган «Kunlun Hotel» меҳмонхонасига жойлашиб бироз ҳордиқ чиқарганимиздан сўнг, дастурда белгиланган илк манзилга йўл олдик. Очиқ айтиш керак, дастур ўта мукаммал ишлаб чиқилгани боис ҳар бир дақиқа ҳисобга олинган бўлиб ўзбек журналистлари шаҳар тарихи, маданияти, иқтисодий ютуқлари билан танишиш имкониятларига эга бўлишлари кераклиги кўзда тутилган эди. Бизларни аввалига Шаҳар режалаштириш Музейига олиб боришди. Хитой ҳукумати ШУАРнинг ижтимоий-иқтисодий соҳасига катта инвестиция киритганига гувоҳ бўлдик. Айни дамда замонавий меъморчилик ва инфратузилмага эга Урумчи йирик мегаполисга айланибди. Осмонўпар бинолар, йирик корхоналар, гўзал меҳмонхоналар ва шаҳарнинг гўзал табиати сайёҳларни ўзига ром қилади.
Шаҳар режалаштириш Музейида минтақанинг тараққиёт тарихи ва босқичлари билан боғлиқ қизиқарли маълумотларни олдик. Гул шаклида қурилган Музей мажмуасининг ўзи олтита корпусдан иборат бўлиб, уларда Шаҳар режалаштириш музейи, Бадиий театр, Амалий санъат кўргазмаси, Мусиқа маркази ва бошқа муассасалар жойлашган. Музей экспозицияси шундай жойлаштирилганки, ташриф буюрувчилар аввалига қадимий даврлар билан ошно тутиниб, сўнг замонавий воқелик билан танишади. Айниқса, Буюк Ипак йўли тарихига оид қизиқарли маълумотларни олиш мумкин. Хитойдаги ҳар бир музейда бўлгани каби Урумчи Шаҳар режалаштириш музейида ҳам мумдан ясалган фигуралар одамни ўзига жалб қилади. Бу ердаги айланувчи кресло ва махсус эффектлар билан жиҳозланган 5G кинотеатрда сиз тарих ичига тушиб қоласиз. Музей фильмотекасида сўнги ўн йилликларда мегаполисда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари акс этган фильмлар билан танишиш мумкин. Урумчидаги бу музейга ташриф буюриб шаҳарсозлик ва шаҳаршуносликка илмий ёндашиш мумкинлигини ўрганиш мумкин. Шинжоннинг маъмурий маркази шунчаки бўйига ўсиб, ёнига кенгайиб бораётган шаҳар эмас. Сўнгги ўттиз йил ичида шаҳар нафақат ўз ҳудудини кенгайтирди, балки баланд қаватли бинолар туфайли юқорига ҳам кўтарилди. Урумчида кўплаб мегаполисларда кузатиладиган транспорт тирбандликлари, жамоат транспортидаги муаммолар туфайли бекатларда йўловчиларнинг кўплиги деярли кўзга ташланмайди. Шунингдек, шаҳарда сув ва электр таъминотида муаммолар йўқлиги айтилади. Шаҳарнинг ривожланишига илмий ёндашилган – ҳаммаси аниқ режалаштирилган.
Ўзбекистонлик журналистлар шунингдек, терроризм ва радикаллашувга қарши курашга бағишланган кўргазмага ҳам борди. Шинжон университети қошидаги «Шинжон масалаларини ўрганиш» институтида мутахассислар билан қизиқарли суҳбат ташкиллаштирилди.
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
- Қўшилди: 15.07.2024
- Кўришлар: 1171
- Чоп этиш