Янгиланиш феномени: мамлакатни ривожланиш босқичига олиб чиққан ислоҳотлар

Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

Сўнгги йилларда Ўзбекистон аҳоли фаровонлигини мустаҳкамлаш, адолатли ва инклюзив жамиятни барпо этиш, барқарор иқтисодий ривожланишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошираётган давлат эканлигини намоён этди. Мустаҳкам сиёсий ирода, янгиланишга интилган халқ, замонавий дунё талабларига мос ислоҳотлар – булар барчасида мамлакатимизда кечаётган янгиланиш феномени яққол кўзга ташланади. 

Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрамини нишонлаш арафасида турар эканмиз, “Янги Ўзбекистон” шунчаки шиор эмас, балки ҳақиқатга айланиб бормоқда десак, асло муболаға бўлмайди.

“Янги Ўзбекистон” тамойили замирида нафақат маъмурий ўзгаришлар, балки бутун жамиятда фикрлаш, ишлаш ва муносабатни ўзгартириш ғояси мужассам. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилдан буён амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатни янги ривожланиш босқичига олиб чиқди.

Аввало, давлат бошқаруви тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, халқ билан мулоқот қилиш маданияти йўлга қўйилди. Электрон хизматлар тизимини кенгайтириш орқали фуқароларга яқин бўлиш сиёсати қўлланилди. Ҳар бир соҳада – таълимдан тортиб соғлиқни сақлаш, иқтисод, суд-ҳуқуқ тизимигача тараққиётга интилаётган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Таълим ва соғлиқни сақлаш...

Бугунги кунда юртимизда таълим асосий устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Тарихда илк марта мактабларимиз EGRA, EGMA ва PISA халқаро тадқиқотларида иштирок этди, албатта, бу уларнинг глобал стандартларга интилишидан дарак. Таъкидлаш жоизки, мактабгача таълимни ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар мактабгача таълим муассасалари сонини 2017 йилдаги 5 211 тадан 2024 йилда 37 000 тагача ўсишини ва болаларни мактабгача таълим билан 27,7 фоиздан 76 фоизгача қамраб олишини таъминлади.

Хусусий ва хорижий университетлар фаолиятига рухсат берилди. Илмий фаолиятга имтиёзлар жорий қилинди. “Temurbeklar maktabi”, “Prezident maktablari”, ҳар бир туман ва шаҳарда Ижод ва Ихтисослашган таълим муассасалари, “IT Park” лойиҳалари ёшлар салоҳиятини ривожлантиришда катта аҳамиятга эга бўлди. 2023 йилда 10 мингдан зиёд ёшлар IT соҳасида ишга жойлашди.

Олий таълим тизимида халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши, хусусий секторнинг ривожланиши, маҳаллий олий ўқув юртларининг дунёдаги энг яхши 1000 та университет қаторига кириши, хорижда кенг кўламли амалиёт дастури ва “Эл-юрт умиди” жамғармасининг қамрови ортиши ёшларнинг имкониятларини сезиларли даражада оширди ҳамда уларнинг олий таълим билан 8,3 фоиздан 47,7 фоизгача қамраб олинишини таъминлади.

Шу билан бирга, янгиланган соғлиқни сақлаш тизимида оилавий шифокорлар институти жорий этилди. Тез ёрдамнинг етиб бориш вақти ўртача 25-30 дақиқадан 8-12 дақиқага қисқарди. Бепул дори-дармонлар сони 45 тадан 70 тага кўпайтирилди, перинатал марказларида эса неонатал реанимация бўлимлари очилди. Соғлиқни сақлаш ва овқатланишни назорат қилиш учун мобиль хизмати яратилди, mis2.ssv.uz ягона тизими орқали эса тиббиётни рақамлаштириш жараёни тезлашди.

Ижтимоий ҳимоя...

Ўзбекистонда 1 миллион 200 мингта камбағал оила рўйхати шакллантирилиб, “Онлайн маҳалла” электрон платформасига киритилди. Камбағалликни қисқартириш дастури орқали миллионлаб аҳоли ижтимоий ҳимояга олинди. 2021 йилдан бошлаб “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” каби ижтимоий дастурлар орқали аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига манзилли ёрдам кўрсатила бошланди. Ҳар бир туманда манзилли хизмат кўрсатиш мақсадида “Инсон” марказлари ташкил этилди. Тошкентда хусусий секторни ижтимоий ёрдам кўрсатишга аутсорсинг асосида жалб этиш тизими синовдан ўтказилди. 

Аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, xotin-qizlar.uz платформаси аёлларнинг муаммоларини ҳал қилиш йўлида бошланғич нуқтага айланган бўлса, “Ёшлар дафтари” лойиҳаси ёшларга амалиёт ўташ ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватланиш имконини берди.

Спорт ва маданият...

“Париж – 2024” Олимпия ўйинларидаги ғалаба – 13 та медаль ва умумжамоа ҳисобидаги 13-ўрин, МДҲ ва Марказий Осиё мамлакатлари орасидаги етакчи ўринлар алоҳида фахр ва ғурур бағишлади.

Маданият соҳаси ҳам янгиланиш даврини бошдан кечирмоқда: Ўзбекистон хорижда турли кўргазмалар орқали ўз маданиятини, бой тарихини намойиш этмоқда, қатор фильм ва мултфильмларни ишлаб чиқармоқда, миллий мусиқа ҳамда маънавий мерос қўллаб-қувватламоқда.

Иқтисодий ўсиш ва барқарорлик...

Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнларининг марказида иқтисодий либераллашув ва хусусий мулкни ҳимоя қилишга қаратилган чоралар турибди. Молия тизимида бозор механизмларини жорий этиш, солиқ ва божхона тизимини соддалаштириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ стратегиялар шакллантирилди.

Иқтисодиётни либераллаштириш ва диверсификация қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2017 йилдаги 69,6 миллиард доллардан 2024 йилда 115 миллиард долларга етди. Бунда иқтисодиёт ўсиши 6,5 фоизни ташкил этди. Аҳоли жон бошига даромадлар 3 093 долларга етди, инфляция 14,4 фоиздан 9,8 фоизга камайди, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми ўсиш суръати эса, барқарор равишда 6-7 фоизни ташкил қилди.

Бюджет янада шаффофлашди: даромадлар ҳажми 49,7 триллион сўмдан 274,4 триллион сўмгача ошди, “Очиқ бюджет” ва “Маҳалла бюджети” тизимлари жорий этилди. “Ташаббусли бюджет” дастури ўзининг ижобий натижасини берди, унга ажратилган маблағлар ҳажми 5,7 триллион сўмга етди.

Инвестиция – молиявий барқарорлик...

“Яшил иқтисодиёт”, “рақамлаштириш” ва “инновацион тадбиркорлик” тушунчалари амалиётда қўлланилиши, саноат кластерлари ва кичик бизнесни ривожлантириш, вилоятлар тараққиётига алоҳида эътибор бериш – мамлакатнинг иқтисодий суверенитетини мустаҳкамламоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун жозибадор давлатга айланди. Агар 2017 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми атиги 3,3 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб ушбу кўрсаткич деярли 35 миллиард долларгача ошди. Жумладан, ҳар йили Тошкент халқаро инвестиция форумининг ўтказилиши инвестициявий ишончнинг ёрқин тасдиғидир.

Таъкидлаш жоизки, инвестиция фаолияти натижалари автомобилсозлик саноатида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Хусусан, 2024 йилда Жиззах вилоятида BYD Chazor ва Song Plus Champion моделлари, шунингдек, “ADM Jizzakh” заводи негизида KIA Sonet бренди остида автомобиллар ишлаб чиқариш бошланди. Ушбу лойиҳалар нафақат импортни камайтиради, балки МДҲ ва Яқин Шарқ мамлакатларига экспорт учун истиқбол эшикларини ҳам очиб беради.

Асосий капиталга инвестициялар ҳажми 2017 йилдаги 72,2 триллион сўмдан 2024 йилда 493,7 триллион сўмгача – 6 баробардан зиёд ошди. Бу ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қонунчиликни такомиллаштириш, янги молиявий механизмларни, шу жумладан, ҳукумат кафолатлари, субсидиялар ва ДХШ ҳамкорлиги моделларини ишга тушириш орқали амалга оширилди.

Рақамлаштириш ва “яшил иқтисодиёт”...

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар барқарор ривожланишнинг глобал тенденциялари билан ҳамқадам бўлмоқда. “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш давлат сиёсатининг стратегик йўналишларидан бирига айланди. Кейинги икки йил ичида мамлакатда умумий қуввати 2,3 ГВт бўлган бешта қуёш ва шамол электр станцияси фойдаланишга топширилди. Бу нафақат қазиб олинадиган ёқилғига бўлган қарамликни камайтиради, балки миллионлаб фуқароларни “соф” энергия билан ҳам таъминлаш имконини беради.

2024 йилда мамлакатнинг энергия балансида қайта тикланадиган энергия улуши 16 фоизга етди, шу жумладан, гидроэнергетика – 10–12 фоиз ҳамда қуёш ва шамол энергияси – 4–6 фоизни ташкил этди. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилди: тижорат соҳаси ва аҳоли қуёш панеллари, иссиқлик изоляцияси тизимлари ва бошқа энергия тежайдиган ускуналарни ўрнатиш учун моддий рағбатлантирилди.

Шу билан бирга, иқтисодиёт ва давлат бошқарувини рақамлаштириш ҳам жадаллашиб бормоқда. Аҳоли пунктларини кенг полосали интернет билан қамраб олиш даражаси 97,5 фоизга етди, халқаро ўтказувчанлик қобилияти эса, 4200 Гбит/с гача ошди. Бу эса, ўз навбатида, онлайн хизматлар, электрон тижорат ва ақлий логистикани ривожлантириш имконини бермоқда.

Иқтисодиёт соҳасида ўнлаб янги рақамли платформалар жорий этилди. Хусусан, йўл лойиҳаларини мониторинг қилувчи “Шаффоф йўл” онлайн ахборот платформаси, темир йўл соҳасига интеграциялашган “Ягона дарча” тизими бунга яққол далилдир. Божхона қоидабузарликларини, курьерлик жўнатмаларини ҳисобга олиш ҳамда дори-дармонлар билан таъминлашни назорат қилиш бўйича хизматлар ишга туширилди.

Умуман олганда, эндигина ўттиз тўртинчи одимини ташлаётган навқирон Ўзбекистон ҳаётидаги юқорида қайд этилган ижобий ўзгаришларга оид мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. 

Эътироф этиш жоизки, мустақил Ўзбекистонимиздаги янгиланиш нафақат эҳтиёж, балки тараққиётнинг гаровига айланди. Юқорида қайд этилган бундай ўзгаришлар айнан шу янгиланиш феноменига ёрқин мисолдир. Мамлакат раҳбариятининг сиёсий иродаси, халқнинг фаол иштироки ва жамиятдаги фуқаролик онгининг юксалиши ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминламоқда. 

Барқарор келажак сари бораётган йўлда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат бугунги ҳаётни яхшиламоқда, балки эртанги авлодлар учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. 

Таъкидлаш жоиз, бу янгиланишлар нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда. Яқин йилларда бу жараёнлар ўз мевасини беради. Кучли, барқарор, адолатли ва фаровон Янги Ўзбекистон сари ишончли қадамлар ташланмоқда.

Янги Ўзбекистон, бу – фақат шиор эмас, балки аниқ дастур, режа ва амалий ҳаракатлар орқали рўёбга чиқарилаётган миллий ривожланиш модели. Янгиланиш феномени, бу – фақат ўзгаришлар эмас, балки янгича тафаккур, замонавий давлат қуришга бўлган қатъий интилиш. Бу жараёнда фуқаро – асосий иштирокчи, давлат эса хизмат кўрсатувчи механизмга айланмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон бошида инсон турган комплекс ўзгаришларнинг ноёб намунасини, унинг ривожланиши ва фаровонлигини намойиш этмоқда. 

Зеро, прагматик иқтисодий сиёсат ва ижтимоий масъулиятнинг уйғунлиги чинакам замонавий, барқарор ва адолатли давлат қиёфасини шакллантиради. Олдинда эса забт этиш лозим бўлган янгидан-янги чўққилар бор. Халқимизнинг келажакка бўлган ишончи эса, аллақачон миллий ўзлигимизнинг бир қисмига айланиб улгурди.

Элдор ТУЛЯКОВ, 

“Тараққиёт стратегияси” маркази

ижрочи директори.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech