Аввал хабар қилинганидек, шу йил 12-13 ноябрь кунлари Швейцария пойтахти – Женева шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қийноқларга қарши қўмитасининг 68-сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.
БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси сессияси иштирокчиларига БМТнинг Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадрқимматни камситувчи турларига қарши конвенциясини бажариш бўйича Ўзбекистоннинг Бешинчи маърузаси тақдим этилди. БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси сессиясида Ўзбекистон делегацияси раҳбари кириш нутқи сўзлади.
Шу мавзуда “acca.media” веб-сайтида 13 ноябрда эълон қилинган “В ООН делегация из Узбекистана не смогла опровергнуть факты пыток заключенных” мақолада бирёқлама ёндашувга йўл қўйилган. Мақолада «Права человека в Центральной Азии» ассоциацияси президенти Надежда Атаеванинг сўзларига ҳавола қилиниб, БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси сессиясида Ўзбекистон делегацияси бошлиғи А.Саидовнинг баёнотига гўёки шубҳа билан қаралгани қайд этилган.
Ҳақиқатан олиб қаралганда эса БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг сессиясида маъруза муҳокамаси доирасида Ўзбекистон делегацияси ва Қўмита аъзолари ўртасида жонли ҳамда қизғин интерфаол мулоқот бўлиб ўтди.
Мажлисда БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси томонидан ҳаммаърузачилар Ф.Гаер (АҚШ) ва Д.Родригез-Пинзон (Колмубия), Қўмита раиси Й.Модвиг (Дания), шунингдек, БМТнинг мазкур шарnномавий органи аъзолари Э.Бельмир (Марокаш), А.Хани (Тунис), А.Рачу (Молдова), Б.Тузмухамедов (Россия) сўзга чиқдилар. Улар ижобий ва холис шарҳларини баён этиб, танқидий ва аниқлаштирувчи саволлар билан мурожаат қилдилар.
Қўмита аъзоларининг саволлари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришнинг кенг соҳаларини қамрагани ҳолда, асосан қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг шафқатсиз турларига барҳам бериш мавзусига қаратилди.
БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг аксарият аъзолари Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий жиҳатдан қайд этдилар. Қўмита аъзоларининг кўплаб саволларига атрофлича жавоблар қайтарган Ўзбекистон томонига амалий ва ишчан ёндашуви ҳамда тақдим этилган маърузанинг қамровдорлиги, мазмундорлиги ва тўла-тўкислиги учун самимий миннатдорчилик билдирилди.
Шуни ҳам маълум қиламизки, мажлис якунида БМТнинг Қийноққа қарши қўмитаси раиси Й.Модвиг Ўзбекистон делегациясига очиқ ва амалий мулоқот учун миннатдорчилик изҳор этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.11.2019
- Кўришлар: 5383
- Чоп этиш