Халқаро суд Исроилнинг Фаластин ҳудудларини босиб олишини ноқонуний деб топди. Шу муносабат билан Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Боррел Европа Иттифоқининг сиёсий йўналишини ўзгартириш имкониятини кўриб чиқишга чақирди.
Европа Иттифоқи Ҳаагадаги Халқаро суднинг Исроилнинг Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги турар жой сиёсати халқаро қонунларга зид эканлиги ҳақидаги қарорини олқишлади. Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг айтишича, суднинг Исроил Фаластин ҳудудларида мавжудлиги ноқонуний экани ҳақидаги хулосаси, умуман олганда, Брюсселнинг позициясига мос келади.
«Дунё бўйлаб халқаро ҳуқуқ бузилиши фонида биз БМТ судининг барча қарорларига, улар қандай масалалар бўйича қабул қилинганидан қатъи назар, содиқ эканлигимизни маънавий жиҳатдан яна бир бор тасдиқлашга мажбурмиз. Халқаро суд фикрини ва унинг Европа Иттифоқи сиёсати учун мумкин бўлган оқибатларини диққат билан таҳлил қилишимиз керак», деди Боррел.
«Фаластин ҳудудларини ноқонуний босиб олиш»
Халқаро суд 19 июл куни Исроилни «Фаластин ҳудудларидаги оккупациясини имкон қадар тезроқ тўхтатишга» чақирди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳукмни «нотўғри қарор» деб атади. Суд қарори мажбурий эмас, бироқ Исроилнинг Ғазо секторидаги Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати билан уруши фонида бу Исроилга босимнинг кучайишига олиб келиши мумкин, дея қайд этади AFP.
1967 йилда Исроил арабларнинг эҳтимолий тажовузидан қўрқиб, огоҳлантирувчи ҳужум бошлади ҳамда Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилни эгаллаб олди. Ўшандан бери Исроил расмийлари босиб олинган ҳудудларда яҳудий аҳоли пунктлари қурилишини қўллаб-қувватлаб келади. Ҳозирда бундай аҳоли пунктларида 400 мингга яқин исроиллик истиқомат қилади.
2005 йилда Исроил Ғазо секторини тўлиқ озод қилди. Орадан бир йил ўтиб минтақада сайловлар бўлиб ўтди ва унда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ғалаба қозонди.
Kun.uz
- Қўшилди: 22.07.2024
- Кўришлар: 1268
- Чоп этиш