Конституциялар одатда давлат ички ҳуқуқининг олий манбаи ҳисобланади. Давлатнинг бошқа барча қонунлари ва ҳаракатлари конституцияга мувофиқ бўлиши шарт. Шунингдек, конституциялар давлатнинг қудратли рамзи бўлиб, умумий қадриятларни бирлик манбаи сифатида белгилаб бериши мумкин. Бу хусусиятлар конституцияларнинг қандай тузилиши ва уларда нималар акс этишига таъсир кўрсатади. Конституциялар давлат тузилиши билан боғлиқ энг муҳим масалалар, жумладан, давлат институтлари ўртасидаги муносабатлар, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ҳокимиятларнинг ваколатлари ва мажбуриятларини қамраб олади.
Конституцияларнинг мазмунини белгилашда давлатнинг халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятлари кўпинча эътиборга олинади. Айниқса, муҳим халқаро-ҳуқуқий мажбуриятлар бевосита Конституцияга киритилиши мумкин, бу эса уларга ички ҳуқуқда устун мақом беради.
Кўпчилик мамлакатлар юзлаб халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларга эга. Шубҳасиз, уларнинг ҳаммасини Конституцияга киритиб бўлмайди.
Ҳар бир мамлакат қайси мажбуриятларни ва қандай киритишни ўзи ҳал қилиши керак. Амалда бу масала асосан икки турдаги мажбуриятлар – давлат тизимига оид ва инсон ҳуқуқларига тааллуқли мажбуриятлар билан боғлиқ ҳолда кўтарилади.
Конституцияларнинг ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи қисмларини ишлаб чиқишда давлатларнинг инсон ҳуқуқларига оид халқаро мажбуриятлари одатда катта таъсир кўрсатади. Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро билл тегишли ҳуқуқлар учун қулай манба ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни Конституцияга киритиш, Конституцияни талқин қилиш ва қўллашнинг одатий жараёнида унга риоя этиш эҳтимолини оширади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги мустаҳкамланди. Ушбу норманинг Асосий қонунимизга киритилиши давлатимиз чин маънода ҳуқуқ устуворлигига эришишга интилаётганлигини намоён қилган ҳолда, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари асосида ҳимояланишини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиздир.
Конституциямизнинг 15 ва 19-моддаларидаги қоидалар мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилаётганлиги, ҳар бир қабул қилинадиган қонунчилик ҳужжати мамлакатимизнинг бу борадаги халқаро мажбуриятларига мувофиқлаштирилаётганлигидан далолат беради.
Бугунги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро шартномаларнинг иштирокчиси ҳисобланади ва уларда мустаҳкамланган нормалар мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилиги билан тизимли равишда мувофиқлаштириб борилмоқда. Биргина мисол, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 25-моддасига “мамлакатимизда ўлим жазосининг тақиқланиши”, 26-моддасига “ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги”, 44-моддасига “болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши”га оид нормаларнинг киритилиши давлатимизнинг бу борадаги халқаро мажбуриятларига содиқлигини намоён қилади.
Жўрабек Расулов,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.
- Қўшилди: 19.02.2025
- Кўришлар: 305
- Чоп этиш