Европа Иттифоқи мактабларида инглиз тили ҳанузгача энг кўп ўргатиладиган чет тили сифатида етакчиликни сақлаб келмоқда. Бу тил нафaқат умумтаълим мактабларида, балки касб-ҳунар ўқув юртларида ҳам устувор аҳамиятга эга. Шунингдек, испан ва немис тиллари ҳам ўқув дастурларида кейинги ўринларни банд қилган. Статистик маълумотларга кўра, ЕИдаги ўрта мактаб ўқувчиларининг 60 фоизи икки ва ундан ортиқ чет тилларини мажбурий ўқув дастури асосида ўзлаштиради. Аммо ушбу кўрсаткич касб-ҳунар мактабларида анча паст — бор-йўғи 35 фоиз атрофида. Ҳар қанча рақобат мавжуд бўлмасин, Европа Иттифоқи мактабларида ҳозирча инглиз тилининг ўрни асосий бўлиб қолмоқда.
Европадаги умумтаълим мактабларида инглиз тилидан кейинги энг машҳур тил испан тили. Ундан кейин немис, француз ва италян тиллари кўп ўқитилади. Касб-ҳунар мактабларида бу ҳолат сал бошқача. Бу ерда умумтаълим мактабларидаги каби инглиз тилидан кейин испан тили эмас, негадир немис тили иккинчи ўринда туради. Ундан кейин француз ва бошқа тиллар бор.
Қизиқ жиҳати, хитой тили Европа талабалари орасида ҳали кенг тарқалмаган — жами 0,5 фоиз талабагина ушбу тилни ўрганмоқда. Хитой тилига қизиқиш кўпроқ Франция, Люксембург ва Италияда кузатилмоқда.
Чет тилларига бўлган эътибор мамлакатларга қараб фарқ қилади. Айрим давлатларда чет тилларини ўрганиш ҳаёт тарзига айланган. Масалан, Франция, Руминия, Чехия, Словакия, Эстония ва Люксембург каби давлатларда ўрта мактаб ўқувчиларининг деярли барчаси икки ёки ундан кўп тилни ўзлаштириш имкониятига эга. Бу мамлакатларда кўп тиллилик миллий сиёсат даражасига кўтарилган. Аммо Португалия, Ирландия, Испания ва Италия каби давлатларда бу кўрсаткич анча паст.
Касбга йўналтирилган таълимдаги вазият эса бошқачароқ. Руминия бу йўналишда етакчи бўлиб, касб-ҳунар мактаби ўқувчиларининг қарийб барчаси, яъни 97 фоизи икки ёки ундан ортиқ тилни ўрганмоқда. Бу борада Финляндия ва Польша ҳам яхши натижалар кўрсатган. Бироқ Мальта, Греция, Дания ва Испанияда касбий таълимда тил ўрганиш имкониятлари анча чекланган — бу ерларда икки тилни эгаллайдиган талабалар улуши деярли йўқ.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА
- Қўшилди: 31.07.2025
- Кўришлар: 344
- Чоп этиш