Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни кун тартибига қўйди. Ушбу ғояни амалда рўёбга чиқариш учун қуйидаги 4 та муҳим вазифани бажариш талаб этилади:
биринчи вазифа – аҳолининг жамоат ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш;
иккинчи вазифа – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш;
учинчи вазифа – фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ижтимоий ҳамкорлигини ўрнатиш;
тўртинчи вазифа – давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан кучли ва самарали жамоатчилик назоратини кучайтириш.
"Мурожаатнома"даги энг муҳим креатив ташаббуслардан бири – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жамоатчилик палаталарини ташкил этишдир. Куни кеча Президентимиз шу ҳақдаги Фармонни имзолади.
Бу борада сўз юритганда, мамлакатимиз раҳбари жорий йил 11 февраль куни ушбу масалага бағишлаб мажлис ўтказганини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки ўша мажлисда айни йўналишда муҳим ташаббуслар кўтарилган.
Жамоатчилик палатаси нима учун тузилмоқда?
Президентимиз бунинг 4 та асосий сабабини кўрсатиб берди.
Биринчи сабаб: Жамоатчилик палатаси 10 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари манфаатларини ифода этиши, давлат билан фуқаролик жамияти ўртасида кўприк вазифасини бажариши зарур.
Сўнгги уч йилда Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Савдо-саноат палатаси, "Маҳалла", "Нуроний", "Ҳунарманд" каби ННТлар Ҳукумат ва Парламент даражасида бирорта муаммо бўйича жамоатчилик эшитувини ўтказиш ташаббуси билан чиқмади.
Шунинг учун:
– Жамоатчилик палатаси йирик фуқаролик жамияти институтларининг "бошини қовуштириши" керак. Янги институт ННТларнинг чинакам жамоатчилик назорати субъектларига айланиши учун кўмаклашиши даркор;
– худди шу боис энди "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва “Mening fikrim” веб-портали Жамоатчилик палатаси ҳузурида фаолият кўрсатади;
– вилоятлардаги жамоатчилик кенгашларининг ишини жонлантириш, уларга ҳар томонлама услубий кўмак бериш ҳам Жамоатчилик палатаси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Иккинчи сабаб: давлат ва жамият ҳаётига оид ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни доимий равишда таҳлил қилиб, улар бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишда ННТлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш лозим:
– Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат ноижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Парламент комиссияси фаолияти такомиллаштирилади. Масалан, фақат 2019 йилнинг ўзида Парламент комиссияси томонидан 321 та лойиҳа доирасида 37 миллиард сўм маблағ ажратилган;
– Парламент комиссияси ҳар йили фуқаролик жамияти институтларига субсидия, ижтимоий буюртма ва грантлар ажратиб келмоқда.
Учинчи сабаб: давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва тадбиркорлар иштирокидаги ижтимоий шерикликни жонлантириш керак.
Масалан, Польшада 2,5 фоиз, АҚШда эса 6 фоиз аҳоли фуқаролик жамияти соҳасида фаолият юритади. Ушбу мамлакатларда аҳолининг айни соҳадаги бандлиги чакана савдо ва ишлаб чиқаришдан кейин учинчи ўринда туради.
Ўзбекистонда ҳам юртдошларимизнинг фуқаролик жамияти соҳасидаги фаоллигини кучайтириш тақозо этилмоқда:
– Жамоатчилик палатаси қайси соҳаларда ижтимоий шериклик муносабатларини йўлга қўйиши лозимлигини аниқлаб олиш зарур. Шу мақсадда ушбу муаммоларни мунтазам таҳлил қилиб, истиқболли лойиҳаларни топиш ва илгари суриш билан шуғулланиш даркор;
– давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари билан ижтимоий шериклик муносабатларини йўлга қўйишда Жамоатчилик палатаси ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди. ННТларнинг иқтисодиёт реал секторини қўллаб-қувватлашига қаратилган тизим яратиш лозим. Тадбиркорлар томонидан ижтимоий шериклик асосида лойиҳалар амалга оширилишини таъминлаш керак;
– Жамоатчилик палатаси миллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда жамоатчилик фикрини тизимли ўрганиши, Ўзбекистоннинг демократия ва қонун устуворлигига оид халқаро индекслардаги ўрнини яхшилашга кўмак бериши лозим.
Тўртинчи сабаб: ҳозирги кунда юртимизда 10 мингдан зиёд ННТ фаолият кўрсатаётган бўлса-да, афсуски, ҳозирча уларнинг ўрни ва фаоллиги деярли сезилмаяпти. Кўплаб ННТларнинг фаолияти шунчаки расмиятчиликдан иборат бўлиб қолмоқда.
Бу соҳадаги аҳволни яхшилаш учун, авваламбор, ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда давлат органлари фаолияти устидан кучли жамоатчилик назоратини амалга ошириш лозим. Бинобарин, жамоатчилик назорати - коррупцияни йўқотишнинг энг муҳим воситаларидан биридир.
Шунингдек, жамоатчилик назоратининг "жамоатчилик эшитуви", "жамоатчилик мониторинги", "жамоатчилик экспертизаси", "жамоатчилик ташаббуси" каби янги ва таъсирчан шаклларини ҳаётимизга олиб киришимиз керак.
Бу борада бир мисол келтираман: Интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан фуқароларимиздан жами 17 мингдан ортиқ таклиф ва шарҳлар келиб тушган. Шундай бўлишига қарамай, бу таклиф ва тавсияларнинг фақат 1 минг 100 таси ёки атиги 6,5 фоизига муносабат билдирилган, холос.
Жамоатчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари нималардан иборат?
Президентимиз Фармони асосида 5 та йўналиш бўйича тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Биринчи йўналиш: ташкилий-институционал ўзгаришлар.
Жамоатчилик палатасининг таркиби тегишли тартибда шакллантирилади. Бу таркиб жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат бўлади.
Жамоатчилик палатасининг 18 нафар аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жамият ривожи, ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятни ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон илм-фани, спорти, маданияти, иқтисодиёти ривожи, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга катта ҳисса қўшган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари орасидан тайинланади.
Жамоатчилик палатасининг 18 нафар аъзоси республика миқёсида фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари (Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган чет эл нодавлат нотижорат ташкилотлари ваколатхоналари ва филиаллари бундан мустасно), оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари тақдим этган номзодлар орасидан танлов асосида Жамоатчилик палатаси қарорига асосан аъзо этиб қабул қилинади.
Жамоатчилик палатасининг 14 нафар аъзоси ҳудудий жамоатчилик палаталари вакиллари бўлиб, улар лавозими бўйича ҳудудий жамоатчилик палаталари раислари ҳисобланади.
Ҳудудий жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 21 нафар аъзодан иборат бўлади. Ҳудудий жамоатчилик палаталари таркиби жамоатчилик форумларида тавсия этилган ҳудудларда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакилларидан шакллантирилади.
Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади. Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзоларининг ваколат муддати Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг биринчи умумий йиғилишлари ўтказилган кундан бошлаб, 3 йил этиб белгиланади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази тугатилади.
Иккинчи йўналиш: Жамоатчилик палатаси фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш.
Бу ҳуқуқий асослар негизида аввало мазкур Фармон туради. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади ва қабул қилинади. Бундан ташқари “Жамоатчилик назорати тўғрисида” ва “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар ҳамда ННТ тўғрисидаги кодекс ушбу соҳа фаолиятининг ҳуқуқий асосларини ташкил этади.
Президентимиз таъкидлаганидек, "Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш керак. Жамоатчилик маъқул деса – маъқул, номаъқул деса – номаъқул бўлади".
Учинчи йўналиш: жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва фуқаролар фаоллигини кучайтириш.
Бундан буён Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашларида Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари томонидан жамоатчилик учун долзарб бўлган масалалар юзасидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлил натижаларини ҳар чоракда кўриб чиқиш амалиёти жорий этилади.
Шу билан бирга, Жамоатчилик палатаси ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тақдим этади.
Тўртинчи йўналиш: ижтимоий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш.
Бу ўринда давлат – бизнес – ННТ ижтимоий ҳамкорлиги ҳақида сўз бормоқда. Давлат ҳокимияти ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз фаолиятини нодавлат нотижорат ташкилотларининг мустақиллиги ва улар фаолиятига аралашмаслик принципларига қатъий риоя қилган ҳолда Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари билан ўзаро яқин ҳамкорликда амалга оширади.
Бешинчи йўналиш: халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг амалий ва самарали ҳамкорлигини йўлга қўйишга ёрдам беради ҳамда мазкур масала бўйича жамоатчилик эшитувлари ташкил этилади. Жамоатчилик палатаси Ўзбекистоннинг демократия ва қонун устуворлигига оид халқаро индекслардаги ўрнини яхшилашга ҳам кўмаклашади.
Айниқса, “халқ дипломатияси” институтини ривожлантириш, жумладан, мамлакат ташқи сиёсатининг устувор вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш, унинг нуфузли халқаро рейтингларда эгаллаган ўрнини яхшилашда фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳамда хориждаги ватандошлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш, нодавлат нотижорат ташкилотларига халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда ёрдам кўрсатиш ишлари тубдан янгича талаблар асосида йўлга қўйилади.
Шундай қилиб, Президентимизнинг мазкур Фармони Ўзбекистонда давлат, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий шаклдаги тизимли ҳамда самарали мулоқотини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг ижтимоий манфаатлари келишилишини таъминлашга қаратилгани билан ғоятда долзарб ва аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, "Биз янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этамиз, деган улуғвор мақсадни ўз олдимизга қўйганмиз". Шундай экан, ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда фуқароларимизнинг янада фаол, янада ташаббускор бўлишига эришмоғимиз лозим.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари
- Қўшилди: 19.04.2020
- Кўришлар: 4181
- Чоп этиш