Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Тошкентда ўтказилган “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми доирасида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби ўринбосари Юсуф Алдобей сўзга чиқиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти хусусида сўз юритди.
Унинг айтишича, форум ўтказиш ташаббуси Ўзбекистоннинг мулоқотни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурмат ва динлараро тотувликни таъминлашга содиқлигини намоён этади.
Юсуф Алдобей Ўзбекистон раҳбариятининг турли конфессиялар ўртасида очиқ ва тинч-тотув яшаш муҳитини шакллантириш борасидаги қарашларига алоҳида эътибор қаратди. У бугунги кунда “диний бағрикенгликнинг емирилиши” шароитида бундай ёндашув янада долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
ИҲТ Бош котиби ўринбосари эътиқод эркинлиги ҳамда динлар ва маданиятлар ўртасидаги уйғунлик масалалари бўйича мулоқот ва фикр алмашиш учун ушбу платформа айни муддао эканлигини баён этди.
Унинг сўзларига кўра, “бу форум ҳар бир овознинг эшитилиши учун ноёб имконият яратади”.
Шунингдек, Ю.Алдобей форум мақсадлари ИҲТнинг 2025 йилгача мўлжалланган ҳаракатлар режасига тўлиқ мос келишини, жумладан, диний эътиқод эркинлигини қўллаб-қувватлаш, мулоқот ва ҳамкорлик орқали динлараро тотувликни ривожлантириш ҳамда қабул қилинган декларацияларни амалда жорий этишни алоҳида қайд этди.
ИҲТ Бош котиби ўринбосари Тошкентдаги муҳокамалар аниқ тавсиялар ишлаб чиқилишига, самарали назорат механизмларини яратилишига ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамланишига олиб келишига ишонч билдирди.
– Ўзбекистонда ўтказилаётган ушбу мунозараларимиз келажак авлодлар учун маёқ бўлиб хизмат қилади ва ўзаро тушуниш, ҳамкорлик, тинчликни тарғиб этади, -деди у ўз нутқида.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғин СМТИ томонидан АҚШнинг “Love Your Neighbor Community” (LYNC) нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.
Ўткир Мирзо,
Рустам Назармат (сурат),
ЎзА
- Қўшилди: 11.09.2025
- Кўришлар: 131
- Чоп этиш