Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласи эътибор марказида

Жамиятнинг ривожланганлик даражаси хотин-қизларга кўрсатиладиган эҳтиром билан ҳам белгиланади. Шу туфайли аёл тимсоли барча даврларда гўзаллик, тинчлик-барқарорлик ва маданиятни ўзида акс эттирган.

Аёл ожиза, жисмонан эркаклардан заифроқ бўлгани учун эмас, балки ҳар бир миллат, ҳар бир халқнинг бугуни ва келажаги ёрқин бўлишида, келгуси авлод равнақи ва ривожида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлгани учун ҳам эъзозлаб келинади.  

Мамлакатимизда амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлар жараёнида бу йилги сайловларнинг алоҳида хусусиятини таъкидлаб ўтиш лозим. Аввалги сайлов жараёнларидан фарқли ўлароқ бу йил мажоритар тизимда ўтказилган сайлов жараёнлари жуда кўтаринки руҳда ўтказилгани республикамизда сиёсий ислоҳотларнинг самарасидир.  

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасида ҳам хотин-қизлар билан эркакларнинг тенг ҳуқуқлилик принципи асосида барча ҳуқуқлардан фойдаланишлари кафолатланган.

Ҳақиқатдан ҳам, Олий Мажлисга бўлиб ўтган бу йилги сайловларда аёл номзодларнинг 40 фоиздан кам бўлмаган ҳолда иштироки қонун билан мустаҳкамлаб қўйилгани, давлатимиз томонидан аёлларга берилаётган юксак эътиборнинг намунасидир. Хусусан, Қонунчилик палатасига 56 нафар хотин-қизларнинг депутат этиб сайлангани ва умумий депутатлар сонига нисбатан 38 фоизни ташкил этгани фикримизнинг тасдиғидир. Бу эса хотин-қизларнинг давлат бошқарувида иштирокини янада мустаҳкамлаш борасидаги амалий ишларнинг натижасидир.  

Айниқса, Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида давлатимиз раҳбарининг иштирок этиб, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталибгина қолмай, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар борасида ҳам фикр билдириб, барча соҳаларни ривожлантириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш хусусидаги таклиф ва тавсияларини таъкидлаб ўтди.

Ҳаётнинг барча жабҳаларида аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтириш айни вақтда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланганини таъкидлаш лозим.  

Оилаларда қизларнинг олий таълим муассисида ўқиши учун шароит яратилмоқда. Аёл илмли бўлса, фарзандларини яхши тарбия қилиб уларга ватанпарварлик руҳини сингдира олади. Қизиқишларидан келиб чиқиб, фарзандининг келажаги учун тамал тошини қўя олади.  

Бир сўз билан айтганда, учинчи ренессансга юз тутаётган Янги Ўзбекистон жамияти тараққиёти учун бугунги кун талабларига мувофиқ илмий ва инновацион муҳит, инсон капиталини ривожлантириш ҳар қачонгиданда долзарб аҳамият касб этади. Айниқса, хотин-қизларни ўқитиш мамлакат интеллектуал капиталини шакллантиришга ва инновацион ривожланишига, иқтисодий юксалишига хизмат қилади.  

М.Аҳмедова,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech