Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил боши – 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган эди.
Мажлисда глобаллашув жараёнида ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги ўта мураккаб шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни, аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланган эди.
Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Интернет журналистика ва медиаменежмент факультети декани, фалсафа фанлари доктори, доцент Ойша Закированинг миллий контентни кўпайтириш, ўзбек тилида таҳлилий материаллар, ахборий хуружга бўлган муносабат, ёшларни жадидчилик руҳида тарбиялаш хусусидаги фикрларига қизиқдик.
– Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистон”нинг асосий мақсад ва ғояларидан бири — келажак пойдевори бўлган ёшларни нафақат ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий, балки маънавий-маданий, ижтимоий ва ахлоқий етук, мустақил фикрловчи баркамол авлодни вояга етказишдан иборатдир.
Шу юртда яшаётган ёшларни ҳар томонлама етук инсон қилиб тарбиялашни бугун замоннинг ўзи тақозо қилмоқда. Кўзланган мақсадга миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизни сақлаб қолиш, қадриятларга содиқ қолган ҳолда, замонавийликка эришиш, бой тарихий меросимизни чуқур ўрганиш, қисқача қилиб айтганда, миллий маънавиятимизни юксалтириш орқалигина эришишимиз мумкин. Зеро, фақатгина маънавият шахснинг, халқнинг, миллатнинг, давлатнинг, қолаверса, жамиятнинг кучи-қудрати, инсоният тараққиёти ва истиқболини белгиловчи ижобий руҳий омил бўлиб хизмат қилади.
Ўтган асрнинг бошларида яшаб ижод қилган жадидчилик намоёндалари теран англаган ҳолда жамиятни маънавий-маърифий ривожлантириш, халқни, айниқса ёшларни илм-маърифатга етаклашни ўзларининг юксак мақсади қилиб белгилаган. Улар ёшлар тарбиясида диний ва дунёвий билимларни бир-биридан ажратмасдан, миллий ўзликни сақлаган ҳолда замонавийликка эришишга ҳаракат қилишган.
Айнан шу жиҳатдан қараганда, Маҳмудхўжа Беҳбудий халқни илм-маърифатли бўлишга чорлаб, жамиятни дунёга очиқ кўз билан қарашини, замонавий хўжалик юритишда билим, фан билан қуролланиб, фаоллик кўрсатишни талаб қилган. Аллома “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, деган ҳаққоний фикрлари билан халқни уйғотишга ҳаракат қилган.
Тараққиётга элтадиган, бирдан-бир ишга яроқли тарбия усули сифатида Исмоил Гаспиралининг “усули жадид”ини тинмай тарғиб қилади. Ҳаётнинг турли соҳаларига тааллуқли замон руҳидаги билимларни юксак тарбиявий талабчанлик билан бошқаларга қараганда, қизиқарлироқ, оддийроқ тарзда, халқ тилида ёйишга ҳаракат қилди.
Маълумки, шахс маънавияти энг аввало оила муҳитида шаклланади. Бугун оилада қанақа муҳит ҳукмронлик қилаётган бўлса, эртага шу оилада тарбияланаётган фарзанд бевосита ана шу муҳитнинг давомчиси сифатида улғаяди. Ўсиб келаётган ёш авлод онги ва тафаккурининг кучи шундаки, у айнан ёшлик даврида ён-атрофдан олган таассуротларини хотирасида сақлаб қолади.
Оиладаги одоб-ахлоқ нормалари, ўзаро муносабат қанчалик юксак бўлса, вояга етаётган фарзанд ҳам шунга монанд бўлади. Шу маънода оилани ҳақиқий маънавият ўчоғи, мафкуравий тарбия омили ва муҳити деб эътироф этиш мумкин. Миллий мафкурамизга хос илк тушунчалар инсон қалби ва онгига аввало оила муҳитида сингади. Бу жараён ота-боболар ўгити, она меҳри орқали амалга ошади.
Бугун биз интернет, ижтимоий тармоқлар таъсирида яшаб келаётган авлод онгини миллий жадидларимиз ғояси билан эмас, турли ахборий хуружлар таъсирида қолишини етарлича назорат қилолмаяпмиз.
Бугунги кунда ёшлар интернетга уланиб, вақтини беҳуда сарфлаш, ҳеч бир фойдасиз суҳбатлар қуриш, “йигит ва қиз танишуви” билан овора бўлиб умрини, қимматли вақтини ҳавога совуришмоқда. Вақтни исроф қилиш гуноҳ, Аъроф сурасининг 31-оятида: “У исроф қилувчиларни севмайди”, деб огоҳлантирилган.
