ЕХҲТ ПА Президенти Пиа Кауман Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди

2025 йил 29 июнь - 3 июль кунлари Португалиянинг Порту шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Парламент ассамблеяси (ПА)нинг 32-йиллик сессияси бўлиб ўтмоқда. Нуфузли анжуманда Шимолий Америка, Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидан 200 дан ортиқ парламент аъзолари иштирок этмоқда.

Мазкур сессияда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмоқда.

Делегация Ассамблеянинг очилиш маросими, ялпи йиғилишлари ҳамда қўмита мажлисларида иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросимида ЕХҲТ ПА Президенти Пиа Кауман нутқ сўзлаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатнинг халқаро майдондаги фаол иштирокига юқори баҳо берди. Шунингдек, Ўзбекистонда ўтказилган сўнгги парламент сайлови ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан халқаро стандартларга мос, ижобий баҳолангани таъкидланди.

Сессия доирасида Ўзбекистон делегациясининг ЕХҲТ ПА Бош котиби Роберто Монтелла билан учрашуви бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан ЕХҲТ ПА ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси ЕХҲТ ПАнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Фарим Каримий ва минтақа давлатлари парламентлари вакиллари иштирокидаги маслаҳатлашув учрашувида ҳам қатнашди. Учрашувда ЕХҲТ ПА доирасида Марказий Осиё мамлакатлари парламент гуруҳини тузиш, минтақавий мулоқотни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Ипак йўли гуруҳи йиғилишида ҳам иштирок этди. Йиғилишда минтақавий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шу муносабат билан делегация томонидан ушбу гуруҳ доирасида мамлакатимизда академик тадбир ўтказиш ташаббуси илгари сурилди ва бу таклифни амалий жиҳатдан ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Ўзбекистон делегациясининг ЕХҲТ Парламент ассамблеяси сессиясидаги иштироки 3 июлгача давом этади.

Н.Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech