2024 йилнинг 5 июнь куни Сенатда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилаётган қонулар ва масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Хусусан, сенаторлар ногиронлиги бўлган шахсларга бошқа фуқаролар билан тенг равишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириш имкониятини берувчи қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.
Жумладан, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун қизғин муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ушбу Қонун билан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунга ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланишга, сайлаш ва сайланишга, референдумда иштирок этишга, шунингдек, таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Мазкур Қонун инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Мажлисда сенаторлар “Маъмурий ислоҳотлар доирасида таълим соҳасида давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни ҳам кўриб чиқдилар.
Қонун олий таълим, фан ва инновациялар, мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизимини шакллантиришга, шунингдек давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган таълим хизматларининг сифатини оширишга хизмат қилади.
Мазкур Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига бир қатор республика ижро этувчи ҳокимият органларининг маъмурий ислоҳотлар доирасида трансформация қилиниши натижасида уларнинг расмий номланишини ва ваколатларини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, “Таълим тўғрисида”ги Қонунга ўрта махсус, профессионал, олий таълимни ҳамда олий таълимдан кейинги таълимни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини ташқи баҳолашнинг янги тизими жорий этилишини, кадрларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлашни, шунингдек, нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш бўйича ваколатлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўртасида тақсимланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Мажлис сўнггида Қўмитанинг тегишли қарор қабул қилинди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 06.06.2024
- Кўришлар: 1871
- Чоп этиш