Бугун Тошкентда «Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаши» мавзусида тадбир ўтказилди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда маҳаллий ва хорижий мутахассислар, масъуллар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Унда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан, "Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ва бошқалар томонлар ўртасидаги ўзаро дўстона муносабатлар ва ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар мамлакатимиздаги ислоҳотлар билан узвийлиги ҳамда амалий натижаларга эга эканлигини қайд этди.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу галги тадбирда ҳам Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан мамлакатимизда фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтиришга қаратилган грант лойиҳалари ишга туширилгани маълум қилинди.
Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши халқаро ва Европа Иттифоқида ташкил топган фуқаролик жамияти ташкилотлари, Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятлари ва давлат ҳамкорлигидаги саъй-ҳаракатларини акс эттиради.
Тадбирда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан умумий қиймати 3,5 миллион евродан ортиқ бўлган 8 та ташаббусга ажратилган Европа Иттифоқининг маблағи мамлакатдаги фуқаролик жамияти, хусусан, аёллар ва ҳимояга муҳтож гуруҳларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилганини таъкидлади.
– Бугунги Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган лойиҳаларнинг ишга туширилиши Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаш бўйича давом этаётган ишларимизнинг бир қисмидир. Бизнинг йиллик саъй-ҳаракатларимиз ушбу муҳим ташкилотларнинг имкониятларини кенгайтириш, инклюзивлик, фаоллик ва демократияни ривожлантиришга бағишланган. Аёллар, болалар ва ҳимояга муҳтож гуруҳлар учун лойиҳаларга устувор аҳамият бериб, биз овозларни кучайтирамиз, инклюзив ривожланишни тарғиб қиламиз. Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш ва илгари суришга кўмаклашамиз. Фуқаролик жамияти ва давлат ҳамкорлигида биз демократияни гуллаб-яшнаши ва тинчликсевар жамият қуриш учун муҳим аҳамиятга эга эзгу ишларга ўз ҳиссамизни қўшамиз, – деди тадбирнинг расмий очилишида Шарлотта Адриан хоним.
Айтиб ўтилганидек, ушбу лойиҳалар Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан 2023 йилда эълон қилинган танлов натижасидир. Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган ушбу лойиҳалар 2024-2026 йилларга мўлжалланган. Улар фуқаролик жамияти ташкилотларининг инклюзив ривожланиш, гендер тенглигини тарғиб қилиш, салоҳиятни ошириш ва медиа фильмлар ишлаб чиқариш, яшил ва айланма иқтисодиёт тармоқларида аёллар ва ёшларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлар ва атроф-муҳитни тарғиб қилиш ва ҳимоя қилиш учун фуқаролик жамиятларининг имкониятларини кенгайтириш каби йўналишларда татбиқ этилади.
"Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда ушбу ташкилот ва Европа Иттифоқи ўртасида ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
– Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг изчил давом этиши ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқлари, ижтимоий тараққиёти ва қадр-қимматини юксалтиришга интилишимиз билан боғлиқ. Фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳимояга муҳтож гуруҳларнинг эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳукуматларда жавобгарлик ҳиссини ошириш ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида фуқароларнинг иштирокини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган лойиҳаларнинг ишга туширилиши умумий ҳамкорлигимизнинг яна бир бобини кўрсатиб, ижобий ўзгаришларни амалга ошириш бўйича умумий қароримизни кучайтиради, – деди Б.Бекмуродов.
Тадбирда ушбу грант лойиҳаларнинг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
- Қўшилди: 04.04.2024
- Кўришлар: 1789
- Чоп этиш