Вазият тез суръатда ёмонлашмоқда. Мутахассислар бу сайёра учун жиддий оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди.
Ер атмосферасини ифлослантирувчи ва сайёрамиз исишига сабаб бўлувчи моддаларнинг концентрацияси 2023 йил якунида рекорд даражага етгани маълум бўлди. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) хабар бермоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ерда карбонат ангидрид гази жуда тез тўпланиб бормоқда. Масалан, сўнгги 20 йил ичида бу модданинг ҳаводаги миқдори 11 фоиздан ҳам кўпроққа ошган. Илгари бундай кўрсаткичлар кузатилмаган эди. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, атмосферадаги карбонат ангидриднинг ўртача концентрацияси ҳар миллионта ҳаво заррачасига 420 тага етган. Бундай кўрсаткичлар охирги марта бир неча миллион йил олдин кузатилган бўлиб, ўшанда Ердаги ўртача ҳарорат бир неча даража юқори эди.
Ҳозирги кунда ифлосланиш даражаси саноат инқилобидан олдинги даврга нисбатан 51 фоизга юқори. ЖМТ маълумотларига кўра, вазият асосан қазиб олинадиган ёқилғининг узлуксиз ва шиддатли ёндирилиши туфайли ёмонлашмоқда. Бундан ташқари, катта ўрмон ёнғинлари ҳам атмосферага сезиларли таъсир кўрсатади. Шунингдек, олимларнинг фикрича, дарахтларнинг карбонат ангидрид ютиш қобилияти пасайиб кетаётган бўлиши мумкин.
Тадқиқотчилар қисқа муддатли ифлослантирувчи моддалар концентрацияси ҳам ошаётганини аниқлади. Масалан, метан кўрсаткичи миллиард ҳаво заррачасида 1934 тани ташкил этади — бу саноатлашишдан олдинги даврга нисбатан 165 фоизга кўп. Азот оксиди миқдори ҳам ошиб бормоқда — миллиард заррачада 336,9 та, бу инсонлар қазилма ёқилғилардан фойдаланишдан олдинги даврларга нисбатан чорак баробар юқори.
Мутахассислар вазият инсонлар ҳаёти учун хавфли эканини таъкидламоқда. “Биз Париж битимининг глобал исишни саноат давригача бўлган даражадан пастроққа — 1,5 даражага яқинлаштиришга уриниш борасидаги мақсадларимизга эришадиган ҳолатда эмасмиз”, — деб таъкидлади ЖМТ.
Kun.uz
- Қўшилди: 29.10.2024
- Кўришлар: 524
- Чоп этиш