Ерларнинг деградацияга учраши, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашишни молиялаштириш зарур

Ар-Риёд шаҳрида Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси кўмагида бўлиб ўтаётган COP16 конференцияси доирасида ташкил этилган “Ерларни тиклаш ва қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш учун давлат ва хусусий молиялаштиришни жалб қилиш” молиявий сафарбарлик бўйича вазирлар мулоқотида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам раис сифатида иштирок этди.

Мулоқот UNCCD вазирлари, манфаатдор томонлар ва инвесторлар учун ерларни тиклаш ва бутун дунё бўйлаб қурғоқчиликка чидамлиликни яхшилаш бўйича трансформатив ечимларни тақдим этди. Тадбирда сўзга чиққан А.Абдуҳакимов Ўзбекистон 2030 йилгача 2 миллион гектардан ортиқ деградацияга учраган ерларни тиклаш, мамлакат стратегиясини БМТнинг ер деградациясига қарши нейтраллик бўйича мақсадларига мувофиқлаштириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун барқарор турмуш шароитини таъминлаш ниятида эканини таъкидлади. 

– Сўнгги беш йил ичида миллий ҳукумат барқарор ер бошқаруви ва ўрмонларни барпо этиш ташаббусларига миллий бюджетдан 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратди, – дейди А.Абдуҳакимов. – Бундай саъй-ҳаракатларга қарамай, бутун дунё бўйлаб молиялаштиришдаги камчиликлар сақланиб қолмоқда. Ўзбекистон халқаро молиялаштиришни самарали бошқариш қобилиятини аллақачон намоён этган. Халқаро молия институтлари билан ҳамкорлигимиз натижасида Оролбўйида ўрмонзорларни барпо этиш бўйича муваффақиятли лойиҳалар амалга оширилиб, деградацияга учраган ерлар инсон ва табиат учун фойдали экотизимларга айлантирилди. Аммо халқаро молиялаштиришга осонроқ ва тезроқ кириш орқали биз кўпроқ имкониятга эга бўламиз. Ўзбекистон бу саъй-ҳаракатларни кенгайтиришга ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик марказига айланишга тайёр. 

Шунингдек, вазир ушбу мақсадларни кенгайтириш ишончли молиялаштириш механизмлари ва инновацион ҳамкорликни талаб қилишини қайд этди. 

Вазирлар мулоқотида жаҳон иқтисодиётига йилига 10 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар келтирувчи ерларнинг деградацияси, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашга сармояларни кўпайтириш заруриятига эътибор қаратилди. Биргаликда амалга оширилган давлат-хусусий ҳамкорлик молиялаштиришдаги бўшлиқни йўқ қилиши ва барқарор ечимларни кенгайтириши мумкин. 

Шунингдек, ерларни тиклаш ва қурғоқчиликка чидамлиликка сармоя киритиш нафақат экологик мажбурият, балки оқилона иқтисодий танлов экани айтиб ўтилди. Ерни қайта тиклашга йўналтирилган ҳар бир доллар қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини оширишдан сув таъминотини яхшилаш ва иқлим ўзгаришига мослашишгача бўлган фойда келтиради. 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech