Юксак ва самимий эҳтиром

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Макка шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефонда мулоқот қилди. Юртбошимиз муборак Ҳаж ибодатини адо этиш мақсадида Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб турган юртдошларимизнинг зиёратга тайёргарлик жараёнлари, ўзбекистонликлар учун яратилган шароитлар, уларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради.

Давлат раҳбарининг ўзбекистонлик ҳожилар ҳолидан хабар олиш учун Маккага шахсан қўнғироқ қилиши илгари ҳеч кузатилмаган эди. 

Муфтий ҳазратлари Президентнинг ҳожиларнинг ҳолидан хабар олиб, қўнғироқ қилгани барчани хурсанд қилаётгани ҳамда у кишининг салом ва тилакларини зиёратчиларга етказишини маълум қилди. Президентимизнинг юртдошларимиз қайси юртда бўлса ҳам инсон қадри эъзозланиши учун уларнинг шаъни ва ҳурмати таъминланиши зарурлигини таъкидлагани боис бу ерда зиёратчилар учун барча шароитлар ҳозирлангани, бу қулайликларни фақат ўзимизнинг зиёратчилар балки, Саудия Арабистони ҳукуматининг ҳаж ишлари масъуллари ва ўзга юрт ҳожилари эътироф этаётганини айтиб ўтди. 

Дарҳақиқат, бу йилги ҳаж мавсумига ўзгача тайёргарлик кўрилди. Айни пайтда қарийб 12 минг нафар юртдошимиз Саудия Арабистонида бўлиб турибди. Бу йил жами 15 минг 130 нафар фуқаро Ҳаж ибодатига бориши белгиланган. Уларга 300 нафар гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, ошпаз, таржимонлар ва бошқа кўмакчилар ҳамроҳлик қилади.

2024 йилдан бошлаб бир янгилик — Саудия Арабистонида бўлиб турган диний соҳа ходимлари ҳамда қори зиёратчилар томонидан Қуръони каримни хатм қилиш йўлга қўйилди. Ҳозиргача 1 минг 515 та хатм ўқилиб, юртга тинчлик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилинган. Хабарларда “Бу каби эътибор ва шароитларни арабистонлик мутасаддилар ҳам юқори баҳолаб, Ўзбекистон Президентига ҳурмат ва дуоларини изҳор этмоқдалар”, — дейилмоқда.

Ушбу эътирофлардан мамнун бўлган Президент ҳам “Ҳар куни борганларнинг мулоқоти ва таклифларини кўриб, жуда хурсанд бўляпман. Агар биз таҳлил қилсак, Мустақилликнинг биринчи йилида 12 нафар эди, ҳозир 15 мингга яқин фуқароларимиз Ҳажни адо этиб, 30 минг қўл дуо қилади”, — деди.

Телефон орқали олиб борилган суҳбат чоғида Юртбошимиз “…Энг катта мақсадим, ҳозирги таҳликали замонда маънавиятимиз, маърифатимиз, ўзлигимиз, тинчлигимиз, юртимиздаги шукроналикни ҳар бир зиёратчи келганидан кейин ўзининг кўчасида, маҳалласида янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, тарғиботчи деган бир ибора билан ўзингиз бош бўлиб, ёшларимизга тарбия нуқтаи назаридан янгича ташаббус билан келсанглар ва ташаббусларингизни бутун халқимиз қабул қилса”, — деб, мақсадларини билдирдилар.

Ўз навбатида муфтий ҳазратлари ҳам ҳожиларимиз учун яратилган имконият ва шароитлар ўта юқори даражада эканлигини таъкидлаб, мана шунча имкониятларнинг жавоби – ватанга муҳаббат билан, ватанга хизмат қилиш билан қайтарилишини ҳожилар билан келишиб олинганини, бу йилги ҳожиларимиз ватанга садоқатга тарғиботчи, ватанни севишга чақирувчи, ёшларни тарбиячиси бўлиб юртга қайтиб боришга мурожаат қабул қилинишини айтиб ўтди. Шунингдек, ҳар куни ҳожилар билан юртга қайтгандан сўнг маҳаллаларда ёшларга ватан туйғусини, юрт фаровонлигини сингдириб боришга, уларни илму маърифатга тарғиб қилишга, Ўзбекистон деган юртнинг бутун дунёга танилишига сабаб бўлган аждодларимиз ва сиз каби ватани, халқи ва ёшларини севувчи юрт раҳбарини берган Аллоҳ таолога шукроналар айтиб, ёшларни мана шундай кайфиятда тарбия қилишга келишиб олингани айтилди.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ҳеч муболағасиз ҳаж ибодати учун ҳожиларимизга кўплаб қулайликлар муҳайё қилинган. Бу шароитларни бориб, ўз кўзлари билан кўрган зиёратчилар эътироф этишади. Маблағи бўла туриб, умрида бир марта ислом фарзларидан бири бўлган ҳаж ибодатини амалга ошира олмай, армон билан бу дунёдан ўтиб кетган қанчадан-қанча аждодларимиз бўлган. Бугунги кунга келиб, ҳукуматимиз томонидан барча шароитлар мукаммал тарзда яратиб берилмоқда. Мана шунча фазилатли ишларга шахсан Юртбошининг ўзи телефон орқали ҳожилар ҳолидан хабар олиши яна бир хурсандчилик бўлди. Бундан ҳожиларимиз ва бутун мамлакатимиз аҳолиси мамнун бўлди. 

Аллоҳ таоло бизни берган неъматларига шукр айтишга буюриб, муборак каломида шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда қилишини айтади: 

Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар) ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси, 7-оят)..

Демак, Парвардигоримиз биз бандаларга берган неъматларига шукр айтсак, қадрига етсак – Аллоҳ биздан рози бўлади ва янада зиёда қилар экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Одамларга ташаккур қилмаган (инсон) Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”, деганларини имомТермизий ривоят қилганБуюк бобокалонимиз Қаффоли Шоший ўзининг машҳур “Жавоми ул-карим” китобида келтиришича, “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Неъматлар ҳақида гапиришлик шукр қилишликдир” деганлар.

Юртимизда истиқомат қилаётган барча мўмин мусулмонлар динимиз учун яратилган имкониятлардан бугунги кунда мамнун бўлиб ҳаёт кечирмоқда. Бундай неъматнинг шукронаси – ҳар бир инсон тўғри ва ҳалол бўлиб, ибодат ва савобли амалларини холис Аллоҳ таоло учун адо этиб, ўзгаларни ҳам яхшилик ва маърифатга чақирган, ёшларни одоб ва илм соҳиблари, ватанига садоқатли қилиб тарбиялашда жонбозлик кўрсатган ҳолда ҳаёт кечиришлари бўлади, иншааллоҳ.

Зайниддин домла Эшонқулов, 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

ЎзА.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech