Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Туркистондаги жадидчилик ҳаракатига бағишланган кенг кўламли “Хотира йўлаги” деб номланган кўргазма очилди.
Ушбу кўргазма Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Фанлар академияси Тарих институти ва Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси ҳамкорлигида ташкил этилди.
– Бугунги шу мавзудаги кўргазма илк кўргазма эмас, – деди Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси директори Камола Оқилова. – Чунки бу ерда Чўлпон, Беҳбудий, Фитратга бағишланган кўргазмалар ҳам бўлиб ўтганди. Жадидчилик яхлит жараён. Маърифатпарвар боболаримизнинг мероси жуда қадрли ва ранг-барангдир. Бу экспозицияни ёшлар кўриши, билиши керак. Улар янги-янги тадқиқотларга асос бўлиши мумкин.
– Ўз даврининг жадиди Абдулла Орипов умр – дарахтнинг сояси, мен ундан от миниб ўтмоқдаман, деб таърифлаган эдилар, – деди Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тарих институти директори, атоқли тарихчи олим Азамат Зиё. – Гапни бундай бошлашимнинг сабаби, жадидларга бағишланган халқаро форум бўлиб ўтганига ҳам бир ойдан ошибди. Худди шунингдек, жадидлар ҳаракати бошланганидан буён 120 йил ҳам шиддат билан ўтиб кетди. Кўргазма қоронғи йўлаклардан бошланиб, кейин ёруғликка чиқилади. Бундай ҳаётий тимсолларга бежиз таянилмаган. Бунда жадид боболаримиз бошига тушган қора кунлар ва бугунги ёруғ, дориломон кунларга етиб келишдек жараёнга ишора бор.
– Бу кўргазма инсонга бошқача руҳ бағишлайди, – деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Бахтиёр Ҳасанов. – Музейимизнинг илк макети айнан шу бинода яратилганди. Маърифатпарвар боболаримизнинг меросини қанчалик тез тарғиб этсак, ёшлар шунчалик кўпроқ ундан баҳраманд бўлади. Дастлаб маданий-маърифий ҳаракат сифатида кириб келиб, кейинчалик ижтимоий-сиёсий ҳаракатга айланган жадидчиликнинг бош ғояси халқни уйғотиш, Ватан ҳурлиги ва озодлиги, истиқлол эди. Ушбу кўргазмада ҳамюртларимиз бундан 100 йиллар аввалги даврга қайтиб, ўзи учун керакли хулоса чиқариши аниқ.
– Жадидлар ҳаракатига бағишланган халқаро форумда умрини шу соҳага бағишлаган олимлар иштирок этди, – деди Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Акрамжон Фозилов. – Ушбу кўргазма “Тун. Туш. Тонг” деган концепцияга қурилган. Уни Мақсуд Асқаров энг қизиқарли экспонатлар билан бойитишга ҳаракат қилган. Жадидчиликнинг моҳиятини халқимизга етказиб беришда илмий тадқиқотлар билан бирга шу каби кўргазмаларнинг аҳамияти ҳам ғоят каттадир.
Дарҳақиқат, кўргазма XIX аср охири ва ХХ аср бошларидаги Туркистон тарихига, айниқса, маърифатпарвар боболарнинг таълим ислоҳотлари, жамият тараққиётига оид фикрлари ва ҳуқуқий-демократик давлат қуриш ҳаракатларига бағишланган материаллари билан танишиб чиқиш имконини беради. Жадидчилик ҳаракатининг турли қирраларини ўрганишни ўз ичига олган “Хотира йўлаги” кўргазмаси маърифатпарвар ватандошларимизнинг ҳужжатлари, фотосуратлари, шахсий буюмларини намойиш этиш билан бирга уларнинг эзгу орзу-интилишларининг моҳиятини очиб беришда катта аҳамият касб этади.
Шунингдек, кўргазмада Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг пайдо бўлишига туртки берган омиллар, ўша даврдаги ижтимоий-иқтисодий вазият, янги услубдаги мактаблар ташкил этилиши, театр санъати, матбуотнинг фаолияти, гендер тенглик масалаларини қамраб олган экспонатлар билан танишиш мумкин.
Назокат Усмонова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 19.01.2024
- Кўришлар: 2516
- Чоп этиш