Мутахассислар маълумотига кўра, интернет орқали тарқалаётган компьютер ўйинларининг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузлик кўринишига эга, 41 фоизи жангари (турли отишмалар ва портлашларга асосланган) ўйинларда эса қаҳрамон ўз мақсадига етишиш учун шундай зўравонлик, ёвузликни содир этади.
Ўйинларнинг 17 фоизида ана шу зўравонлик ва ёвузликнинг ўзи бош мақсад ҳисобланади. Турли жанговар, менталитетимизга мос бўлмаган, баъзан "қаҳрамонлик" – "ваҳшийлик"ка ўтиб кетадиган бу каби ўйинлар фарзандларимиз ахлоқий-эстетик тарбиясига тўғри таъсир кўрсата олади, дея олмаймиз. Бир қарашда улар оддий ўйиндек кўрингани билан зўравонлик ғоялари, ёвузлик кайфиятини уйғотиши жуда кўп салбий оқибатларга олиб келгани хусусида ҳаётий мисоллар бисёр.
Ёшлар онгига кучли таъсир этувчи ахборотлар, ёт ғоялар, жумладан, диний экстремизм ва террорчилик, миллатчилик, ирқчилик, садизмни Ғарб ҳаёт тарзига хос, ўзбек менталитетига зид одат ва кўникмаларни тарғиб этадиган, Ғарб ёшларининг кийиниши, хулқини тарғиб қилувчи мақолалар, фильмлар, мусиқаларда яққол намоён бўлади.
Юқорида келтирилган ғоялардан диёримиз равнақи – ёшларни асраш бўйича амалга ошириш лозим бўлгани энг асосий ишлардан бири, бу — миллий контентни кўпайтириш. Фарзандларимиз онгини болалигидан бошлаб тўғри шакллантириш уларни буюк боболаримиз мероси билан тарбиялаш, қолаверса уларга кўпроқ тарихни ўргатишимиз мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича турли марафон, интеллектуал тадбирлар сонини кўпайтириш керак.
Хусусан, сўнги йиллар мобайнида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан википедиянинг ўзбекча талқинини ривожлантириш учун энг яхши энциклопедиячилар ўртасида Викимарафон танлови эълон қилинди.
Википедияда ўзбек тилидаги мақолалар сонини 100 мингтага етказиш ва хорижий тилларда ҳам Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни жойлаштиришга муносиб ҳисса қўшган ёшларимизни рағбатлантириш учун 10 миллиард сўм ажратилди. Айнан шу каби тадбирларга билимли ва шижоатли волонтёр ёшларни жалб қилиш, фаолиятини рағбатлантириб бориш ёшларнинг бўш вақтини тўғри ва самарали ўтказиши учун хизмат қилади.
Бундан ташқари, ёшлар кўз олдида буюк жадидчиларимиз портретини гавдалантиришимиз учун санъат ва маданият соҳаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Инсон онгига саҳна орқали ёки бирор бир вазиятни кўрсатиб бериш орқали таъсир қилиш кучи кўпроқ ва самаралироқ бўлади.
Тарихдан маълум ва машҳур – Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур Мирзо каби туркий халқ қаҳрамонларини мультфильм кўринишида жажжи болажонларимизга кичиклигидан сингдириб боришимиз мақсадга мувофиқдир.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги глобал ўзгаришлар даврида бирлашишимиз керак. Ота-оналар, маҳалла ва оила жамияти, мактабгача таълим ва халқ таълими тизими бирлашган ҳолда муаммоларни бартараф этиш вақти келди. Бунда асосий масъулият ота-онага юклатилади, боиси, аксарият ҳолда 4-5 нафар фарзандни дунёга келтириб, уларни шахс сифатида камол топиши масаласига беэътибор бўлаётганлар сони кўпайиб бормоқда.
Бугун мактабларда таълим сифати тушиб кетган, сабаб эса ота-оналар билан боғлиқ. Чунки фарзанд дарсга бормасдан пул топишни, онасига рўзғор ишларида ёрдам беришни ўйлай бошлаган гўё... Аслида фарзанд ўз вақтида тўғри таълим ва тарбия олиши энг асосий мақсад бўлиши керак. Мазкур тамойилни тушунтириш ота-оналарнинг вазифаси.
Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.
ЎзА
- Қўшилди: 16.02.2024
- Кўришлар: 2853
- Чоп этиш