Иорданиянинг “Ammаn News” нашри “Ўзбекистон янги сиёсатчилар пайдо бўлиши учун платформалар яратмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилди.
Мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти бош илмий ходими, юридик фанлар доктори, профессор Гулчеҳра Маликованинг “Ўзбeкистондаги янги сайлов тизими: қонунчилик ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда нималар ўзгаради?” мавзусидаги фикрлари баён этилган.
– Сайловга доир барқарор ҳуқуқий маданиятни шакллантирмасдан туриб, эркин жамият ва давлат қуриб бўлмайди, – деб ёзади муаллиф. – Сайлов халқ ҳокимияти асоси экани эътироф этилган ҳақиқат. Мамлакатда эркин сайлов тизими мавжудлиги демократик ва республика бошқарув шакли тамойили ҳисобланади.
МДҲга аъзо давлатларда “Демократик сайлов, сайлов ҳуқуқи ва эркинлиги стандарти тўғрисида”ги Конвенциянинг 9-моддаси 1-бандида шундай ёзилган: – Ҳақиқий сайловда халқнинг эркин ифодаланган истак-иродасини аниқлаш ва бевосита амалга ошириш таъминланади.
Охирги бир неча йил ичида Ўзбекистон Республикаси сиёсий тизимида ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олган муҳим ўзгаришлар юз берди. Шундай янгиликлардан бири сайлов қонунчилиги билан боғлиқ. Гап Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда мажоритардан мажоритар-пропорционал (баъзан аралаш деб аталади)га ўзгариши ҳақида бормоқда. Икки классик электорат формула (мажоритар ва пропорционал)ларни бирлаштирган аралаш сайлов тизими турли қитъалардаги қатор давлатлар, Европа Иттифоқи (Болгария, Венгрия, Германия, Италия ва бошқалар)дан тортиб, Узоқ Шарқ (Япония ва бошқалар)да ҳам қўлланади.
Муаллиф “Мажоритар-пропорционал сайлов тизимига ўтишдан мақсад нима?” деган саволнинг жавобини ҳам келтирган:
Биринчидан, бу тизим овозларни тўлиқроқ ҳисоблашга ёрдам беради ва мамлакатдаги реал сиёсий вазиятни аниқроқ акс эттиради.
Иккинчидан, парламент қуйи палатасидаги ҳудудлар вакиллигининг янада мутаносиблигига эришилади.
Учинчидан, партиялар ва номзодлар ўртасидаги муносабат формати ўзгаради: партиялар ҳақиқатан таниқли, обрўли ва сайловчилар билан фаол ишлашга қодир номзодларни топишга мажбур бўлади.
Тўртинчидан, янги давлат сиёсатчилари пайдо бўлиши учун платформа яратади.
Аралаш сайлов тизими уч турга бўлинади:
пропорционал вакиллик (пропорционал-мажоритар) ёки мажоритар тизим устунлигига асосланган (мажоритар-пропорционал);
пропорционал ва мажоритар тизим тенглигига асосланган.
Республикамиз қонун ҳужжатларида пропорционал ва мажоритар тенгликка асосланган тизимга ўтиш мустаҳкамлаб қўйилган. Бунда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 67-моддаси 2-қисмида Қонунчилик палатаси депутатларининг етмиш беш нафари бир мандатли сайлов округи бўйича, етмиш беш нафари эса ягона сайлов округидаги сиёсий партиялар учун овоз сонига мутаносиб равишда партия рўйхати бўйича сайланади, деб белгиланган.
Қайд этиш лозим, Сайлов кодекси 401-моддасида Марказий сайлов комиссияси, шунингдек, бир мандатлик депутатликка номзодлар томонидан партия рўйхатини қайд ва эълон қилиш тартиби белгиланган. Сайловчи партиялар рўйхатида кўрсатилган номзодлар асосида партия ҳақида ўз тасаввурини шакллантиради.
Сайлов натижасини аниқлашдаги ўзгариш ҳам қизиқарли. Бир мандатли сайлов округидан сайланадиган депутатликка номзодлар мажоритар сайлов тизимининг нисбий кўпчилиги бўйича аниқланади. Бунда Сайлов кодекси 96-моддаси 5-қисмига биноан, энг кўп овоз тўплаган номзод ғолиб деб топилади. Нисбий кўпчиликнинг мажоритар тизими 43 мамлакат, жумладан АҚШ ва Буюк Британия каби қатор давлатларда парламент палаталари ёки иккала палатага сайлашнинг ягона тизими сифатида қўлланади.
Ягона сайлов округи бўйича сайланган сиёсий партияларга нисбатан Сайлов кодексининг 961-моддасида етти фоизлик тўсиқ белгиланган. Бунда овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг етти фоиз овозини олган сиёсий партия депутатлик мандатига эга бўлади.
Тўсиқ сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланган партияларнинг парламентдаги депутатлик ўринларини тақсимлашда сайлов участкаларида юз берган хатолик ёки тасодифийлик даражасини қисқартириш мақсадида киритилган. Одатда, бу фуқаролар овозлари умумий сонининг қарийб икки фоизини ташкил қилади. Бу қиймат сайловчилар гуруҳи беқарорлиги, тасодифийликнинг юқори даражаси ва сайловга таъсир этувчи бир қатор бошқа омиллар туфайли мақбул деб ҳисобланади.
Тўсиқ парламент ичидаги ортиқча фракцион бўлинишга йўл қўймаслик учун ҳам қўлланади. Бу номарказлашув ва иш фалажланишига олиб келиши мумкин.
Тўсиқ муҳим қарорлар қабул қилиш, жумладан ҳукуматни шакллантиришда кичик партияларнинг негатив фаоллиги ва таъсирини истисно қилишга ҳам хизмат қилади. Бу таъсир, кичик партиялар якуний қарор қабул қилишда муҳим роль ўйнайдиган фракцияларни тузиши ва йирик партиялардан устун келишини таъминлаши мумкин. Масалан, худди шундай ҳолат Исроилда 2019-2022 йиллари сиёсий инқирозга – 3 ярим йил ичида Кнессетга беш марта навбатдан ташқари сайлов ўтказилишига олиб келган.
Бундан ташқари тўсиқ мандатларни тақсимлашда иштирок этувчи партияларга ўз вазифасини самарали амалга ошириш учун фаол фракцияларга эга бўлиш имкониятини таъминлаш мақсадида ҳам жорий этилган.
Хўш, бу тўсиқ хорижий мамлакатларда қандай? Нидерландияда – 0,67, Исроилда – 3,25, Россияда – 5, Қозоғистонда – 7, Миср ва Лихтенштейнда – 8, Туркияда – 10 фоиз. Шу билан бирга, бундай тўсиқ умуман қўйилмаган қатор давлатлар ҳам бор: Португалия, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Франция, Швеция ва бошқалар.
Гулчеҳра Маликованинг асосли хулосаси ҳам келтирилган.
Ижтимоий-сиёсий ҳаёт ўз механизми орқали партиялар аро рақобат тузилишига таъсир кўрсатади. Бундай рақобат, ўз навбатида, партия тизими ичидаги ислоҳот омили ҳисобланади. Буларнинг бари биргаликда сайлов тизимидаги ўзгаришлар асосини ташкил қилади.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА
- Қўшилди: 21.10.2024
- Кўришлар: 643
- Чоп этиш