Пойтахтимизда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 2024 йил 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ташкил этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, ҳисобот даврида Германия, Туркия, Болгария, Беларусь, Россия, Латвия, Сербия, Словакия, Саудия Арабистони, Литва, Хорватия, Венгрия, Буюк Британия каби ривожланган давлатлар иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан Ўзбекистондан ишчи кучи жалб қилиш бўйича 48 шартнома имзоланишига эришилди. Шу тариқа келишувлар сони 309 тага етди.
Эътироф этиш керак, юртимизда “Хорижга иш – маҳалладан” тамойилига кўра, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни аниқлаш ва улар билан манзилли ишлаш бўйича янги тизим яратилган. Натижада маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари кўмагида 63 678 фуқаро ташкилий ва манзилли тартибда хорижий давлатга ишга жўнатилди.
Сўнгги йилларда хорижга ишга кетишдан олдин фуқароларга чет тилини ўргатиш ва уларни касбга тайёрлаш жараёни алоҳида назоратга олинган. Бу борада Швейцариянинг “Globogate”, Германиянинг “Nova Agency”, “Technoconsult” “CBZ Munchen” марказлари билан ҳамкорликда немис тилини ўқитиш, Япониянинг “Nippon Educational Academy” компанияси, “Aoikai Yaponiya”, “Yume” ташкилотлари томонидан япон тили, маданияти ва меҳмонхона хизмати, Жанубий Кореянинг “Qirol Sejong” тузилмаси иштирокида корейс тили ва маданияти курслари ташкил этилди. Ушбу гуруҳларга жами 5 191 фуқаро жалб қилинди.
Брифингда хориждаги ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар хусусида ҳам батафсил маълумот берилди. Жумладан, агентликнинг чет элдаги ваколатхоналари аралашуви билан юртдошларимизга иш берувчилардан 376,6 минг долларга яқин иш ҳақи ундириб берилди.
Таъкидланишича, бугунги кунда 10 дан зиёд давлатда тиббиёт, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, юк автомобили ҳайдовчиси, пайвандчи, электр устаси, IT мутахассиси бўйича 154 минг бўш иш жойи аниқланган. Ушбу ўринларни эгаллаш учун хорижий тилни биладиган, малакага эга номзодлар тўғридан-тўғри ёки маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси орқали мурожаат қилиши мумкин.
Брифинг якунида хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимизга турли норасмий эълонлар ёки воситачи шахсларга ишонмаслик, фирибгарлик ҳолатига дуч келган тақдирда зудлик билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки ҳуқуқ-тартибот идорасига маълум қилиш лозимлиги яна бир бор эслатилди.
Гўзал Сатторова,
ЎзА
- Қўшилди: 25.07.2024
- Кўришлар: 1216
- Чоп этиш